транспорт-экспедиторлик хизмати – юкни жўнатиш ва олиш жараёнини ташкил қилиш, шунингдек, транспорт экспедицияси шартномасига мувофиқ юк ташишга даҳлдор бўлган бошқа ишларни бажариш билан боғлиқ транспорт хизматининг тури;
экспедитор – транспорт-экспедиторлик хизматини кўрсатиш юзасдан тузилган шартномага мувофиқ темир йўл транспорти орқали юкларни ташиш ишлари мажмуининг бажарилишини ташкил этиш билан шуғулланувчи юридик шахс;
ташиш мосламалари – юкни маҳкамлаш ва унинг бутун ҳаракатланиш йўлида бутлигини таъминлаш учун мўлжалланган кўп марта фойдаланиладиган мосламалар ва қурилмалар. Ташиш мосламалари жумласига тагликлар, кассеталар, строплар, турникетлар, турникет қурилмалар, қалқонсимон тўсиқлар, брезентлар, пирамидалар, кўп айлантириб ўраладиган маҳкамлаш воситалари: боғловлар, тортқичлар, скобалар, устунлар, қистирмалар ва ҳ.к. киради.
4. Темир йўл транспорти корхоналари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар – юк жўнатувчилар, юк олувчилар юкларни ташиш чоғида давлатнинг иқтисодий манфаатларига қатъий риоя қилишлари, ташиладиган юклар ҳажми истиқболининг умуман ва юкнинг ҳар бир тури бўйича тўлиқ ва бир маромда бажарилишини, ҳаракатдаги таркибдан оқилона фойдаланишни, поездлар ҳаракатининг хавфсизлигини, темир йўл вагон паркининг бутлигини ва ташиладиган юкларнинг бутлигини таъминлашлари шарт.
5. Қурилаётган темир йўл линияларида юкларни ташиш ушбу линиялар доимий фойдаланишга топширилгунга қадар темир йўл томонидан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган қоидалар бўйича амалга оширилади.
6. Юкларни, йўловчиларни ва багажни халқаро темир йўл орқали ташиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро битимлари (шартномалари) асосида амалга оширилади.
II боб.
ЮК ХЎЖАЛИГИ. ЙЎЛОВЧИЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ҚУРИЛМАЛАРИ
7. Темир йўл тегишли операцияларни амалга ошириш учун очиқ бўлган темир йўл станциялари оралиғида юкларни, йўловчиларни, багажни ва почтани ташишни амалга оширади. Темир йўл станциялари вагонлаб ва майда жўнатмаларда, контейнерларда юкларни қабул қилиш, юклаш, тушириш ва топшириш бўйича операцияларни, шунингдек, йўловчилар, багаж ва юк-багажни ташиш билан боғлиқ операцияларни амалга оширади. Темир йўл станциялари ўзининг техник жиҳозларига мос равишда барча ёки айрим операцияларни амалга ошириш учун очилиши мумкин. Муайян операциялар учун очиқ бўлган темир йўл станцияларининг рўйхати темир йўл раҳбарияти томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади ва Тариф қўлланмасида чоп этилади.
8. Ташиш ҳужжатларини расмийлаштириш ва юк ташиш тўловларини ундириш учун темир йўл станцияларида товар идоралари ёки кассалари, багаж ва чипта кассалари ташкил этилади. Товар идоралари ва кассаларида юкларни, багажни ва юк-багажни қабул қилиш ва топширишнинг, шунингдек, йўл ҳужжатларини (чипталарни) сотишнинг асосий қоидалари осиб қўйилган бўлиши керак. Зарур ҳолларда темир йўл станцияларида маълумот бюроси ташкил этилади.
Товар идоралари ва кассалар, юк саройлари (ҳудудлар), контейнер терминаллари, омборхоналар ва хоказоларнинг иш вақти юк жўнатувчилар, юк олувчилар ва йўловчиларга мақбул хизмат кўрсатилишини, шунингдек, вагонлар, контейнерлардан оқилона фойдаланилиш таъминланишни ҳисобга олган ҳолда темир йўл тегишли бўлинмасининг раҳбари томонидан белгиланади.
Темир йўл станцияларини барча ёки айрим операцияларни бажариш учун очиш ва ёпиш темир йўл томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
9. Темир йўлда юклар, йўловчилар, багаж, юк-багаж ва почтани ташиш Ўзбекистон Республикаси темир йўли ҳамда бошқа давлатлар темир йўллари инвентарь паркининг вагонларида ва контейнерларида, ташкилотлар ва жисмоний шахсларнинг хусусий вагонларида ва контейнерларида, шунингдек, ташкилотлар ёки жисмоний шахслар томонидан ижарага олинган вагонларда ва контейнерларда амалга оширилади.
Темир йўл транспортида юклар, йўловчилар, багаж, юк-багаж ва почтани ташиш учун мўлжалланган вагонлар ва контейнерлар, уларнинг кимга тегишлилигидан қатъи назар, темир йўл ташувларининг хавфсизлигини назорат қилувчи ваколатланган давлат органи томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикасининг темир йўлларидан техник фойдаланиш қоидаларининг талабларига жавоб бериши керак.
10. Юкларни ортиш ва тушириш темир йўлнинг тасарруфида бўлган (умумий фойдаланишдаги жойларда) станция омборхоналари ва майдончаларида ҳам, ташкилотлар ва жисмоний шахсларнинг тасарруфида бўлган (умумий фойдаланишда бўлмаган жойларда) темир йўл бўйидаги омборхоналар, майдончалар ва бошқа пунктларда ҳам амалга оширилади.
11. Юклар ташувларини амалга ошириш ва юк операцияларини бажариш учун темир йўл станциялари ўз ихтисослашувига мувофиқ тегишли тарзда жиҳозланган иншоотлар ва қурилмаларга эга бўлиши керак.
Алоҳида юкларнинг ташувлари бўйича катта ҳажмдаги операцияларни амалга оширувчи темир йўл станциялари ва темир йўл корхоналари ушбу юкларни ортиш ва тушириш учун машиналарга, мосламаларга, инвентарга (сочма юкларни қабул қилиш ва бериш учун махсус платформалар ва майдончаларга, контейнерларни юклаш ва тушириш учун майдончалар ва машиналарга, қорамолларни ортиш платформаларига ёки майдончаларига, суғориш пунктларига, дезинфекция-ювиш қурилмаларига, изотермик вагонларни таъминлаш учун қурилмалар ва ҳоказоларга) эга бўлиши лозим.
Темир йўл станцияларидаги, шунингдек, темир йўл вагонларини ортиш ва тушириш билан шуғулланувчи темир йўл корхоналаридаги юк хўжалигининг барча иншоотлари ва қурилмалари, ўз қуввати ва ўтказиш қобилиятига кўра юклар ташувининг белгиланган ҳажми бажарилишини, уларнинг бут сақланишини, ҳаракатдаги таркибга ўз вақтида ишлов берилишини, юкларни ортиш ва тушириш бўйича операцияларнинг белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлашлари керак.
12. Умумий фойдаланишдаги жойларда бажариладиган катта ҳажмдаги операцияларни амалга оширувчи темир йўл станцияларида юк саройлари (ҳудудлари) ташкил этилади. Юк саройлари (ҳудудлари)ни ободонлаштириш ва сақлаб туришни темир йўл корхонаси таъминлайди.
Юк саройлари (ҳудудлари)нинг майдонлари ва уларга бориш йўллари автомобиль транспортининг хавфсиз ва тўсқинликсиз ҳаракатини таъминлаши лозим, шунингдек, девор билан ўралган ва ёритилган бўлиши керак.
Юк саройлари (ҳудудлари)нинг майдонларига бориш йўлларини ободонлаштириш ва сақлаб туришни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари таъминлайди.
