Низонинг моҳияти: Акциядорлик-тижорат банки (бундан буён матнда Банк деб юритилади) ва масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) 2017 йил 20 январда 012-сонли микрокредит бериш шартномаси тузилган ва унга кўра Банк даъвогарга 24 ойга кредит суммасига йиллик 18 фоиз тўлаш шарти билан 500 000 000 сўм миқдорида кредит берган.
Қарздор (даъвогар) томонидан кредит суммаси ва кредит суммасига ҳисобланган фоизларни қайтариш мажбурияти бажарилмаганлиги сабабли Банк олдида 429 500 000 сўмлик қарздорлик вужудга келган ва ушбу қарздорликни ундириш учун Банк судга даъво билан мурожаат қилган.
Суд томонидан иш кўриш жараёнида тарафлар ўртасида келишув битими тузилган ва у суднинг 2017 йил 1 майдаги ажрими билан тасдиқланган. Ушбу келишув битими билан қарздор 2017 йил 18 майга қадар Банкка 325 000 000 сўм кредит бўйича қарздорликни, 27 500 000 сўм фоизлар суммасини, 250 000 сўм пеняни ва 4 500 000 сўм суд харажатларини, жами 357 250 000 сўмни тўлаб бериш мажбуриятини олган.
Бироқ, қарздор томонидан келишув битимининг шартлари бажарилмаган ва шу боис Банкнинг аризасига асосан суд томонидан 2017 йил 10 июлда келишув битимининг шартларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси берилган.
Ушбу ижро варақасига асосан Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими томонидан ижро иш юритиш қўзғатилган ва унинг жараёнида 2017 йилнинг сентябрь ойида қарздордан 357 250 000 сўм ундирилган.
2017 йил 25 сентябрда Банк томонидан қарздор (даъвогар)нинг банк ҳисобварағидан сўзсиз 23 400 000 сўм ўчирилган ва шу сабабли даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Банкдан ушбу пул маблағларини ундиришни сўраган.
Даъвогарнинг важлари: Келишув битими тузилганлиги сабабли кредит шартномаси ўз кучини йуқотган ва шу учун Банк фоизлар ҳисоблаш ва мижознинг банк ҳисобварағидан пул маблағларини сўзсиз ўчириш ҳуқуқига эга бўлмаган.
Келишув битими шартларини бажариш учун даъвогар ўзининг чет эл шерики билан контракт тузган. Бироқ, Банк уни ижросига тўсқинлик қилган, чунки Банк контрактни ҳисобга қўймади ва шу билан келишув битими шартларини ўз вақтида бажарилмаслигига кўмаклашди.
Келишув битимининг шартларига кўра, Банк кредит шартномаси бўйича бирон-бир эътироз ва даъволар билдирмаслик мажбуриятини олган, аммо ушбу мажбуриятни бузган ҳолда асоссиз фоизлар ҳисоблади ва пул маблағларини даъвогарнинг банк ҳисобварағидан сўзсиз ўчирди.