Алоқа ерлари деганда алоқа линияларини ҳамда уларга тегишли иншоотларни жойлаштириш учун алоқа, радиоэшиттириш, телевидение ва ахборот корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига доимий фойдаланишга берилган ерлар тушунилади.
Алоқа ва элекр узатиш линиялари ерлари таянч макони сифатида фойдаланилади. Улар ҳаво линиялари, ер ости кабель линиялари, зарур хизмат бинолари ва қурилмалари (подстанциялар, тақсимловчи қурилмалар, кабель будкалари ва шунга ўхшашлар) таянчи сифатида ажратилган ер участкалари қисмлари бўлиб, ички тузилишга эга бўлади. Алоқа линиялари, электр узатувчи, ҳаво ва кабель линиялари учун ер полосалари, вақтинчалик қурилмалар, қурилиш монтаж механизмларини жойлаштириш, қурилма ва материалларни ташиш ва сақлаш учун ер участкалари қурилиш даврида қисқаа муддатли фойдаланиш учун зарур бўлади. Шу турдаш ердан фойдаланишга нисбатан Ер қонунчилигида белгиланган (Ер кодекси, 30-модда) ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи кенг қўлланилади. Алоқа ва электр узатиш линиялари атрофида уларни сақланиши учун, шунингдек хавфсизлиги мақсадида муҳофаза зоналари ўрнатилади. Бу ерлар илгариги ердан фойдаланувчилар ихтиёрида қолади, аммо ерга нисбатан уларнинг ҳуқуқлари маълум даражада чегараланган бўлади. Муҳофаза зоналари ердан махсус шартлар билан фойдаланишнинг бир турини ташкил этади.
Алоқа ерларининг ҳуқуқий ҳолати, муҳофаза зоналари ҳуқуқий ҳолатининг ўзига хос хусусиятлари алоқа линияларини муҳофаза қилиш қоидалари, юқори вольтли электр узатиш тармоқларини муҳофаза қилиш қоидалари, 1000 вольтгача кучланишдаги электр узатиш тармоқларини муҳофаза қилиш қоидалари билан белгиланади.
Алоқа ва электр узатиш корхоналарига муддатсиз ёки вақтинчалик фойдаланиш учун ер участкалари ажратиш, турли хил муҳофаза зоналарини белгилаш, шу хилдаги ердан фойдаланиш турлари муносабати билан вужудга келадиган ўрмон, ер ости бойликлари, сувларни муҳофаза қилиш манфаатларини ҳисобга олиш зарурияти кўрсатилган мақсад учун ер бериш тартиби ҳамда ердан фойдаланиш ҳуқуқи мазмунини аниқ ҳуқуқий тартибга солишни талаб этади.
Алоқа ва электр узатиш линиялари амалда барча ер тоифаларидан ўтишини ҳисобга олганда кўпчилик ердан фойдаланувчилардан айрим ер участкаларини олиб қўйишга тўғри келади. Бундай ер участкалари қимматбаҳо қишлоқ хўжалик майдонлари, сувни муҳофаза қилиш зонаси ерлари, ўрмон фонди ерлари, сув фонди ерлари ҳам бўлиши мумкин. Бу эса шу хилдаги ердан фойдаланувчиларга маълум ноқулайликлар туғдириши табиий. Шу сабабдан алоқа мақсадларида ер бериш жараёнида ер ҳуқуқининг асосий тамойилларига, яъни қишлоқ хўжалик ерларидан фойдаланишнинг устиворлиги, ерни муҳофаза қилиш, табиатни ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига эътибор қаратиш муҳимдир.
Алоқа ва электр узатиш линиялари учун ердан фойдаланишда ер участкалари миқдорини белгилашда турли хил вариантлар қўлланилади. Бунда ер ажратишнинг белгиланган намунавий нормалари тасдиқланади. Маълум ер бўлаклари қисқа муддатли фойдаланишга қурилиш даврида берилади.
Алоқа ва электр узатиш линияларини жойлаштириш учун суғориладиган ерлар, шудгорлар, кўп йиллик мевали дарахтлар эгаллаган ерлар ҳамда узумзорлар, шунингдек сувни муҳофаза қилишга банд бўлган ерларни олиб қўйишга қонунда белгиланган тартибда алоҳида ҳоллардагина йўл қўйилади. Ҳаво линияларини жойлаштиришда аэродромлар, зич қурилган аҳоли пунктлари, саноат корхоналари, курортларни муҳофаза қилиш санитария зоналари, қўриқхоналар албатта айланиб ўтилиши шарт.
Алоқа ерларидан фойдаланиш ҳуқуқининг субъектлари бўлиб, алоқа ва электр линияларини ишлатувчи корхоналар ҳисобланади. Буларга Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, «Ўзбек энерго» Давлат акциядорлик компанияси ва уларнинг жойлардаги корхоналари киради. Бундан ташқари, шу хилдаги ердан фойдаланиш ҳуқуқининг субъектлари бўлиб темир йўл, автомобиль йўллари, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари ҳам бўла оладилар. Чунки шу вазирликларнинг ҳам қарамоғида алоқа, электр узатиш линиялари мавжуд бўлади.
1000 вольтгача кучланишдаги электр узатиш линияларини муҳофаза қилиш қоидаларига кўра муҳофаза зоналари қуйидагича белгиланади:
1. Электр узатишнинг ер усти (ҳаво) линиялари бўйлаб (биноларга киритиш нуқтасидаги шаҳобчалар бундан мустасно) энг четдаги оғишмаган ҳолатдаги симларнинг ер юзасига тушган проекциясидан (соясидан) ҳар икки томондан 2 метрдан масофа қолдириб, тортилган параллель тўғри чизиқлар билан чегараладиган ер участкасини қолдириш;
2. Электр узатишнинг ер ости кабели линиялари бўйлаб, энг четдаги кабеллардан ҳар икки тарафдан бир метрдан масофа қолдириб, тортилган параллель тўғри чизиклар билан чегараланган ер участкаси қолдириш; кабеллар шаҳарларда йўлак (тротуар)лар тагидан ўтказилган ҳолларда эса бинолар ва иншоотлар тарафидан 60 сантиметр ва йўлнинг қатнов қисми тарафидан эса 1 метр масофа қолдириб, тортилган параллель тўғри чизиқлар билан чегараланган ер участкаси қолдириш;
3. Электр узатишнинг сув ости кабель линиялари бўйлаб, ҳар бир кабелнинг уч тарафидан 100 метрдан масофа қолдирилган ҳолда сув юзасидан сув тубигача бўлган масофадаги ер (сув) участкаси қолдириш.
Алоқа ва электр узатиш линиялари қуриб бўлингандан сўнг тегишли ташкилотлар ер майдонларини қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш учун яроқли ҳолга келтириши, етказган зарарни қоплашлари керак. Ер участкаси тегишли бўлган қишлоқ хўжалик, кооператив, давлат корхоналари алоқа ва электр линияларига эҳтиёткорона муносабатда бўлишлари, уларга зиён етказмасликлари, ҳимоя қилишлари шарт бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |