Шарҳ Суд томонидан кўрилган мазкур ишда низонинг моҳиятини аниқлашда қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратиш муҳимдир:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда – ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига асосан мажбуриятлар - шартномадан … келиб чиқади. Мазкур низо ичимлик сувини етказиб бериш ва оқова сувларни қабул қилиш шартномаси талаблари бузилганлиги оқибатида келиб чиққан.
Ушбу Кодекс 236-моддасига мувофиқ, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Тарафлар ўртасида тузилган ичимлик сувини етказиб бериш ва оқава сувларни қабул қилиш ҳақидаги шартнома шартларига кўра, даъвогар жавобгарни ўз вақтида ичимлик суви билан таъминлаш, жавобгарга эса истеъмол қилинган ичимлик суви бўйича тўловларни амалга ошириш мажбуриятини олган.
Даъвогар ходимлари томонидан жавобгарга тегишли бўлган сувни ҳисобга олиш асбоби ҳолати ўрганилганда, жавобгар ҳудудида Д 65 мм бўлган сув тармоғига уланганлиги, “LXS-65” русумли сув ўлчагич асбоби давлат қиёслаш кўригидан белгиланган муддатда ўтказилмаганлиги ва ушбу сув ўлчагич асбоби ишламаслиги аниқланган.
Бу ҳақда даъвогар ходимлари ва жавобгар раҳбари иштирокида далолатнома тузилган. Унга кўра, 10 кун ичида сув ўлчагич асбобини навбатдаги давлат қиёслаш кўригидан ўтказиш тўғрисида жавобгарга кўрсатма берилган.
Шунингдек, далолатномага кўра, сарф қилинган сув миқдори ундан фойдаланган вақтдан бошлаб қайта ҳисоб-китоб қилинган ва 152 595 100 сўмлик тўлов қайта ҳисобланган. Даъвогарнинг ушбу суммани ихтиёрий равишда тўлаб бериш тўғрисидаги талабномаси жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган.
Шу асосда даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 152 595 100 сўм ундиришни сўраган.
ФК 478-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида, шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у мажбурият моҳиятидан келиб чиқмаса, туташтирилган тармоқ орқали газ, нефть ва нефть маҳсулотлари, сув ва бошқа товарлар билан таъминлаш муносабатларига нисбатан ушбу параграф қоидалари қўлланади.
Ушбу Кодекснинг 468-моддасига кўра, энергия таъминоти шартномасига мувофиқ энергия билан таъминловчи ташкилот туташтирилган тармоқ орқали абонентга (истеъмолчига) энергия бериб туриш мажбуриятини олади, абонент эса қабул қилинган энергия ҳақини тўлаш, шунингдек шартномада назарда тутилган энергия истеъмол қилиш тартибига риоя этиш, тасарруфидаги энергетика шохобчаларидан фойдаланиш хавфсизлигини ҳамда ўзи фойдаланадиган энергия истеъмол қилувчи асбоб ва ускуналарнинг созлигини таъминлаш мажбуриятини олади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар томонидан 2017 йил 7 июнда тузилган далолатномада жавобгарга тегишли бўлган “LXS-65” русумли сув ўлчагич асбоби давлат қиёслашдан ўтказиш муддати ўтганлиги сабабли ушбу асбобни “ишламайди” деб кўрсатилган ва 10 кун ичида сув ўлчагич асбобини навбатдаги давлат қиёслаш кўригидан ўтказиш тўғрисида жавобгарга кўрсатма берилган.
Шу асосда жавобгар 17 кун ичида далолатномада “ишламайди” деб кўрсатилган “LXS-65” русумли сув ўлчагич асбоби ўрнига “ЛК-20” русумли янги сув ўлчагич асбобини ўрнатган ва у 2017 йил 24 июндаги далолатнома асосида даъвогар томонидан қабул қилинган.
Даъвогарнинг даъво аризасида жавобгар томонидан сарф қилинган сув миқдори 30 кунга ҳисоб-китоб қилинган ва бу 152 595 100 сўмни ташкил қилган. Бироқ, даъвогар томонидан қилинган ҳисоб-китоб 30 кунга эмас, балки 17 кунга ҳисобланиши лозим бўлган.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари тасиқлаш тўғрисида” 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқлаган “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари” (бундан буён матнда – Қоидалар деб юритилади) 68-бандига мувофиқ, ИСКХ ташкилоти вакили томонидан сувни ҳисобга олиш асбобининг ишламаётганлиги аниқланса ёки унинг иш тартибига рухсатсиз аралашилган ёки назорат пломбалари узилган бўлса, ИСКХ ташкилоти истеъмолчига (субистеъмолчига) сувни ҳисобга олиш асбобини 30 кун муддатда навбатдан ташқари текширувдан ўтказишга кўрсатма беради. Муддат кўрсатма тақдим этилган санадан бошлаб ҳисобга олинади.
Бериган кўрсатма 30 кун муддатда бажарилмаган тақдирда I гуруҳ истеъмолчилари тўловларни ушбу Қоидалар 87-бандининг “а” кичик бандига кўра, II ва III гуруҳ истеъмолчилари эса 87-банднинг “б” кичик бандига кўра амалга оширадилар ва бу ҳолат сувни ҳисобга олиш асбобидаги камчиликлар бартараф этилмагунгача ёки янги сувни ҳисобга олиш асбоби ўрнатилмагунгача давом этади.
Шунингдек, Қоидалар 98-бандининг иккинчи хатбошисида сув ҳисобга олиш асбоби мавжуд бўлмаган ҳолатларда оқова сувни чиқариш тизимларида кўрсатилган хизматлар I гуруҳ истеъмолчилари билан – мазкур Қоидалар 87-бандининг “а” кичик банди бўйича, I гуруҳ истеъмолчилари учун белгиланган тарифларга қонунчиликда белгиланган орттирилувчи коэффициентни қўллаш йўли билан, II ва III гуруҳ истеъмолчилари билан – ушбу Қоидалар 87-бандининг “б” кичик бандида белгиланган тарифларни қўллаш йўли билан ҳисоб-китоблар амалга оширилиши белгиланган.
Мазкур ҳолатда даъвогар томонидан далолатномада кўрсатилган носозликларни жавобгар 17 кун давомида бартараф этган.
Шу сабабли суд жавобгардан носозлик аниқланган кун 2017 йил 7 июндан ва у бартараф этилган 2017 йил 24 июнга қадар бўлган 17 кун муддат учун Қоидалар 87-бандининг “б” кичик бандига асосан ичимлик суви учун 18 797 947 сўм ва оқова сув хизматидан фойдаланганлиги учун 5 584 500 сўм жами 24 382 447 сўм ундиришни лозим топган.
Бундан ташқари, носоз бўлган сув ўлчагич асбоби ечиб олиниб, ўрнига янгиси ўрнатилгунга қадар ичимлик суви етказиб берувчи қувурдан сув келиши тўхтатилмаган ва пломбаланмаган. Шу боис, жавобгар сув ўлчагич асбобини янгисига алмаштирилгунга қадар ичимлик сувидан ва оқова хизматидан фойдаланиб келган деб ҳисоблаш лозим бўлади.
Шу сабабли, жавобгарнинг сув ўлчагич асбоби бўйича носозлик бартараф этилгунга қадар сувдан ва оқова хизматидан фойдаланмаганлиги тўғрисидаги важлари билан келишиб бўлмайди.
Қайд этилганларга кўра, суд томонидан даъвогарнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.