I боб. МАМЛАКАТ ЭКСПОРТ САЛОҲИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ
1.1. Ташқи иқтисодий фаолият ва унинг мамлакат
экспорт салоҳиятини оширишдаги роли
Ташқи иқтисодий фаолият миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминловчи асосий омиллардан бири бўлиб ҳисобланади.
Бундай фаолиятни амалга ошириш натижасида мамлакатлар ўз иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини самарадорлигини ошириш, миллий иқтисодиётларини жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини жадаллаштириш имкониятига эга бўладилар.
Ҳозирги пайтда мамлакатнинг ижтимоий – иқтисодий тараққиётини хорижий мамлакатлар билан турли соҳаларда ҳамкорликсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш ва такомиллаштиришда жаҳон иқтисодий тизимидаги рақобатнинг кучайиши, ўзаро ҳисоб – китоб ва транспорт алоқаларининг мураккаблашуви, керакли тажрибанинг камлиги, юқори малакали мутахассис кадрларнинг етишмаслиги масаласига алоҳида эътибор қаратиш ва ушбу масалаларни ҳал этиш чора – тадбирларини кўриш керак бўлади. Ташқи иқтисодий фаолият одатда турли соҳаларда амалга оширилади. Лекин уларнинг орасида энг муҳими ташқи савдо соҳасида амалга ошириладиган фаолият ҳисобланади.
Шу ўринда “Божхона иши” ўқув қўлланмаси муаллифларининг фикрларини келтириб ўтиш жоиздир. Уларнинг фикрича, дунё хўжалигининг 20 аср охирларидаги фаолиятини ўзига хос хусусиятларидан бири – давлатлар ўртасидаги халқаро иқтисодий муносабатларни янада ривожланиши ва такомиллашишидир4.
Бундай шароитда ҳар бир давлат ташқи иқтисодий фаолиятни миллий иқтисодиётни ҳар томонлама ривожлантириш, дунё хўжалигига интеграциялашув жараёнларига қўшилишни ҳар томонлама ўйлаган ҳолда ташкил этишга қаратади. Ўқув қўлланма муаллифларининг таъкидлашича, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишнинг асосий шаклларидан бири ташқи савдо ҳисобланади. Ташқи савдонинг муҳим элементлари бўлган экспорт ва импорт жараёнларини амалга оширишда давлатнинг роли муҳим бўлиб, у асосан савдо сиёсатини амалга ошириш ва ташқи савдони тартибга солиш чора тадбирини ишлаб чиқаришга, қўллашга қаратилган бўлади. Бу чора-тадбирлар дунё хўжалигида маълум устуворликларга эришишга қаратилган бўлади. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ташқи савдони тартибга солиш бир томонлама, икки томонлама ёки кўп томонлама амалга оширилади.
Ташқи савдони бир томонлама амалга оширишда давлат томонидан ишлаб чиқилган чора тадбирлар савдо бўйича шерик давлатлар билан келишилмасдан ва улар билан маслаҳатлашмаган ҳолда қўлланилади.
Одатда бирон бир давлат томонидан амалга оширилаётган бир томонлама чора тадбирлар, бошқа давлатлар томонидан худди шундай тартибда қабул қилинган чора тадбирларни қарама қарши ҳолда қўллашга олиб келади. Бу эса ўз навбатида савдо бўйича шерик давлатлар ўртасида сиёсий зиддиятларнинг пайдо бўлишига олиб келади.
Икки томонлама, яъни савдо сиёсати чоралари ўзаро шерик бўлган давлатлар ўртасида келишган ҳолда амалга оширилади.
Кўп томонлама, яъни давлатларни савдо сиёсатини келишилган ҳолда, кўп томонлама шартномалар асосида амалга оширилади. Давлатни халқаро савдо жараёнларига аралашуви даражасига кўра, Халқаро Савдо сиёсати протекционистик савдо сиёсатига ҳамда эркин савдо сиёсатига бўлинади. Эркин савдо- давлатни ташқи савдо жараёнларига аралашувини камайиши, яъни ташқи савдони эркин бозор талаби ва таклифига асосан ривожланишдир.
Протекционистик – тариф ва нотариф усулларни қўллаш орқали ички бозорни хорижлик рақобатчилардан ҳимоя қилишга қаратилган давлат сиёсатидир5.
Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йилларида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда зарурий институтларга ва етарли малакали мутахассисларга, самарали ўрнатилган алоқаларга эга бўлмаганлиги боис ўз ташқи иқтисодий сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қийинчиликларга дуч келди. Босқичма босқич амалга оширилган эркинлаштириш натижасида Ўзбекистон ташқи савдо режими халқаро амалиёт меъёрларига ва талабларига яқинлашиб борди: лицензиялаштириладиган товарлар рўйхати қисқарди; миқдорий чеклашлар борган сари тарифлар асосида тартибга солинмоқда. Эркин конвертация қилинган валюта ўзи ишлаб чиқарган рақобатдош тайёр маҳсулотларни экспорт қилувчи корхоналар учун шунингдек хорижий инвестицияларни ишлаб чиқариш соҳаси айниқса катта экспорт салоҳиятига эга бўлган тармоқларга жалб қилишни рағбатлантирувчи имтиёзлар тизими узлуксиз равишда такомиллашиб бормоқда.
Жаҳон хўжалик тизимига интеграциялашув шароитида мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш учун қуйидагиларни амалга ошириш керак:
- экспортнинг оптимал таркибини шакллантириш. Унинг таркибида тайёр юқори технологик, илмталаб маҳсулотлар ва юқори сифатли хизматларнинг улушини кескин ошириш чора – тадбирларини кўриш лозим;
- мамлакатнинг мавжуд рақобат устунлиги имкониятларидан фойдаланиб, миллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини экспорт қилишнинг янги, истиқболли бозорларини ўзлаштириш; уларда муваффақият қозониш учун халқаро маркетингстратегияларини амалга ошириш; ишлаб чиқариш кооперациясини, лизингни ривожлантириш;
- хорижий давлатлар уларнинг савдо – иқтисодий ташкилотлари, уюшма ва иттифоқлари билан ўзаро муносабатларда қулай имтиёзли савдо режимларига эришиш;
- мамлакат корхоналарига экспорт ва импорт қилувчи сифатида халқаро замонавий машина, техника ва технологиялар, асбоб – ускуналар, ахборот ва капитал бозорларига чиқишлари, транспорт коммуникацияларидан фойдаланишлари учун шароитлар яратишга кўмаклашиш;
- кредитор мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар ҳамда қарздор давлатлар билан бўладиган ўзаро валюта, молиявий муаммоларни тартибга солиш.
Давлат мамлакатнинг миллий манфаатларини таъминлаш учун ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солади. Давлатнинг ташқи иқтисодий фаолиятини тартибга солиш механизми иқтисодий ва ҳуқуқий – маъмурий усуллардан иборат.
Иқтисодий тартибга солиш усуллари божхона пошлина (тўлов)лари, йиғимлари, қўшилган қиймат солиғи, акцизлардан иборат.
Ҳуқуқий – маъмурий усуллар лицензиялаш, квоталаш, товар сифатини сертификациялаш, айрим товарлар экспорти ва импортига давлат монополиясини ўрнатиш, шунингдек, божхона чегаралари орқали товарлар, капитал ва хизматларнинг ўтиб туриши билан боғлиқ ташкилий – ҳуқуқий ва ташкилий – техник чора – тадбирларни ўз ичига олади.
Мамлакатнинг экспорт ва импорти билан боғлиқ миллий манфаатлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун самарали ва мослашувчан экспорт назорати тизимини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Экспорт назорати асосида экспорт шартномаларининг халқаро мажбуриятларга, мамлакат иқтисодий хавфсизлиги талабларига мослиги таъминланади.
Шунингдек, мамлакат иқтисодий хавфсизлиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган товар ва технологиялар экспорти лицензиялаштирилади. Ушбу назорат асосида бирон – бир стратегик аҳамиятга эга бўлган маҳсулотни экспорт қилиш ман қилинса, ундан мамлакат ичида фойдаланиш имкониятлари яратилиши тақозо этилади.
Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларининг илк давридаёқ республикада ташқи иқтисодий фаолиятни бошқаришнинг ўзига хос тизимини зудлик билан шакллантирилди, ташқи иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш борасида қоидалар ишлаб чиқилди, Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодий тизимига қўшилиш йўлларини мустақил равишда белгилаш чоралари кўрилди.
Мустақиллик йилларида республиканинг ташқи сиёсатини йўлга қўйишнинг асосий тамойиллари ишлаб чиқилди ва изчил амалга оширилди6.
Республика биринчи Президенти И. Каримовнинг “Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида” номли асарида республика кўп томонлама халқаро иқтисодий ҳамкорлик ташкилотлари фаолиятида қатнашаётганлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотнинг иқтисодий муассаслари, Жаҳон банки, Халқаро Валюта фонди, халқаро молия корпорацияси, Иқтисодий тараққиётга кўмаклашувчи ташкилот, халқаро меҳнат ташкилоти каби ва бошқа обрў-эътиболи халқаро молиявий – иқтисодий ташкилотларга аъзо бўлиб кирганлиги ва уларда фаол сиёсат ўтказа бошлаганлиги айтиб ўтилган эди. Ушбу асарда ташқи савдо билан бир қаторда ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа шакллари ҳам сезиларли даражада кучайиб бораётганлиги таъкидланган эди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида ташқи алоқаларни кенгайтириш, республиканинг экспорт имкониятларини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида бутун ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш учун ҳуқуқий негизларни яратиб берган асосий қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
“Ташқи иқтисодий фаолиятда божхона тўловлари” номли ўқув қўлланма муаллифларининг таъкидлашларича, “ташқи иқтисодий алоқалар - иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва фаолиятнинг бошқа соҳаларида давлат ва унинг субъектлари халқаро ҳамкорлигининг хилма хил шакллари тизимидир”7.
Ўқув қўлланма муаллифлари фикрича “халқаро меҳнат тақсимоти, ишлаб чиқариш ва фанни ихтисослаштириш, хўжалик хаётини байналминаллаштириш жараёнидан объектив равишда келиб чиқадиган ташқи иқтисодий алоқаларнинг шаклланиши ва ривожланиши алоҳида олинган мамлакатларнинг ўзаро алоқалари ва бир бирига боғлиқлигининг кучайиши билан белгиланади”8.
“Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолияти тўғрисида”ги Қонунида ташқи иқтисодий фаолиятга “Ўзбекистон Республикаси давлат идораларининг, юридик ва жисмоний шахсларининг хорижий давлатлар, уларнинг юридик ва жисмоний шахслари, халқаро ташкилотлар билан ўзаро фойдали ҳамкорлик ўрнатишга, бундай ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган жами амалий ҳаракатлари”, деб таъриф берилган.
Давлатнинг ташқи иқтисодий алоқалари турли соҳаларда: ташқи савдо, фан техника, ишлаб чиқариш, инвестиция, валюта молия ва кредит, ахборот, маданият ва спорт турлари, меҳнат ресурсларини олиб ўтишдан ўрнатилади. Ташқи иқтисодий алақаларнинг ана шу турларини қуйидаги шаклларга бирлаштириш мумкин: савдо (товарларни айирбошлаш, хизматлар кўрсатиш), қўшма тадбиркорлик, ҳамкорликнинг бошқа турлари. Улар халқаро иқтисодий муносабатлар амалиётида айниқса кенг тарқалган.
Ташқи иқтисодий фаолият ташқи савдога асосланади, чунки бундай фаолият туфайли мамлакатлар ўз ишлаб чиқариш ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имкониятига эга бўлади.
Ташқи иқтисодий сиёсат давлатнинг ташқи иқтисодий алоқаларини тартибга солиш ва ишлаб чиқариш омилларининг халқаро тақсимланишида мамлакат иштирокини мақбуллаштириш режимини белгилашга доир бир мақсадга йўналтирилган фаолиятдир. Ташқи иқтисодий сиёсатнинг асосий таркибий қисмлари ташқи савдо сиёсати (экспорт ва импорт сиёсатини ўз ичига олади), чет эл инвестицияларини жалб этиш ва хориждаги миллий сармоя қўйилмаларини тартибга солиш соҳасидаги сиёсат, валюта сиёсатидир. Бундан ташқари, алоҳида олинган давлатлар ва минтақалар билан ташқи иқтисодий операцияларни географик жиҳатдан мувозанатлаштириш вазифалари ҳам ташқи иқтисодий сиёсатни ҳал этадики, бу хол мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқдир.
Ташқи иқтисодий сиёсат ташқи иқтисодий фаолиятни ҳам тартибга солади. Кўпчилик давлатларда мавжуд бўлган ташқи иқтисодий сиёсат воситаларининг кенг доираси уларга ўз ташқи иқтисодий алоқалари таркибини ва уларн ривожлантириш йўналишларини шакллантиришга ҳам, бошқа мамлакатларнинг ташқи иқтисодий алоқалари ва ташқи иқтисодий сиёсатига ҳам фаол таъсир кўрсатиш имконини беради. Ташқи иқтисодий сиёсат воситаларининг ушбу доирасини савдо сиёсий механизм сифатида таърифлаш мумкин.
Самарали ташқи иқтисодий сиёсатни шакллантириш учун унинг асосий тамойилларини аниқ ва равшан белгилаш лозим. Чунончи, ташқи иқтисодий сиёсатда ТИФ қатнашчиларининг хатти ҳаракатларини иқтисодий ҳуқуқий тартибга солишга асосий ўрин ажратилади, токи умуммиллий манфаатларга жавоб берсин.
Бозор муносабатларига ва мулкчилик шаклларининг хилма хиллигига ўтиш, мулкчилик шаклларидан қатъий назар барча корхоналарга ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилган шароитда Ўзбекистонда давлат монополиясидан ва у билан боғлиқ давлатнинг тартибга солиш шаклларидан воз кечилди. Ҳозиги шароитда давлатнинг бош вазифаси бозор қоидаларига мос ҳолда жаҳон хўжалигига интеграциялашиш сиёсатини изчиллик билан амалга оширишдир.
Мустақилликка эришгандан сўнг, Ўзбекистон ўзининг манфаатларидан келиб чиқиб, мустақил ташқи иқтисодий сиёсатни ўтказиш имкониятига эга бўлди, шу сабабли, ташқи алоқаларни миллий хўжаликни ривожлантириш эҳтиёжларига мувофиқлаштириш ва ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига ўтиш, жаҳон ҳамжамияти мамлакатларининг ўсиб бораётган ўзаро боғлиқлигини ҳисобга олган холда интеграциядаш жараёнларини ривожлантириш вазифаси қўйилди. Ҳукумат жаҳон хўжалиги ва бозорига нисбатан миллий иқтисодиётнинг янада очиқ бўлишига йўналтирилган чора тадбирларни амалга оширишга киришди. Бироқ, Ўзбекистон Республикасининг жаҳон хўжалик алоқаларига тўғридан тўғри, бевосита кириш жараёни “катта сакраш” кўринишида амалга оширилиши мумкин эмас. Бу жараён босқичма босқич, объектив таркибий шарт шароитлар етилишига қараб ва бутун хўжалик механизмини, хусусан унинг ташқи иқтисодий секторини ислоҳ қилиш билан ривожланиб боради.
Ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштиришнинг дастлабки босқичларида бир қатор энг муҳим масалаларни хал этган меъёрий база ишлаб чиқилди ва амалиётга киритилди. Биринчидан, корхоналарнинг ташқи бозорга мустақил чиқиш ҳуқуқи қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди. Иккинчидан, ташқи бозорларга чиқиш шартлари мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун бир хил қилиб белгиланди.
Айни пайтда давлат пахта, ипак, олтин ва умумдавлат экспорт ресурсларини ташкил этадиган бошқа товарлар экспортига доир мутлақ ҳуқуқни сақлаб қолди. Ташқи иқтисодий фаолият унинг қаттиқ назорати остида бўлди, экспорт импорт операцияларининг катта қисми бўйича тарифли ва нотариф тартибга солиш чоралари қўлланди. Етарлича қисқа муддатларда таркибий қайта қуриш вазифаларини ҳал этиш имконини берган, экспорт тушумини давлат қўлида марказлаштириш мамлакат валюта респурслари устидан маъмурий назоратни талаб этди.
Бир қатор стратегик ресурслар импортини ўрнини босишга доир қатъий чоралар кўрилиши мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигини анчагина ошириш билан бирга ташқи иқтисодий алоқаларни ҳақиқатда эркинлаштириш учун шарт шароитлар яратиш имконини ҳам берди. Ҳақақатан ҳам, 90 йиллар бошида нефть маҳсулотлари, буғдой ва хаказолар импортига сарфларган юзлаб миллион доллар маблағ мамлактнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш ва унинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришга ишлатила бошлади.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий сиёсати мустақилликнинг дастлабки босқичларида қуйидаги вазифаларни ҳал этишга қаратилди:
Экспорт импорт операцияларини марказлаштиришдан чиқариш;
Давлат эҳтиёжлари учун товарлар экспорти ва импорти устидан назоратни кучайтириш;
Давлат учун стратегик муҳим ҳисобланмайдиган товарлар экспортини соддалаштириш;
Стратегик муҳим товарлар экспортидан олинган валюта тушуми устидан назоратни кучайтириш;
Давлат сиёсатининг барча чораларини қўллаб чет эл инвестициялари жалб этилишини ва экспорт салоҳиятини ривожлантиришни рағбатлантириш;
Шу тариқа бозор иқтисодиётига ўтишнинг мураккаб шароитларида жаҳон бозорларига чиқишни эркинлаштириш ва протекционизм чора тадбирлари чамбарчас боғлиқ ҳолда амалга оширилди.
Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг негизида тўртта асосий қоида ётади:
Ташқи иқтисодий фаолиятда қатнашишга қобил тармоқлар ва минтақаларни ривожлантириш сиёсатини ишлаб чиқадиган давлатнинг ўзгартирувчилик фаолияти, шу жумладан, мазкур фаолиятнинг божхона механизми ва чет эл инвестициялари учун қулай режим;
Мамлакат хўжалик юритувчи субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини асосан бир марталик ташқи иқтисодий битимлардан ташқи бозорларни ушлаб туриш ва кенгайтиришга узоқ муддатли йўналтирилган, улар умумий хўжалик фаолиятининг доимий ва узвий қисми сифатида ташқи иқтисодий фаолиятга йўналтириш;
Ташқи иқтисодий фаолият функцияларини хокимият шаҳобчалари, республика ва ҳудудий бошқарув органлари ҳамда тармоқ қоидалари ўртасида аниқ тақсимлаш;
Жаҳон бозорларида республика экспортчилари учун қулай шароитларни яратиш мамлакат ташқи сиёсатининг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолиши зарурлиги.
Do'stlaringiz bilan baham: |