13. Темир йўл зарур ҳолларда темир йўл станцияларида сочма, оғир вазнли ва бошқа юкларни қабул қилиш, ортиш, тушириш ва топшириш учун ихтисослаштирилган пунктларни (эстакадлар, механизацияланган омборхоналар, контейнер майдончалари, платформалар ва б.) ташкил қилади, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда ортиш ва туширишни алоҳида темир йўл станцияларида амалга ошириши мумкин.
14. Темир йўл тармоқланиш жойидаги бўш турган ер участкаларини Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган шартномалар асосида, ундан тўланадиган барча солиқларни, шунингдек, ушбу участкаларни сақлаб туриш харажатларини темир йўлфойдасига ундириш шарти билан юкларни жойлаш, шунингдек, бориш йўлларининг туташувини ва бошқа иншоотларни қуриш учун ташкилотлар ва жисмоний шахсларга вақтинчалик фойдаланишга бериши мумкин.
15. Ташиладиган юклар ва багажнинг оғирлигини ўлчаш учун вагон, товар (стационар ва кўчма), электрон, автомобиль ва элеватор тарозилар қўлланилади.
Умумий фойдаланишдаги жойлардаги темир йўл, шунингдек, умумий фойдаланишда бўлмаган жойлардаги юк жўнатувчилар ва юк олувчилар зарур миқдорда тарозилар ва тарози асбобларига эга бўлишлари лозим.
16. Тарозилар ва тарози асбоблари белгиланган тартибда давлат кўригидан ўтказилиши ва тамғаланиши шарт.
Юкларнинг носоз тарозиларда, шунингдек, кўрик ва тамғалаш муддати ўтиб кетган тарозиларда тортилишига рухсат этилмайди.
Темир йўл умумий фойдаланишда бўлмаган жойларда юк жўнатувчилар ва юк олувчиларнинг юк оғирлигини ўлчаш учун мўлжалланган тарозиларини тузилган шартномалар асосида техник хизмати кўрсатиш (техник назорат, таъмирлаш, назорат кўриги) учун қабул қилиши мумкин.
17. Йўловчилар, багаж ва юк-багаж ташувлари бўйича операцияларни бажариш учун очиқ бўлган темир йўл станциялари ушбу операцияларнинг бажарилишини таъминловчи талабларга мос келиши керак.
Вокзалда (темир йўл станциясининг йўловчилар учун мўлжалланган хонасида), йўловчи поездида йўловчиларнинг шикоятлари ва таклифлари китоби бўлиши шарт. Шикоятлар ва таклифлар китоби биринчи талабга кўра берилиши керак. Йўловчиларнинг шикоятлари ва таклифлари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқилади.
Вокзаллар чипта кассаларига, шунингдек ташувларнинг ҳажмига қараб, багажни, юк-багажни қабул қилиш ва бериш хоналарига, қўл юкини сақлаш камераларига, кутиш залларига, транзит йўловчилар учун дам олиш хоналарига, болали йўловчилар учун мўлжалланган залларга, она ва бола хонасига, ресторанлар ва буфетларга, йўловчиларга санитария-гигиеник хизмат кўрсатиш хоналарига, шунингдек, бевосита йўловчиларга хизмат кўрсатувчи шахслар учун хизмат хоналарига эга бўлиши керак.
Темир йўл станцияларидаги йўловчи поездларни қабул қилиш ва жўнатишнинг ҳар бир йўлида йўловчиларни хавфсиз ўтқазиш, тушириш ва уларнинг ўтиши учун, шунингдек, зарур ҳолларда йўловчи поездлар тўхташ пунктларида айвонлар ёки павильонлар, чипта кассалари ва пиёдалар учун ер ости йўллари ёки кўприкларга эга бўлган платформалар қурилади.
Вокзал олдидаги майдонлар ободонлаштирилган бўлиши ва пиёдалар ҳамда шаҳар транспортининг қулай ва хавфсиз ҳаракатланиши талабларига жавоб бериши зарур.
Вокзал олдидаги майдонларни ободонлаштириш вазифаси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |