ФУТБОЛ НАЗАРИЯСИ ВА УСЛУБИЯТИ КАФЕДРАСИ
Футбол назарияси ва услубияти кафедраси
1966 йилда ташкил топган, унгача эса футбол мутахассислиги Спорт ўйинлари кафедраси таркибида бўлган. Кафедрага педагогика фанлари номзоди, доцент Г.М. Сергеев фаол иштирок этган 1966 йилдан 1979 йилгачамудирлик қилган. 1979 йилдан 1987 йилгача кафедрани педагогика фанлари номзоди, профессор Р.А. Акрамов бошқариб келган. 1987 йилдан 2018 йилгача кафедрани педагогика фанлари номзоди, профессор Р.И. Нуримов бошқарган. 2018-2019 йилларда кафедрага педагогика фанлари номзоди, доцент Ш.У. Абидов раҳбарлик қилган бўлса, 2019-2020 ўқув йилида кафедра яна профессор Р.И. Нуримов бошқарувига ўтади. Жорий ўқув йилидан кафедрага доцент Ш.У. Абидов раҳбарлик қилмоқда. Ўттиз йилдан буён футбол соҳасида фаолият юритиб келаётган, юзлаб шогирдлар тайёрлаган, бугун шогирдлари мамлакатимизнинг турли жабҳаларида юрт равнақи йўлида меҳнат қилаётган кафедрада фаолияти изчил тарзда йўлга қўйилган.
Кафедрада фаолияти давомида И.А. Кошбахтиев, Р.А. Акрамов, Г.М. Сергеев, Р.И. Нуримов, Ш.Т. Исеев, А.И. Талипджанов, О.Б. Садиков, О.А. Қурбонов, О. Атаев, Ш.У. Абидов, Н.М. Юсупов, С.Р. Давлетмуродов, А.А. Артиков, Ф.Р. Маҳамаджанов, Д.К. Исмагиловлар фан доктори ва номзоди, профессор, доцент илмий даражаларига эришди.
Ҳозирги кунда ҳам кафедра аъзоларидан О.Бектуров, А.Т. Шермухамедов, М.Р. Йўлдошев, И.А. Максумов, О. Р. Игамбердиевлар PhD ҳамда А.А. Артиқов DcS докторлик диссертациялари устида қизғин иш олиб боришмоқда. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий” фахрий унвонига кафедрада меҳнат қилаётган Р.А. Акрамов, А.И. Талипджановлар, спорт усталигига эса Ш. Шукурова, Р. Мелзиддинов, О. Дачев ва Р. Курязовлар эга бўлишган.
Кафедранинг фаолияти давомида шу кунгача профессор-ўқитувчилар томонидан 9 та дарслик ва 7 та ўқув қўлланмалар, 60 га яқин услубий қўлланма ва тавсияномалар ҳамда 700 дан ортиқ илмий мақола ва тезислар чоп этилган.
Футбол назарияси ва услубияти кафедраси Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Жиззах давлат педагогика институти, Гулистон давлат университети, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академияси, Чирчиқ ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати, П.Ф. Лесгафт номидаги Санкт-Петербург жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик миллий университети ҳамда Белорусь давлат жисмоний тарбия университети билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Ҳамкорлик доирасида доимий тарзда футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаларига, супер ҳамда биринчи лига жамоаларига, шунингдек, болалар ва ўсмирлар жамоаларига илмий-услубий ёрдам кўрсатиб келади.
Кафедра битирувчилардан М. Қосимов, И. Шквирин, Ш. Мақсудов, А. Фёдоров, Ф. Магомедов, С. Лебедев, Р. Дўрмоновлар талабаларга тез-тез маҳорат дарсларини ҳам ўтишади.Кафедра талабаларидан Б. Эргашев, В. Давронов, Д. Турсунов, И. Қобилов, О. Ҳамробеков, Р. Ашурматов, А. Комилов, Ж. Яхшибоев, Д. Нарзуллаев, Д. Машарипов, И. Алибоев, Д. Ҳамдамов ҳамда З. Ўринбоевлар 2018 йил 9-28 январь кунлари Хитойда ўтган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида терма жамоа таркибида ғолибликни тантана қилишган. Ёдингизда бўлса, ўша чемпионатнинг қор-бўронли финалида майдонда тўп сурган Одилжон Ҳамробеков “Энг яхши ўйинчи” номинациясини қўлга киритган. Кафедра талабаларидан ташкил топган футбол бўйича терма жамоаси 2004, 2007, 2010, 2013 ва 2016 йиллари талабалар ўртасида ўтказилган Универсиада спорт ўйинларининг футбол бўйича ғолиби бўлишган. Кафедра битирувчиларидан Р. Эрматов, А. Расулов, В. Ковалёв, Н. Лутфулин, Б. Хайдаров, В. Цейтлин ҳозирги кунда халқаро тоифадаги ҳакамлар ҳисобланади. Футбол назарияси ва услубияти кафедрасининг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида халқаро тоифадаги ҳакамлар Р. Эрматов ҳамда А. Расуловлар талабаларга дарс ҳам бермоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |