Мухандислик иншоотлари ерлари ҳуқуқий ҳолати
Саноат ерлари мамлакатимиз ер фонди тизимида транспорт, алоқа, мудофаа мақсадларига мўлжалланган ерлар билан биргаликда алоҳида мустақил тоифани ташкил этади. Саноат ерларининг ҳуқуқий ҳолати Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси (69-70-моддалар) ҳамда саноат мақсадларига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш тартибини белгиловчи махсус қонун ости меъёрий ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Саноат ерлари тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 69-моддасида белгиланган. Унга кўра, саноат мақсадларига мўлжалланган ерлар деганда саноат корхоналарига, шу жумладан кон саноати, энергетика корхоналарига ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бинолар ҳамда иншоотлар қуриш учун доимий фойдаланишга берилган ерлар тушунилади. Демак, саноат ерлари саноат корхоналарининг улар зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун берилган ер майдонларидан иборат бўлади.
Саноат ерларининг ҳуқуқий ҳолати тушунчаси ўз ичига саноат ерларидан фойдаланиш тартиби, шу тоифа ерларни бошқариш, саноат корхоналарининг ердан фойдаланишдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари кабиларни олади. Шунингдек саноат ерларини муҳофаза қилиш, ер кадастри маълумотларини юритиш, давлат назорати каби ҳаракатлар ҳам саноат ерлари ҳуқуқий ҳолатини белгилашда алоҳида аҳамият касб этади.
Саноат мақсадларига мўлжалланган ерлар республикамиз қонунчилигига кўра давлат мулки ҳисобланади. Шунинг учун саноат ерлари давлатнинг ерга нисбатан мулк ҳуқуқини амалга оширувчи тегишли маҳаллий ҳокимият органлари томонидан саноат корхоналарига доимий эгалик ҳуқуқи асосида берилади. Демак, ер қонунчилигининг ердан доимий эгалик ҳуқуқи асосида фойдаланишга тааллуқли бўлган барча қоидалари саноат мақсадларига мўлжалланган ерларнинг ҳуқуқий ҳолатини белгилашда асос ролини ўйнайди. Булар жумласига ердан олдиндан белгиланмаган муддатда фойдаланиш, ердан белгиланган мақсадда фойдаланиш, ердан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш, ердан фойдаланиш ҳуқуқини вужудга келиш асослари ва тартиби, ердан фойдаланишни бекор бўлиш асослари ва тартиби, ер қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик каби қоидаларни киритиш мумкин.
Саноат ерлари асосан шаҳар ва шаҳар типидаги посёлкалардан ташқарида саноат корхоналарини жойлаштириш ва ишлатиш учун ажратиб берилади. Бундан ташқари, саноат ерлари шаҳар, посёлка, қишлоқ аҳоли пунктлари ерлари таркибида ҳам жойлашган бўлиши мумкин. Бундай ерлар аҳоли пункти ерлари тоифасига кириб, уларнинг ҳуқуқий ҳолати шу тоифа ерлар ҳуқуқий ҳолатига мувофиқ равишда белгиланади.
Саноат ерлари саноат корхоналарининг эгалигида бўлиб, тегишли вазирлик ва давлат қўмиталари томонидан бошқарилади. Саноат корхоналари шу тоифа ерлардан фойдаланиш ҳуқуқининг бирламчи субъектлари бўлиб ҳисобланадилар. Саноат корхоналарининг ўз вазифаларини амалга ошириш учун берилган ерлари саноат ерлари объектини ташкил этади. Саноат ерлари қоидага кўра қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлардан берилади. Агар бунинг имконияти бўлмаса қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сифати ёмон ерлардан ажратиб берилади. Саноат корхоналарини жойлаштириш ҳамда фаолиятини юритиш учун хизмат қиладиган ер майдонларининг миқдори ер қонунчилигида белгиланмаган. Унинг миқдори саноат корхонасини қуриш лойиҳасида тасдиқланган режага биноан аниқланади. Саноат корхоналарига берилган ер участкалари саноат иншоотларини жойлаштириш ишлаб чиқаришни ташкил этиш талаблари асосида фойдаланилади. Бундай ерлардан қишлоқ хўжалик мақсадларида фойдаланишга йўл қўйилмайди. Саноат корхоналари саноат мақсадларига мўлжалланган ерлардан фойдаланишда ер қонунчилиги нормаларига қатъи риоя этишлари шарт бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 70-моддасида кўрсатилишича, саноат корхоналари ўзлари фойдаланмаётган ерларни туман ва шаҳар ҳокимларининг қарорига биноан юридик ва жисмоний шахсларга вақтинча фойдаланишга беришлари мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |