Жавобгарнинг важлари
Тарафлар ўртасида олди-сотди шартномаси шартларига кўра, жавобгар томонидан шартномада кўрсатилган кўчмас мулк объектлари тегишли далолатнома билан тўлиқ даъвогарга топширилган, бироқ даъвогар томонидан кўчмас мулк ҳақи асосиз равишда тўлаб берилмаган.
Тарафлар ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси шартлари қонун ҳужжатларига мос равишда тузилганлиги ва унинг ижроси билан боғлиқ бирорта қонунбузилишлар юзага келмаганлигини таъкидлаган.
Шу сабабли даъво аризасини қаноатлантиришни рад этиш лозим, деб ҳисоблаган.
Суднинг ҳал қилув қарори
Иш юритиш тугатилсин.
Шарҳ
Суд томонидан кўрилган мазкур ишда низонинг моҳиятини аниқлашда қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратиш муҳимдир:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда – ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига асосан мажбуриятлар – бошқа асослар билан бирга шартномадан ҳам келиб чиқади. Мазкур низо олди-сотди шартномаси талаблари бузилганлиги оқибатида келиб чиққан.
Қайд этилган Кодекс 479-моддасининг биринчи қисмига асосан, кўчмас мулкнинг олди-сотди шартномасига (кўчмас мулкни сотиш шартномасига) биноан сотувчи ер участкаси, бино, иншоот, квартира ёки бошқа кўчмас мулкни сотиб олувчига мулк қилиб топширишни ўз зиммасига олади.
Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2014 йил 10 ноябрь куни олди-сотди шартномаси имзоланган.
Шартноманинг 1.1-бандига кўра, “сотувчи” – жавобгар балансидаги мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган ғишт заводи ва ғишт ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарини “харидор” – даъвогарга шартнома шартларида белгиланган нархда сотиш ва тўлиғича топшириш мажбуриятини олган.
Шартноманинг 2.1 ва 2.2-бандларида ғишт заводи ва ғишт ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарининг умумий қиймати 1 301 158 970 сўмни ташкил этиши, харидор ўз маблағлари ҳисобидан 250 000 000 сўм, кредит маблағи ҳисобидан 1 051 158 970 сўм, жами 100 фоиз, яъни 1 301 158 970 сўм миқдорида маблағни 20 банк иш кунида пул ўтказиш йўли билан амалга ошириши назарда тутилган.
Шартномага асосан тарафлар ўртасида 2014 йил 30 декабрда ғишт ишлаб чиқариш цехини топшириш ва қабул қилиш тўғрисида далолатнома расмийлаштирилган. Далолатномада ғишт ишлаб чиқариш бино ва иншоотлари умумий фойдаланиш ер майдони 3,0 гектарни ташкил этиши, шундан 2,0 гектар ер майдони (вақтинча) тупроқ қазиб олиш каръери ва 1,0 гектар ер майдони ғишт ишлаб чиқариш бино-иншоотлари ҳисобланиши, бино-иншоотларнинг умумий қурилиш остидаги майдон 942,52 кв. метрни ташкил этиб, шундан 600,63 кв. метр бўлган 0001-цех биноси, 6 кв. метр 0002 қоровулхона биноси, 301,60 кв. метр 0003-ғишт пишириш биноси ва 34,29 кв. метр 2 та 0004 ва 0005-ҳаво хайдаш биносидан иборат эканлиги, бино ва иншоотлар тўлиқ яроқли ҳолатда эканлиги назарда тутилиб, ғишт ишлаб чиқариш бино ва иншоотлар олди-сотди шартномаси ва 2014 йил 11 ноябрдаги 157-сонли кредит шартномаси ҳамда ушбу шартномага 2014 йил 25 декабрдаги 1-сонли қўшимча келишувга мувофиқ “сотиб олувчи” – даъвогарга топширилган.
Шартномада фақат шартноманинг умумий баҳоси сифатида ғишт заводи ва ғишт ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарининг баҳоси кўрсатилган бўлиб, умумий баҳонинг қанчаси кўчмас мулкнинг қийматини ва қанчаси ғишт ишлаб чиқариш асбоб ускуналарнинг баҳоси эканлиги аниқлаштирилмаган. Шартномага мол-мулкнинг тури, сони, қийматини аниқлаштирувчи рўйхат илова қилинмаган. Шунинг учун шартномани ижро этишнинг имкони бўлмаган. Шу асос билан даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилган ва олди-сотди шартномасини тузилмаган деб топишни сўраган.
ФК 11-моддасининг биринчи қисмида фуқаролик ҳуқуқлари битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш йўли билан ҳам ҳимоя қилиниши белгиланган. Шартномани тузилмаган деб топиш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилиш мумиклиги қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2016 йил 23 декабрдаги 306-сон қарорининг ишни кўриш вақтида амалда бўлган 2.2-бандининг учинчи хатбошисида шартнома тузилмаганлиги тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинмаслиги, фақат ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида бу ҳақда кўрсатилиши, шунга кўра, шартномани тузилмаган деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилинса, бундай даъво аризасини қабул қилиш ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилиши, агар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш ИПК 110-моддасининг 1-бандига асосан тугатилиши лозимлигини судлар назарда тутишлари кераклиги ҳақида тушунтириш берилган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда – ИПК деб юритилади) 26-моддасида иқтисодий суд томонидан ҳал этиладиган низолар тоифасига шартномани тузилмаган деб топиш тўғрисидаги талаблар киритилмаган.
ИПК 110-моддасининг 1-бандига асосан агар иш судга тааллуқли бўлмаса суд иш юритишни тугатади.
Бундан кўринадики, шартномани тузилмаган деб топиш тўғрисидаги алоҳида талаб иқтисодий судда кўриб чиқиш учун тааллуқли эмас. Шу сабабли суд, мазкур даъво аризаси бўйича иш юритишни тугатишни лозим деб топган.
* * *
Агар маҳсулот етказиб бериш шартномаси шартларида сотиб олувчи маҳсулотни ўзи олиб кетиши лозим бўлганлиги кўрсатилган, бироқ уни олиб кетмаган бўлса, маҳсулот ҳақини қайтаришни талаб қилишга ҳақли эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |