VII БОБ
БОШҚА ТУРДАГИ ТРАНСПОРТ ИШТИРОКИДА БЕВОСИТА АРАЛАШ ЙУНАЛИШ
92. Зарурият туғилганда темир йўл бошқа турдаги транспорт воситаларининг — автоуловлар, дарё ва ҳаво транспорти иштирокида темир йўл-автоулов, темир йўл-сув, шунингдек темир йўл-ҳаво транспорти аралаш йуналиши тизими ташкил қилиб, юк ташишни амалга ошириши мумкин.
Бевосита аралаш йўналишларида юк ташиш бутун йўналиш учун тузилган ягона транспорт юк ташиш ҳужжатига асосан амалга оширилади.
Уюлган ва қуйилган усулда ташиладиган юклар, шунингдек тез айнийдиган ва хавфли юклар бевосита аралаш йўналишларда ташиш учун қабул қилинмайди.
93. Бевосита аралаш йўналишларда юкларни ташиш Низомнинг мазкур боби ва темир йўл ҳамда тегишли транспорт идоралари томонидан тасдиқланадиган юк ташиш Қоидаларига асосан амалга оширилади.
Бевосита аралаш йўналишларда юкларни ташишнинг Низомнинг мазкур боби ва юк ташиш Қоидаларида кўзда тутилмаган қисмида тегишли транспорт турида юк ташишни тартибга солувчи низом, кодекс, қоида ва тарифларнинг меёрлари қўлланилади.
94. Бевосита аралаш йўналишларда юкларни ташиш қуйидагилар орқали амалга оширилади:
а) рўйхати темир йўл томонидан белгиланадиган юк ташиш операцияларини амалга ошириш учун очиқ темир йўл станциялари орқали;
б) рўйхати тегишли транспорт идоралари томонидан белгиланадиган дарё портлари, аэропортлар ва автостациялар орқали.
VIII БОБ
ЙЎЛОВЧИЛАРНИ, БАГАЖНИ ВА ПОЧТАНИ ТАШИШ
95. Йўловчиларни ва почтани ташувчи ҳамда хизмат кўрсатувчи темир йўл ва корхоналар аҳолининг йўловчиларни ташишга бўлган эҳтиёжини, темир йўл транспортидан фойдаланишда йўловчиларнинг хавфсизлигини, йўловчилар учун зару қулайликларни, вокзал ва поездларда уларга маданий хизмат кўрсатилишини, йўловчилар багажининг вақтида ташилиши ва бутлигини таъминлашлари зарур.
Бу мақсадда темир йўл барча йўловчи поездларининг қатьиян жадвалга кўра ҳаракатланишини таъминлаши лозим. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган йўловчи вагонлари, вокзаллар ва бошқа иншоотлар йўловчи ва багажларни ташиш билан шуғулланувчи корхоналар томонидан намунали техник ҳолатда ва тозаликда тутилиши, талаб этилган йўловчи ташиш ҳажмининг бажарилишини таъминланиши шарт.
Вокзал ва йўловчи поездларида, қоидага кўра, йўловчилар учун озиқ- овқат махсулотлари савдосини ташкил этиш даркор.
96. Йўловчи ташувчи поездлар қуйидагиларга бўлинади:
а) ҳаракат тезлига боғлиқ ҳолда — тезюрар ва йўловчи;
б) йўналиш масофасига боғлиқ ҳолда — узоққа юрувчи, маҳаллий ва шаҳар атрофида юрувчи.
97. Вокзал хоналарида йўловчилар эътиборига йўловчи поездларнинг жўнаб кетиш ва келиш жадваллари, йўловчиларни ва багажни ташиш баҳоси кўрсатилган жадваллар, чипта ва багаж кассаларининг иш соатлари ҳақидаги, поездларда бўш ўринларнинг мавжудлиги ҳақидаги, шикоят ва таклифлар дафтарининг қаерда жойлашганлиги ҳақидаги эълонлар, вокзал хоналарининг жойлашувини кўрсатувчи шартли белгилар осилган бўлиши керак.
98. Йўловчини темир йўл транспортида ташиш шартномасига кўра, темир йўл ҳамда йўловчиларга хизмат кўрсатувчи корхона йўловчини ва унинг багажини харид қилинган йўл ҳужжати (чипта) асосида поезддан жой тақдим этган ҳолда белгиланган жойга элтиб қўйиш мажбуриятини олади, йўловчи эса йўл ҳақини, багажни топширганда эса багажни ташиш учун белгиланган тарифда хақ тўлаш мажбуриятини олади.
Ҳар бир йўловчида поездда юриш учун тегишли йўл ҳужжати (чипта) бўлиши шарт. Темир йўл йўловчига унинг кўрсатган йўловчи ташиш операциясини бажариш учун очиқ темир йўл станциясигача йўл ҳужжати (чипта) нинг сотилишини таъминлаши керак.
Чипталар ва бошқа йўл ҳужжатларининг шакли, уларни сотиш ва фойдаланиш тартиби, амал қилиш муддати, шунингдек Темир йўл бўйича ҳаракатланиш қоидалари йўловчилар, багаж ва юк-багажни ташиш Қоидалари билан тартибга солинади.
99. Темир йўл қуйидаги ҳолларда темир йўл ҳужжати (чипта) нинг амал қилиш муддатини узайтиришга мажбур:
а) йўловчига поезддан жой берилмаганда (шаҳар атрофида ҳарактланувчи поездлардан ташқари)— йўловчига жой бериладиган кейинги поезднинг жўнаб кетишигача бўлган вақтга;
б) бошқа поездга кўчиб ўтиш жойларига келишилган поездлар кечикиб қолганда — транзит йўловчи ўз йўлини давом эттира олиш имконияти туғилгунга қадар бўлган вақтга;
в) йўловчи кетаётган йўлида касалга чалинганда — даволаш муассасасининг тегишли ҳужжати билан тасдиқланган бутун касаллик муддатига;
г) йўловчи йўлда тўхташи ҳолларида — 10 суткадан кўп бўлмаган муддатга.
100. Шаҳар атрофида ҳаракатланиш участкаларида бир сафарлик чипта билан биргаликда қуйидагиларни сотиш амалга оширилиши керак:
а) йўловчининг белгиланган станциягача етиб олиши ва дастлаб жўнаб кетган станциясига, чипта берилган кунни ҳамда умумий дам олиш ва байрам кунларини ҳисобга олмаган ҳолда, бир сутка ичида қайтиб келиш ҳуқуқини берувчи орқага қайтиш чиптаси;
б) номи кўрсатилган абонемент чипталар (амал қилиш муддати ичида келиб кетишлар сонини чекланмаган ҳолда)
101. Йўл ҳужжатлари (чипталар) ни сотиш қуйидагича амалга оширилади:
а) олдиндан чипта сотиш кассаларида — поезд жўнаб кетишидан кўпи билан 45 сутка олдин;
б) йўловчи поездларини ва бошқа поездга кўчиб ўтилмайдиган вагонларни шакллантириш ва айланмасини таъминлаш темир йўл станцияларининг кассаларида— поезд жўнаб кетишидан 24 соат олдин;
в) оралиқ темир йўл станқияларида — поездда бўш жойларнинг борлиги ҳақида маълумот олинган пайтдан бошлаб, аммо поезд етиб келишидан 1 соатдан кечиктирилмаган ҳолда.
Шаҳар атофида ҳаракатланувчи поездларга йўловчи йўл ҳужжати (чипта) сотиш вақти шаҳар атрофида ҳаракатланувчи поездларнинг ҳаракат жадвалини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
Бошқа поездга ўтириш жойларида тегишли поездда мавжуд бўлган бўш ўринларни олиш учун транзит йўловчилар имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.
102. Темир йўл вокзалларидаги юк сақлаш камералари йўловчиларнинг қўл юкини уларда йўл ҳужжатлари мавжудлигидан қатъий назар қабул қиладилар.
Юк сақлаш камераларига тез алангаланувчи моддалар ва йўловчилар, багаж ва юк-багажни ташиш Қоидалари рўйхатида назарда тутилган бошқа хавфли буюмларни топшириш ва қабул қилиш ман этилади.
