Назорат саволлари:
1.Бино ёки иншоотни ижарага бериш тартиби ва шартлари?
2.Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасининг мазмуни ва шакли?
3.Бино ёки иншоотни ижарага топшириш ва қабул қилиб олиш шартлари?
4.Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасини бекор қилиш тартиби ва шартлари?
5.Корхонани ижарага бериш тартиби ва шартлари?
6.Бино - иншоот лизингги тартиби ва шартлари?
7.Лизинг шартномасининг мазмуни ва шакли?
8.Уй-жойни ижарага бериш тартиби ва шартлари?
9.Уй-жойни ижарага бериш шартномасининг мазмуни ва шакли?
10.Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш тартиби ва шартлари?
11.Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномасининг мазмуни ва шакли?
12.Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш тартиби ва шартлари?
13.Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жойни (квартирани) бошқа шахсга бериш шартномасининг мазмуни ва шакли?
13. ҚОНУН БЎЙИЧА МЕРОС, ВОРИСЛИК ВА ИШОНЧЛИ БОШҚАРИШ
Режа (29-30- марузалар):
13.1. Бино-иншоот мероси.
13.2. Бино-иншоотга қонун ва васият бўйича ворислик.
13.3. Бино-иншоотни ишончли бошқариш.
Таянч сўзлар: Фуқаролик кодекси, Мерос ҳуқуқи, хусусий мулк, мулк ҳуқуқи, қонун, гувоҳнома, нотариус, мол-мулк, васиятнома, меросхўрлар, никоҳ , қариндошлик, суд ҳужжати , ворислик , нотариал идораси.
Бино-иншоот мероси
Мулк ва мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи объектлардан бири мерос ҳуқуқидир. У хусусий мулкни, мулкий ҳуқуқ ва бурчларни ҳимоя қилиш, уни мустаҳкамлаш воситаси ҳисобланади. Мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади.
Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади. Меросга бўлган ҳуқуқ ворислик васияти мавжуд бўлмаса, қонун бўйича амалга оширилади.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан, яъни мерос қолдирувчи вафот этган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади. Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.
Фуқаролик кодексининг 1135-моддасидага мувофиқ, конун буйича биринчи навбатдаги меросхўрлар мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик хуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.
Мерос қолдирувчи билан меросхўрларнинг қариндошлик муносабатлари туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, туғилганлиги ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувларидан кўчирмалар, қариндошлик ёки бошқа муносабатларнинг ҳақиқийлигини белгиловчи суд ҳужжати ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланади.
Жумладан, нотариус мерос очилган вақтни аниқлаш учун марҳумнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими (ФҲДЁ) томонидан берилган ўлим ҳақида гувоҳнома, мерос очилган жойни аниқлаш учун мерос қолган мулк жойлашган ер (ҳудуд)да мерос қолган мулкнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат, агарда мерос қолган мулк уй бўлса, уйга нисбатан эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат (ордер, ҳокимият қарори, ҳадя, олиш-сотиш шартномаси ва ҳоказо)ларни талаб қилиб олади.
Агар қонун бўйича ҳам, васиятнома бўйича ҳам меросхўрлар бўлмаса ёхуд уларнинг ҳаммаси меросдан воз кечган бўлса, мерос мол-мулк эгасиз деб ҳисобланади. Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.
Агар мерос мол-мулкка нисбатан тақиқ ва хатлов қўйилган бўлса, тақиқ ва хатлов олиб ташланмагунга қадар меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани бериш тўхтатиб турилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |