VI БОБ
ШАХОБЧА ТЕМИР ЙЎЛКАЛАРИ
75. Шахобча темир йуллари сирасига узлуксиз рельсли йўл орқали умумий темир йўл тармоғи билан боғланган, алоҳида юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган йўллар киради. Ташкилот ва жисмоний шахсларнинг мулки бўлган шахобча темир йўлкалари идоравий ёки темир йўлга тегишли бўлиши мумкин.
76. Одатда, шахобча темир йўлкалари бошқа турдаги транспорт воситаларида ташиш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳолларда қурилади.
Шахобча темир йўлкаларининг умумий темир йўлга бирикиши учун темир йўл раҳбари ёки унинг топшириғига биноан темир йўлининг минтақавий бўлими бошлиғи томонидан рухсат берилади.
Шахобча темир йўлкаларининг, шунингдек, вагон ва контейнерларга юклаш, уларни бўшатиш ва тозалаш учун мўлжалланган қурилмаларнинг қурилиши ва реконструкцияси темир йўл билан келишилган лойиҳага кўра амалга оширилади.
Технологик юк ташишлар билан боғлиқ бўлмаган янги қурилган идоравий шахобча темир йўлкалари шартномалар асосида ёки Ўзбёкистон Республикаси Президенти, Ўзбёкистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг қарорларига биноан темир йўлга техник хизмат кўрсатилиши учун белгиланган тартибда темир йўл эгалигига ўтказилиши мумкин.
Шахобча темир йўлкаларининг йўл қурилмалари ва техник иншоотларининг конструкцияси ва ҳолати барча турдаги вагонларнинг, шунингдек умумий фойдаланишдаги темир йўлда ҳаракатланадиган катта юк ташувчи вагонларнинг, ҳаракатлана олишини таъминлаши лозим, темир йўлкаларига темир йўл локомотивлари томонидан хизмат кўрсатилганда эса – темир йўл томонидан шу мақсадда ажратилган локомотивларнинг ҳаракатлана олишини таъминлаши лозим.
77. Мавжуд бўлган идоравий шахобча темир йўлкаларида юк ташиш ҳажмининг ортиши билан боғлиқ равишда темир йўл станцияларининг йўл соҳаси ривожланиши темир йўл маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Идоравий шахобча темир йўлкасининг бирикиши натижасида юзага келган қўшилиш жойларидаги янги пост ва тарқалиш жойлари, шунингдек уларнинг асбоб-ускуналари ва қўшилиш милларининг ўрнатилиши тегишли ташкилот ва жисмоний шахсларнинг ашёлари ва маблағлари ҳисобидан темир йўл томонидан амалга оширилади.
Мавжуд бўлган темир йўли станцияларининг ривожлантириш, шунингдек, янги қурилган идоравий шахобча темир йўлканинг бирикиши натижасида юзага келган янги темир йўл станцияларини қуриш билан боғлиқ ишлар тегишли ташкилотларнинг шахобча темир йўлка қурилиши лойиҳалари ва сметаларида кўзда тутилган бўлиши керак ва уларнинг ҳисобидан олиб борилиши керак.
Мавжуд бўлган темир йўлга тегишли шахобча темир йўлда ташкилот ёки жисмоний шахснинг талабига биноан мавжуд шохобча темир йулида кушимча шохобча темир йулларининг курилиши темир йўл билан келишилган лойиҳага кўра, ташкилот ва жисмоний шахснинг ҳисобидан амалга оширилади.
78. Лойиҳага кўра қурилиш ишлари амалга оширилганидан сўнг бу шахобча темир йўлкаси ишлатишга топширилиб ва темир йўли томонидан шахобча темир йўлга хизмат кўрсатиш тартиби ўрнатилгандан сўнг янги қурилган шахобча темир йўлининг доимий ишлатиш учун очилишига ва бу йўлга ҳаракатланадиган таркиб берилишига рухсат этилади.
Шахобча темир йўлнинг қурилиши давомида бу йўлларга вагон берилиши темир йўлнинг минтақавий бўлими ҳамда қурилиш ишларини олиб бораётган ва юк, ҳаракатланадиган таркибнинг сақланиши, унинг вақтида қайтарилиши ва ҳаракат хавфсизлиги учун жавобгар бўлган ташкилот, жисмоний шахс ўртасида тузилган вақтинчалик келишув шартларига кўра амалга оширилади.
Ҳар бир шахобча темир йўлкаси учун мажбурий тартибда қуйидаги ҳужжатлар расмийлаштирилиши шарт: техник паспорт, шахобча йўлкасининг режаси, узунасига кесими ва сунъий иншоотларнинг чизмалари.
79. Йўлнинг ривожланиши, шахобча темир йўлкаларининг иншоотлари ва қурилмалари юк ташиш ҳажмига мос ҳолда узлуксиз ортиш ва тушириш ишларини, маневр ишларини, шунингдек вагон, контейнер ва локомотивларнинг окилона ишлатилишини таъминлаши лозим.
80. Темир йўлнинг умумий тармоғига чиқувчи идоравий шахобча темир йўлкалар, шунингдек ташкилот ва жисмоний шахсларнинг локомотив ва вагонлари Ўзбёкистон Республикаси темир йўлдан техник фойдаланиш Қоидаларининг талабларига ҳар томонлама мувофиқ бўлиши шарт.
Бирикувчи темир йўл станциясига ташкилотга тегишли локомотивнинг чиқиш тартиби темир йўлнинг минтақавий бўлими раҳбари томонидан ўрнатилади.
81. Темир йўлда поездларнинг ҳаракати ва маневр ишлари билан шуғулланувчи идоравий шахобча темир йўлкаларининг ходимлари темир йўлининг ўз ходимлари учун белгилаган тартиб ва муддатларда Ўзбёкистон Республикаси темир йўлдан техник фойдаланиш Қоидалари, поездларнинг ҳаракати ва сигнализацияга оид йўриқномалари юзасидан билимлари бўйича имтиҳон топширадилар, очиқ ҳаракатланадиган таркибда юклаш ва юкларнинг маҳкамланишига раҳбарлик қилиш учун ажратилган ходимлар эса - юк ортишнинг Техник шартлари бўйича билимлари юзасидан имтиҳон топширадилар.
Идоравий шахобча темир йўлкаларининг поездларнинг ҳаракати ва маневр ишлари билан боғлиқ бўлган бошқа ходимлари ташкилот раҳбари томонидан тайинланган имтиҳон комиссиясига имтиҳон топширадилар.
Имтиҳондан ўта олмаган шахслар ишга қўйилмайдилар.
Идоравий шахобча темир йўлкаларининг ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида имтиҳон топширганликлари ҳақидаги белгиланган намунадаги гувоҳномаларни ўзлари билан олиб юришлари ва темир йўл станцияси навбатчисининг ёки станция (маневр) диспетчерининг фармойишларини аниқ бажаришлари шарт.
82. Темир йўл станциясининг бошлиғига ёки унинг топшириғига биноан темир йўл станциясининг бошқа ходимларига, шунингдек инспектор (тафтишчиларга) идоравий шахобча темир йўлкасида ҳаракат хавфсизлиги ва темир йўл хўжалигининг ҳолатини текшириш хуқуқи берилади.
Шахобча темир йўлкасида ҳаракат хавфсизлигини бузиши мумкин бўлган камчиликлар аниқланганда темир йўл станциясининг бошлиғи ёки ҳаракат хавфсизлиги инспекторининг (тафтишчисининг) фармойишига биноан камчилик бартараф этилгунга қадар бу йўлга вагон бериш тўхтатилади.
83. Идоравий шахобча темир йўлкаси бўлган ташкилот ва жисмоний шахслар билан темир йўл орасидаги муносабатлар шахобча темир йўлкасини ишлатиш шартномаси билан тартибга солинади.
Ташкилот ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган шахобча темир йўлкаларига вагонлар бериш ва йиғиштириб олиш, шунингдек маневр ишлари уларга тегишли локомотивлар ёрдамида бажарилади.
Ташкилот ва жисмоний шахсларнинг ўзларига тегишли локомотивлари бўлмаган тақдирда шахобча темир йўлкаларига вагон бериш ва йиғиштириб олишв ва маневр ишлари темир йўл локомотивлари ёрдамида белгиланган тўлов асосида амалга оширилади.
Идоравий шахобча темир йўлкаларига вагон бериш ва йиғиштириб олиш, шунингдек вагон ва контейнерларнинг айланма муддатлари шахобча темир йўлкасидан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома билан ўрнатилади.
84. Вагон ва контейнерларнинг шахобча темир йўлкаларида бўлиш вақтининг хисоби рақамли усул билан амалга оширилади.
85. Бошқа бир ташкилот ёки жисмоний шахснинг идоравий шахобча темир йўлкаси чегараларида ўз омборлари ёки бу йўлга қўшилган идоравий шахобча темир йўлкасии бўлган котрагентлар, яъни ташкилот ва жисмоний шахсларга вагон бериш ва йиғиштириб олиш бўйича хизмат кўрсатиш тартиби бевосита контрагент ва идоравий шахобча темир йўлкаси ёки локомотив тегишли бўлган ташкилот ёхуд жисмоний шахс ўртасида тузилган шартнома билан белгиланади. Контрагентларда вагоннинг туриб қолиши учун темир йўл олдидаги жавобгарлик идоравий шахобча темир йўлкаси ёки локомотив тегишли бўлган ташкилот ёки жисмоний шахсга юкланади.
Идоравий шахобча темир йўлкасига темир йўл локомотиви хизмат кўрсатганда темир йўл ва контрагент ўртасида вагон бериш ва йиғиштирб олиш бўйича шартнома тузилади ва барча ҳисоб-китоблар бевосита улар ўртасида олиб борилади.
Идоравий шахобча темир йўлкасининг эскириши ва бу йўлнинг контрагент томонидан таъмирланиши ва сақланиши билан боғлиқ бўлган тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар барча ҳолларда бевосита идоравий шахобча темир йўлига тегишли бўлган ташкилот ёки жисмоний шахс ва контрагент ўртасида амалга оширилади.
86. Рельс олди омборлари ва шахобча темир йўлкаларда темир йўлга тегишли бўлган ортиш-тушириш майдончаларига эга бўлган ташкилот ёки жисмоний шахс билан темир йўлнинг муносабатлари вагон бериш ва йиғиштариб олиш тўғрисидаги шартнома билан тартибга солинади.
Темир йўлнинг шахобча темир йўлкаларига вагон бериш ва йиғиштириб олиш, шунингдек маневр ишларини темир йўл локомотивлари билан белгланган ҳақ эвазига амалга оширилади.
Темир йўлга тегишли бўлган шахобча темир йўлкаларининг сақланиши ва жорий таъмири темир йўлнинг воситалари билан ва унинг ҳисобидан амалга оширилади. Ташкилот ёки жисмоний шахс ҳудуди чегарасида, ҳамда юклаш ва бўшатиш фронтлари олдида йўлларнинг ахлат ва қордан тозаланиши, шунингдек, ёруғлик мосламаларининг ўрнатилиши, ташкилот ёки жисмоний шахснинг воситалари билан ва унинг ҳисобидан амалга оширилади.
87. Шахобча темир йўлкасидан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома ва вагон бериш ва йиғиштириб олиш тўғрисидаги шартнома замонавий техник меёрлар ва воситаларнинг қўлланишига асосланган шахобча темир йўлкаси ишининг технологияси ва бирикиши темир йўл станцияси ишининг технологиясини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.
Вагон беришларнинг сонини ҳамда улар орасидаги интервалларни аниқлашда ортиш ва тушириш фронтини ва вагон беришдаги энг кўп вагон сонини ҳисобга олиш лозим.
Ортиш ва тушириш фронти бир турдаги юкларни бир вақтда ортилиши ёки туширилишида фойдаланиш мумкин бўлган омбор йўлининг фойдали узунлигида жойлашган вагонларнинг сони билан белгиланади.
Доимий юк айланмаси мавжуд бўлган корхоналарда ортиш ва тушириш механизациялаштирилган бўлиши керак. Механизациялаш воситалар танлови техник-иқтисодий мақсадга мувофиқликдан келиб чиқиб амалга оширилади.
Механизациялашган ортиш ва тушириш фронти механизмларнинг сонидан ва қайта ишлаш қоилиятидан келиб чиқиб белгиланади.
Бир суткада бир ёки бир неча йўналишларнинг жўнатилиши ёки кириб келиши ҳолатида йўналишларни ортиш ва тушириш фронти 2-3 марта вагон берилганда ортиш ёки бўшатиш учун мосланган бўлиши даркор.
88. Темир йўл локомотиви билан хизмат кўрсатилаётганда ортиш ёки тушириш остидаги вагонларнинг туриб қолиш вақти ортиш ёки тушириш жойига вагон ҳақиқатда берилган пайтдан бошлаб темир йўл станцияси томонидан ташкилот ёки жисмоний шахсдан вагоннинг олиб кетилишга тайёр эканлиги ҳақида хабар олунгунгача бўлган вақт оралиғида ҳисобланади.
Вагон бериш ва йиғиштириб олиш темир йўл локомотиви ёрдамида амалга оширилганда шахобча темир йўлкалардаги ортиш ва тушириш жойларидан вагоннинг олиб кетилиши ёки вагоннинг қабул қилиниши темир йўлнинг айби билан 15 дақиқадан ортиқ вақтга тўхтаб қолса, темир йўл юк жўнатувчига, юкни қабул қилувчига ёки шахобча темир йўлкаининг эгасига мазкур Уставнинг 132 бандида кўзда тутилган миқдорда жарима тўлайди. Ушбу жарима тегишли шартномада назарда тутилган вагонни олиб кетиш муддати тугаган пайтдан бошлаб ҳисобланади.
Ташкилот ёки жисмоний шахсларнинг локомотивлари хизмат кўрсатадиган идоравий шахобча темир йўлкаларда вагонларнинг туриб қолиш вақти вагонлар олиб чиқиш йўлкаларига ўтказилган пайтидан бошлаб ҳисобланади.
Қабул қилиб олиш ва топшириш операцияларини амалга ошириш жойи ва тартиби шахобча темир йўлкасидан фойдалниш тўғрисидаги шартнома билан ўрнатилади. Қабул қилиб олиш ва топшириш операцияларининг вақт меёри битта вагон учун 1 дақиқадан, берилаётган вагонлар партияси учун эса 30 дақиқадан ошмаслиги керак.
Идоравий шахобча темир йўлкаларда, шунингдек, ташкилот ёки жисмоний шахснинг ҳудудида ва темир йўлга тегишли шахобча темир йўлкаларининг ортиш ва тушириш фронтларининг олдидаги юкланган ва бўш вагонларни қўриқлаш ташкилот ёки жисмоний шахснинг воситалари билан ва унинг ҳисобидан амалга оширилади.
Ташкилот ёки жисмоний шахс томонидан Ўзбёкистон Республикаси темир йўлининг умумтармоқ инвентарь паркига тегишли вагонларни, бошқа давлатлартемир йўлга тегишли вагонларни ўз ички юк ташувлари ва юкларни сақлаш учун ишлатиш, шунингдек темир йўлнинг рухсатисиз бу вагонларни ортиш учун банд қилиш тақиқланади.
89. Ташкилот ёки жисмоний шахсга тегишли идоравий шахобча темир йўлкасдан темир йўл ташкилот ёки жисмоний шахснинг розилиги билан маневр ишларини бажариш, ҳаракатланадиган таркибни қўйиб туриш ва бошқа мақсадларда фойдаланиши мумкин, ташкилот ёки жисмоний шахснинг ҳудудида жойлашган шахобча йўлкасининг темир йўлга тегишли қисмидан эса уларни олдиндан хабардар этиб фойдаланиши мумкин.
90. Шахобча темир йўлкасидан фойдаланиш шартномаси ва вагонларни бериш ва йиғиштириб олиш бўйича шартнома 5 йил муддатга имзоланади. Темир йўл станцияси ёки шахобча темир йўлкасининг техник жихозланиши ёки иш технологияси ўзгарган ҳолларда, томонлардан бирининг талабига биноан шартноманинг амал қилиш муддати тугашидан олдин шартноманинг баъзи бандлари ёки шартнома тўлиқ ҳолда қайта кўриб чиқилиши мумкин. Темир йўл қуйидаги ҳолларда шарномани бир тономлама бекор қилишга ҳақли: шахобча темир йўлкасининг эгаси томонидан ҳаракат хавфсизлиги, темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркиби ва юкнинг сақланиш қоидалари муттасил тарзда бузилганда, ёки темир йўл томонидан кўрсатган хизматлар учун дебиторлик қарздорлик мавжуд бўлган ҳолларда.
Шахобча темир йўликасидан фойдаланиш шартномаси ва вагонларни бериш ва йиғиштириб олиш шартномаси имзоланади:
юк айланмаси бир суткада 50 вагонгача бўлганда – темир йўлнинг минтақавий бўлими раҳбари ва ташкилот раҳбари;
юк айланмаси бир суткада 50 вагондан ортиқ бўлганда — темир йўл раҳбари (ёки унинг топшириғига биноан темир йўлнинг минтақавий бўлими раҳбари) ва ташкилот раҳбари.
Ташкилот ёки жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган темир йўл тизимига тегишли бўлмаган транспорт бирлашмалари мавжуд бўлган ҳолларда шахобча темир йўлидан фойдаланиш шартномаси темир йўл ва ана шу бирлашмалар ўртасида тузилиши мумкин.
Шахобча темир йўлкасиидан фойдаланиш шартномаси ва вагонларни бериш ва йиғиштириб олиш шартномасида вагонлар айланмасининг тезлигини таъминловчи тадбирлар ва бу тадбирларни амалга ошириш муддатлари кўзда тутилиши керак.
Шахобча темир йўлкасидан фойдаланиш шартномаси ва вагонларни бериш ва йиғиштириб олиш си бўйича келишмовчиликлар қуйидагича кўриб чиқилиб, ҳал қилинади:
юк айланмаси бир суткада ўртача 50 вагонгача бўлган шахобча темир йўлкалари бўйича — темир йўлнинг минтақавий бўлими раҳбари ва ташкилот раҳбари томонидан;
юк айланмаси бир суткада ўртача 50 вагондан ортиқ бўлган шахобча темир йўллар бўйича— темир йўл раҳбари ва ташкилот раҳбари томонидан.
Юқорида баён қилинган шартномалар бўйича томонлар ўртасида мунозарали масалалар вужудга келса, иш Хўжалик суди орқали ҳал этилади. Суд қарори олингунга қадар эса бу масалалар аввалги шартнома шартларига мувофиқ тартибга солинади.
Ҳаракат хавфсизлигининг таъминланиши бўйича мунозарали масалалар темир йўлда юк ташувларнинг хавфсизлигини назорат қилувчи ваколатли Давлат органи томонидан белгиланган тартибда ҳал қилинади.
91. Мавжуд бўлган шахобча темир йўлкаларига янги қурилаётган шахобча темир йўлкаларининг бирикишига қуйидаги ҳолларда рухсат берилади:
темир йўлга тегишли бўлган шахобча темир йўлкалар учун — темир йўли раҳбарининг рухсати билан;
идоравий шахобча темир йўлкаларга — темир йўли раҳбарининг, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоранинг, ташкилот ёки жисмоний шахснинг рухсати билан.
Do'stlaringiz bilan baham: |