Жавобгарларнинг важлари
Жавобгар вакили даъво аризасида кўрсатилган ҳолатларни тўлиқ тан олишини, шунингдек тарафлар ўртасида тузилган автотранспорт воситаси олди-сотди шартномасининг мажбуриятлари даъвогар ва жавобгар томонидан тўлиқ бажарилганлигини, яъни даъвогар томонидан жавобгарга транспорт воситаси учун 200 000 000 сўм пул маблағи ўтказиб берилганлигини ва ушбу транспорт воситаси даъвогарга топширилганлигини, тарафлар ўртасида ушбу шартнома юзасидан хеч қандай низо мавжуд эмаслигини таъкидлаган.
Қайд этилганларга кўра, даъвогарнинг тарафлар ўртасида тузилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий деб топиш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантириш лозим, деб ҳисоблаган.
Суднинг ҳал қилув қарори
Даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш рад этилсин.
Жавобгардан даъвогар фойдасига 200 000 000 сўм ундирилсин.
Шарх
Суд томонидан кўрилган мазкур ишда низонинг моҳиятини аниқлашда қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратиш муҳимдир:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда – ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига асосан мажбуриятлар – бошқа асослар билан бирга шартномадан ҳам келиб чиқади. Мазкур низо олди-сотди шартномаси талаблари бузилганлиги оқибатида келиб чиққан.
Қайд этилган Кодекс 386-моддасининг биринчи қисмига асосан, олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида олди-сотди шартномаси тузилган. Шартнома шартларига мувофиқ, жавобгар даъвогарга 2013 йилда ишлаб чиқарилган “SHANHI SX3254DR384” русумли юк (ўзи ағдарувчи), двигатель WD123361113G007821, кузов рақамсиз, шасси LZGJLDR46DX043661, сариқ рангли транспорт воситасини етказиб беришни, жавобгар эса, унинг ҳақини тўлашни ўз зиммасига олган.
Даъвогар томонидан жавобгарга транспорт воситаси учун 200 000 000 сўм пул маблағи ўтказиб берилган, жавобгар томонидан эса даъвогарга транспорт воситаси етказиб берилган.
Жавобгар томонидан транспорт воситасининг олди-сотди шартномаси нотариал тартибда расмийлаштирилиб берилмаётганлиги боис, даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар билан тузилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий деб топишни сўраган.
ФКнинг 112-моддасига кўра, битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.
Агар тарафлардан бири нотариал тасдиқлаш талаб қилинадиган битимни тўла ёки қисман бажарган бўлса, иккинчи тараф эса - битимни нотариал расмийлаштиришдан бош тортса, суд битимни бажарган тарафнинг талаби бўйича уни ҳақиқий деб ҳисоблашга ҳақлидир. Бу ҳолда битимни кейинчалик нотариал расмийлаштириш талаб қилинмайди.
Агар давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинадиган битим керакли шаклда тузилган бўлиб, аммо тарафлардан бири уни рўйхатдан ўтказишдан бош тортса, суд бошқа тарафнинг талаби билан битимни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли. Бундай ҳолда битим суд қарорига мувофиқ рўйхатдан ўтказилади.
Ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда битимни нотариал тасдиқлаш ёки давлат рўйхатидан ўтказишдан асоссиз бош тортаётган тараф битимни тузиш кечиктирилганлиги туфайли етказилган зарарни иккинчи тарафга тўлаши лозим.
ФК 386-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган “Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 3-бандига кўра, автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши керак
Ушбу ҳолатда, даъвогар ва жавобгар ўртасида тузилган 2015 йил 30 декабрдаги олди-сотди шартномасини ҳақиқий деб топиш учун асослар мавжуд эмас Чунки олди-сотди шартномасининг объекти бўлган 2013 йилда ишлаб чиқарилган “SHANHI SX3254DR384” русумли юк ((ўзи ағдарувчи), двигатель рақами WD123361113G007821 бўлган, кузови рақамсиз, шасси LZGJLDR46DX043661 бўлган, сариқ рангли, 2003 йилда ишлаб чиқарилган) транспорт воситаси сотувчининг банк муассасаси билан тузилган кредит шартномаси бўйича мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш тариқасида гаровга қўйилган ва транспорт воситасига давлат нотариал идораси томонидан 2014 йил 14 январь куни таъқиқ солинган. Яъни, шартнома тузилган вақтда транспорт воситаси олди-сотди шартномаси объекти бўлиши қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлган.
Шунинг учун, жавобгар ва даъвогар ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси нотариал тартибда тасдиқланмаган. Бунинг оқибатида, даъвогар ва жавобгар ўртасида тузилган шартнома ҳақиқий эмас бўлиб қолган.
Демак, олди-сотди шартномаси ҳақиқий бўлиши учун унинг мазмуни, тузилиши қонун ҳужжатлари талабларига жавоб бериши лозим бўлган. Бироқ, даъвогар ва жавобгар ўртасида тақиқда бўлган ва гаровга қўйилган мулк юзасидан олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган.
ФК 114-моддасининг биринчи қисмига кўра, ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир.
Ушбу модданинг иккинчи қисмига асосан, битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши, олинган нарсани аслича (шу жумладан олинган нарса мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат билан ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилган бўлмаса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.
Шу асосга кўра, суд тарафлар ўртасида тузилган шартнома шартлари бўйича даъвогар томонидан жавобгарга транспорт воситаси учун ўтказиб берилган 200 000 000 сўм пул маблағларини даъвогарга қайтарилиши лозим деб ҳисоблаган.
Қайд этилганларга кўра, суд томонидан даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
* * *
Иссиқлик энергияси етказиб бериш шартномаси шартлари лозим даражада бажарилмаганлиги оқибатида истеъмолчига етказилган зарар тегишли далиллар билан исботлаб берилмаган тақдирда, бу ҳақдаги даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |