Жавобгарнинг важлари
Жавобгарнинг вакили даъвогар томонидан билдирилган важларига эътирозлар билдириб, даъво аризасида кўрсатилган зарар миқдори тегишли далиллар билан исботланмаганлигини, тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартига кўра, тўлиқ етказиб берилмаган иссиқлик энергиясининг миқдори ҳисобга олиш приборларининг кўрсаткичлари бўйича аниқланиши, чеклаш вақти диспетчерлик хизматининг оператив дафтаридаги ёзувлар бўйича аниқланиши, шунингдек шартномада бу ҳолатлар бўйича икки томонлама далолатнома билан расмийлаштирилиши белгиланганлигини, аммо шу шартлар даъвогар томонидан бажарилмаганлигини таъкидлаган.
Даъвогарга етказилган зарар тегишли далиллар билан асосланмаганлиги сабабли даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш лозим, деб ҳисоблаган.
Суднинг ҳал қилув қарори
Даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш рад этилсин.
Шарҳ
Суд томонидан кўрилган мазкур ишда низонинг моҳиятини аниқлашда қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратиш муҳимдир:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда – ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига асосан мажбуриятлар - шартномадан … келиб чиқади. Мазкур низо ичимлик сувини етказиб бериш ва оқава сувларни қабул қилиш шартномаси талаблари бузилганлиги оқибатида келиб чиққан.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида иссиқ сув ҳолидаги иссиқлик энергияси етказиб бериш тўғрисида шартнома тузилган. Шартномага кўра, даъвогар жавобгарга иссиқ сув ҳолидаги иссиқлик энергиясини етказиб бериши, жавобгар эса истеъмол қилинган иссиқлик энергияси учун ҳақ тўлаши лозим бўлган.
Шартноманинг 3.2-бандида “Истеъмолчи”га етказиб берилган иссиқлик энергиясининг миқдори бўлиниш чегарасидан кейин ўрнатилган “Summator-3M1” ҳисобга олиш приборлари орқали аниқланиши белгиланган.
Даъво аризасида 2016 йил 20 ноябрдан 21 ноябрга ўтар кечаси жавобгар етарли даражада иссиқ сув ҳолдаги иссиқлик энергиясини етказиб бермаганлиги ва бунинг натижасида 0,85 гектарга экилган помидор кўчатлари нобуд бўлганлиги, ушбу ер майдонидан 102 000 кг ҳосил олиниши мумкинлиги, 2017 йил январь ойида 1 кг помидор 11 000-13 000 сўм нархда сотилганлиги, даъвогар шартномада белгиланган миқдорда иссиқлик энергияси етказиб берганида 102 000 кг помидорни сотиб 1 326 000 000 сўм фойда олиши мумкинлиги баён этилиб, ушбу миқдорда етказилган зарар (бой берилган фойда) жавобгардан ундириб бериш сўралган.
Даъво талабига асос сифатида 22 000 дона помидор кўчатларини совуқ урганлиги ҳақида даъвогар ва қўшни иссиқхона вакиллари иштирокида тузилган далолатнома, ушбу далолатнома асосида Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими томонидан берилган агрохулоса, “Ўздавэнергоназорат” инспекцияси ҳудудий бўлими томонидан берилган маълумотнома келтирилган.
ФКнинг 236-моддасига мувофиқ, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” 2009 йил 22 августдаги 245-сон қарори билан тасдиқланган “Иссиқлик энергиясидан фойдаланиш” қоидаларининг (бундан буён матнда Қоидалар деб юритилади) 10-бандига кўра, иссиқлик таъминоти корхонаси билан истеъмолчи ўртасидаги ўзаро муносабатлар мазкур Қоидалар ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш бўйича тузилган шартнома билан тартибга солинади.
Шартноманинг 3.13-бандига кўра, тўлиқ етказиб берилмаган иссиқлик энергиясининг миқдори ҳисобга олиш приборларининг кўрсаткичлари бўйича аниқланади. Чеклаш вақти “Иссиқлик таъминоти корхонаси” диспетчерлик хизматининг оператив дафтаридаги ёзувлар бўйича аниқланади ҳамда икки томонлама далолатнома билан расмийлаштирилади.
Бироқ, даъвогар томонидан жавобгар сув етказиб берилмаганлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор этилмаган ва тўлиқ етказиб берилмаган иссиқлик энергияси миқдори икки томонлама далолатнома билан расмийлаштирилмаган.
Гидрометеорология бошқармаси томонидан берилган маълумотномага кўра, 2016 йил 21 ноябрда минимал ҳаво харорати -14 С.ни ташкил этган.
Шартноманинг 4.2-банди у-кичик бандида “Истеъмолчи” ўз иссиқхонасини авария ҳолатларида ва ташқи муҳит ҳарорати минус 13 С дан паст бўлган ва шаҳар аҳолисини узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминлашдаги муаммоларга дуч келинган ҳолатларда ўзининг иссиқхонасини иситиш учун альтернатив иссиқлик захирасига эга бўлиши лозимлиги белгиланган. Шунингдек, даъвогарга берилган техник шартларда ҳам жавобгар ўз захира иссиқлик манбаига эга бўлиши шартлиги белгиланган. Аммо, даъвогарда альтернатив иссиқлик захираси мавжуд бўлмаган.
Қоидаларнинг 48-бандида истеъмолчилар иссиқликдан фойдаланувчи қурилмалар ва иссиқлик тармоқлари, иссиқликни ҳисобга олиш приборлари, қувурлар изоляцияси ва иссиқликдан фойдаланувчи ускуналарни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаш; ҳисобга олиш приборлари, иссиқ сувни тўкиш учун жўмраклар, торайтирувчи қурилмалар ва арматурани иссиқлик таъминоти корхонасининг вакили билан биргаликда пломбалаш, ўрнатилган пломбаларнинг сақланишини таъминлаш, пломбаларни олиш иссиқлик таъминоти корхонасининг рухсати билан амалга оширилиши лозимлигига мажбурлиги белгиланган.
Даъвогар ва жавобгар вакиллари иштирокида 2016 йил 23 августда даъвогар томонидан кузги-қишки мавсумга тайёргарлик кўриш даражаси ўрганилган. Ўрганишда “Ўздавэнергоназорат” инспекцияси томонидан бериладиган кузги-қишки мавсумга тайёргарлиги тўғрисида далолатнома тақдим этилмаганлиги ва иссиқлик тармоқлари қувурлари изоляцияси талабга жавоб бермаслиги аниқланган ва бу ҳақда 1371-сонли далолатнома тузилган. Далолатномада аниқланган камчиликларни ўн кун муддатда баратараф этиб, жавобгарга маълумот бериш сўралган.
Аммо, даъвогар томонидан ушбу камчиликлар бартараф этилганлигини ва бу ҳақида жавобгарга маълумот беганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар судга тақдим этилмаган.
Бундан ташқари, даъвогарнинг жавобгардан зарарни ундириб беришни сўраб, Адлия бошқармасига қилган мурожаатига берилган жавоб хатида жавобгарга тегишли бош иссиқлик қувурининг бўлиниш чегарасидан даъвогар билан битта коллекторда жами 8 та иссиқхона иссиқлик суви билан таъминланиб келаётганлиги, жумладан учта ташкилот раҳбарининг берган тушунтириш хатларида 2016 йил 20-21 ноябрь кунига ўтар кечаси иссиқхоналарининг иссиқлик қувурларида иссиқлик суви бўлганлигини билдиришганлиги қайд этилган.
Бундан кўринадики, даъвогарнинг ўзи иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларини тўлалигича бажармаслиги оқибатида иссиқлик қурилмаларига иссиқлик энергияси етиб боргунига қадар ҳарорати пасайиб, иссиқхонанинг иситмаслигига олиб келган ва помидор кўчатлари нобуд бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2007 йил 15 июндаги 163-сон қарорининг 19-бандида зарарни қоплаш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда судлар зарарга шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги муносабати билан тарафнинг қилган харажатлари, мол-мулк йўқолиши ёки шикастланиши, шунингдек агар иккинчи тараф шартнома мажбуриятларини бажарганда тараф олиши мумкин бўлган, лекин унинг ололмай қолган даромадлари, ҳуқуқи бузилган шахснинг ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари ҳам кириши (ФК 14-моддасининг иккинчи қисми), бундай харажатларнинг зарурийлиги ва уларнинг тахминий миқдори асослантирилган хисоб-китоб, товар, иш, хизмат кўрсатишдаги камчиликларни бартараф этиш учун кетадиган харажатлар сметаси (калькуляция) сифатидаги далиллар, мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик даражасини белгиловчи шартнома ва бошқалар билан тасдиқланган бўлиши кераклиги ололмай қолган даромаднинг миқдори (бой берилган фойда), агар мажбурият бажарилганида, кредитор қилиши лозим бўлган оқилона харажатларни ҳисобга олиб аниқланиши шартлиги, хусусан, хом ашё ёки бутловчи буюмларни етказиб бермаслик натижасида ололмай қолган даромад тарзидаги зарарни қоплаш ҳақидаги талаб бўйича бундай даромаднинг миқдори ушбу товарларнинг харидорлари билан тузилган шартномада назарда тутилган тайёр маҳсулотларни сотиш баҳосидан келиб чиққан ҳолда, етказиб берилмаган хом ашё ёки бутловчи буюмлар қиймати, транспорт-тайёрлаш харажатлари ва тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатларни чегириб ташлаш йўли билан аниқланиши зарурлигини судлар назарда тутишлари лозимги ҳақида тушунтириш берилган.
Исботлаш мажбуриятига кўра, даъвогар жавобгарнинг айби билан иссиқхонасига иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлигини, бунинг оқибатида помидор кўчатлари нобуд бўлганлигини исботлаб бермаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 68-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Қайд этилганларга кўра, суд томонидан даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган.
* * *
Do'stlaringiz bilan baham: |