Қўл юкини сақлаш камераларининг иш тартиби, поездларнинг ҳаракат жадвали ва маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
103. Йўловчи қуйидагиларга хақли:
а) бўш жой бўлган тақдирда исталган поезд ёки исталган вагонга йўловчи операциялари учун очиқ ва йўловчи томонидан кўрсатилган темир йўл станциясигача йўловчи поездларининг энг қисқа йўналиши бўйича, бошқа поездларга ўтиришнинг энг кам сони билан ва вақт жиҳатидан қулай бўлган йўл ҳужжати (чипта) сотиб олиш;
б) ўзи билан бирга 5 ёшдан ката бўлмаган битта болани алоҳида жой тақдим этилмаган ҳолда бепул олиб кетиш. Йўловчи билан 5 ёшдан ката бўлмаган бир неча бола бирга олиб кетилса, улардан биттаси бепул, қолганлари эса – чиптанинг тўлиқ баҳосидан 50 фоизли чегирма билан ва алоҳида жой ажратиб берилган ҳолда олиб кетилиши мумкин. 5 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларга ҳам чиптанинг тўлиқ баҳосидан 50 фоизли чегирма тақдим этилади ва алоҳида жой берилади;
в) ўзи билан 36 кг дан ортиқ бўлмаган қўл юкини олиб кетиш ва шаҳар атрофида ҳарактланувчи поездларда бунга қўшимча тарзда багаж тарифи бўйича тўловни амалга оширган ҳолда 50 кг дан ортиқ бўлмаган қўл юкини олиб кетиш;
г) йўл ҳужжати (чипта) га кўра багажни белгаланган тарифда ташиш учун топшириш;
д) йўл ҳужжати (чипта) нинг амал қилиш муддатини 10 суткадан кўп бўлмаган муддатга узайтирган ҳолда йўлда тўхташ;
е) йўл давомида касалга чалинганда йўл ҳужжати (чипта) нинг амал қилиш муддатини касаллик муддатига (даволаш муассасасининг маълумотномасини тақдим қилган ҳолда) тенг муддатга узайтириш;
ж) йўл давомида вагондаги юқори тоифадаги бўш жойни йўл ҳақи орасидаги фарқни тўлаган ҳолда эгаллаш;
з) бўш жой бўлган тақдирда, темир йўл чипта кассасида йўл ҳужжати (чипта) га йўловчилар, багаж ва юк-багажни ташиш Қоидаларида ўрнатилган тартибда белги қўйдирган ҳолда йўл ҳужжати (чипта) сотиб олинган поезддан олдин жўнаб кетадиган поездда кетиш;
и) йўл ҳужжати (чипта) сотиб олинган поездга (шаҳар атрофида ҳаракатланадиган поездлар бундан мустасно) кеч қолинганда поезд жўнаб кетган вақтдан бошлаб 3 соат ичида, касаллик ёки бахтсиз воқеа туфайли кеч қолинганда эса 3 сутка ичида бошқа поездда кетиш учун чиптани қўшимча тўловларсиз, плацкарта бундан мустасно, қайта тиклаш ёки Йўловчилар, багаж ва юк-багажни ташиш Қоидаларида белгиланган тартибда йўл хақини қайтариб олиш;
к) поезд жўнаб кетишидан кечи билан 24 соат олдин йўл ҳужжати (чипта) ни топшириб, йўл ҳақининг тўлиқ баҳосини қайтариб олиш, йўл ҳужжати (чипта) ни бу муддатдан кечроқ, аммо поезд жўнаб кетишидан олдин топшириб эса, йўл ҳақининг баҳосини плацкартани чегирган ҳолда қайтариб олиш.
Орқага қайтиб кетиш жойида орқага қайтиш учун олинган йўл ҳужжати (чипта) ни поезд жўнаб кетишидан 3 сутка олдин топширилганда йўловчига йўл ҳақининг тўлиқ баҳоси қайтариб берилади, йўл ҳужжати (чипта) ни бу муддатдан кечроқ, аммо поезд жўнаб кетишидан олдин топширилса, йўл ҳақининг баҳоси плацкартани чегирган ҳолда қайтариб берилади;
м) поездларнинг ҳаракатланиши тўхтатилганлиги сабабли йўловчининг ўз йўналиши бўйича ҳаракатланиши тўхтатилганда етказиб қўйилмаган йўл ҳақини қайтариб олиш.
Йўл ҳужжати (чипта) ни қайтариб беришнинг барча ҳолларида йўловчидан йўловчиларга хизмат кўрсатиш корхонаси томонидан белгиланган тўлов ундирилади.
Ишлатилмаган йўл ҳужжатлар (чипталар) баҳосининг қайтариб берилиши Йўловчилар, багаж ва юк-багажни ташиш Қоидаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
104. Темир йўл ва йўловчиларга хизмат кўрсатувчи корхона йўловчиларнинг алоҳида гурухларини ташиш учун олдиндан берилган буюртмаларга асосан йўл ҳужжатлари (чипталар) нинг корхоналарга сотилишини таъминлайдилар.
Ташкилотлар томонидан ўзларининг буюртмаларига асосан сотиб олинган йўл ҳужжатлари (чипталар) поезд жўнаб кетишидан камида 7 сутка, аммо кечи билан 3 сутка олдин топширилса, йўл ҳужжатлари (чипталар) нинг баҳоси плацкарта баҳосининг 50 фоизини чегириб қайтарилади, йўл ҳужжатлари (чипталар) поезд жўнаб кетишидан кечи билан 3 сутка олдин топширилса, йўл ҳужжатлари (чипталар) нинг баҳоси плацкартанинг тўлиқ баҳосини чегириб қайтарилади.
Ташкилотлардан йўловчиларнинг алоҳида гуруҳларини ташиш учун йўл ҳужжатлари (чипталар) нинг сотилиши учун буюртмалар, шунингдек улар томонидан ўзларининг буюртмаларига асосан сотиб олинган йўл ҳужжатлари (чипталар) нинг қайтарилганда йўл ҳужжатлари (чипталар) нинг баҳосини тўлаш Йўловчилар, багаж ва юк-багажни ташиш Қоидаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
105. Йўл ҳужжати (чипта) ни топшириш муддатларидан (аммо поезд жўнаб кетишидан олдин) қатъий назар, қуйидаги ҳолларда йўл ҳақи баҳосидан чегириб қолинмайди: йўл ҳужжати (чипта) да кўрсатилган поезд бекор қилинганда, ёки йўловчиларнинг жўнаб кетиш нуқтасида поезднинг 1 соатдан ортиқ вақт жўнамасдан туриб қолганда, йўловчига йўл ҳужжати (чипта) да кўрсатилган ўрин тақдим этилмаганлиги ва бошқа ўринлардан фойдаланишдан бош тортганлиги сабабли йўловчининг сафари амалга ошмаган ҳолларда, йўловчининг даволаш муассасасининг тегишли ҳужжати билан тасдиқланган касаллиги ҳолларида.
106. Йўловчига йўл ҳужжати (чипта) да кўрсатилган ўрин тақдим этилмаганда, йўловчиларга хизмат кўрсатувчи корхона йўловчининг розилиги билан унга бошқа вагондан, қимматроқ категориядаги вагондан бўлса ҳам, қўшимча тўлов ундирмай ўрин бериши шарт. Агар йўловчига у сотиб олган йўл ҳужжати (чипта) да кўрсатилган баҳодан паст баҳодаги ўрин берилса, йўловчига баҳолар орасидаги фарқ қайтарилажи. Йўловчи ўзига таклиф қилинган бошқа жойлардан фойдаланишдан бош тортса, йўловчиларга хизмат кўрсатувчи корхона йўловчига йўл ҳақини қайтариб беради.
Айнан шу поезддан йўловчига жой беришнинг имконияти бўлмаган ҳолларда йўловчиларга хизмат кўрсатувчи корхона йўловчининг талабига биноан бошқа поездда тегишли жойни бериши шарт.
107. Темир йўл йўловчи томонидан йўл ҳужжати (чипта) кўрсатилганда унинг багажини белгиланган тарифда ташиш учун қабул қилиб олиши ва йўловчи жўнаб кетаётган поезднинг багаж вагонида бўш ўрин бўлса ана шу поезд билан жўнатиши керак.
Багаж вагони бўлмаган поездларда жўнаб кетаётган йўловчиларнинг багажи тегишли йўналиш бўйича жўнаб кетадиган ва багаж вагони бўлган кейинги биринчи поезд билан жўнатилиши лозим.
Йўловчининг аризасига биноан унинг багажи йўл ҳужжати (чипта) да кўрсатилмаган бошқа йўналишга ёки бошқа поездда жўнатилиши мумкин. Багаж йўловчи томонидан уни жўнатиладиган поезд кетишидан 3 соат олдин топширилиши шарт.
Багажни ташиш учун қабул қилиб олинганлиги йўловчига берилган багаж квитанцияси билан тасдиқланади.
Йўловчи ўз багажини топшираётганда унинг баҳосини эълон қилиб, тариф бўйича тўловларни амалга ошириши керак.
108. Йўловчидан ташиш учун қабул қилинаётган нарса ва буюмлар ўз ўлчовлари, қадоғи ва хусусиятларига кўра багаж вагонида юклаш ва жойлаштириш учун қулай бўлиши, шунингдек бошқа йўловчиларнинг багажига зарар етказмайдиган бўлиши керак.
Багаж ва юк-багаж сифатида ташиш тақиқланган тез алангаланувчи ва бошқа хавфли юкларнинг рўйхати Йўловчилар, багаж ва юк-багажни ташиш Қоидалари билан белгиланади.
109. Багаж ва юк-багажни етказиб бериш муддати багаж ёки юк-багаж жўнатилган поезднинг белгиланган темир йўл станциясига етиб бориш вақти билан белгиланади.
Агар багаж йўлда бошқа поездга ортиш йўли билан ташилаётган бўлса, багажни етказиб бериш муддати бу йўналиш бўйича келишилган поездларнинг ҳаракатланиш вақтларидан келиб чиққан ҳолда ва бошқа поездга ҳар бир юклаш учун бир сутка қўшиш йўли билан белгиланади.
110. Агар багаж етказиб бериш муддати тугагандан кейин 10 сутка ичида етказиб бериш белгиланган темир йўл станциясига етиб келмаса, йўловчи ўз багажи, юк-багажини йўқотилган деб ҳисоблаб, унинг баҳосини тўлаб берилишини талаб қилишга ҳақли.
111. Багаж етказиб бериш тайинланган темир йўл станциясида багаж квитанцияси ва йўл ҳужжати (чипта) ни кўрсатувчига берилади. Багаж темир йўл станцияси йўловчи операциялари учун очиқ бўлган бутун давр ичида берилади.
Ташкилотлар номига келган юк-багажлар ташкилот раҳбари ёки бош бухгалтери томонидан имзоланган бир марталик ёки доимий ишончнома берилган вакил томонидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатилгач топширилади, у юк-багаж қайдномасининг орқа томонига юк багажни олганлиги ҳақида имзо чёкиши керак.
Жисмоний шахслар номига келган юк-багаж паспорт ёки шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатгач, юк-багаж қайдномасининг орқа томонига паспорт ёки шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари ва яшаш жойини кўрсатиб, юк багажни олганлиги ҳақида имзо чектириш орқали олувчига берилади.
Багаж, юк-багажнинг сақланиши учун йўловчиларга хизмат кўрсатувчи корхона томонидан ишлаб чиқилган тарифлар бўйича тўлов ундирилади.
112. 30 кунлик мухлат ичида талаб қилиб олинмаган багаж ёки юк-багаж Йўловчилар, багаж ва юк-багажни ташиш Қоидалари билан ўрнатилган тартибда сотилиши лозим.
Багаж квитанциясини кўрсатувчи шахс багаж сотилгандан сўнг 6 ой муддат ичида талаб қилиб олинмаган ва сотилган багажнинг темир йўлга тўланган суммасини темир йўлга тегишли суммани чегириб қолинган ҳола олиш хуқуқига эга.
113. Темир йўл почта ташувларни махсус почта вагонларида ҳам, шунингдек, йўловчи поездларига қўшиладиган темир йўл вагонларида ҳам амалга оширади.
Почта ташиш учун тўловлар ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган тарифларга кўра амалга оширилади.
114. Почта корхоналари почта вагонларини Ўзбёкистон Республикаси темир йўлидан техник фойдаланиш Қоидаларига мувофиқ соз ҳолатда сақлашлари шарт. Почта корхоналарига тегишли почта вагонларини таъмирлаш ишлари ушбу корхоналар ҳисобидан режа бўйича таъмир муддатларига риоя этган ҳолда амалга оширилади.
115. Почтани темир йўл орқали ташиш тартиби темир йўл ва почта корхонаси томонларидан келишилган Қоидаларга асосан ўрнатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |