13.2. Бино-иншоотга қонун ва васият бўйича ворислик
Ворислик ҳуқуқи – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36-моддасига кўра, мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади. Ворислик ҳуқуқи ворислик асосида вужудга келиб, унда мерос қолдирувчи ва меросхўр ўртасидаги мерос мол-мулки(бино-иншоот)ни ворисга ўтказиш билан боғлиқ ташкилий–ҳуқуқий муносабатлар ётади. Ворислик ҳуқуқи асосида ўтган бино-иншоот янги мулкдорнинг ўз мулки ҳисобланади, бинобарин, унинг юридик режимини янги мулкдор белгилайди.
Ворислик ҳуқуқи икки асосда вужудга келади: васиятнома асосида ва қонун бўйича.
Васиятнома асосида ворислик фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васиятнома тузиш орқали вужудга келади.
Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.
Агар васиятнома бир неча кишининг номига тузилган бўлса, васият қилувчи васиятномада мулкнинг уларга тегадиган улушини кўрсатиб бериши лозим.
Васиятномани тасдиқлаш вақтида васият қилувчидан унинг васият қилинаётган мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда унинг васият қилинаётган шахс билан қариндошлик асосларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди, чунки бегона шахсларга ҳам васият қилиниши мумкин.
Васиятномани васият қилувчи шахс томонидан тузилиши, имзоланиши ва мансабдор шахс томонидан тасдиқланиши бир кунда амалга оширилиши шарт.
Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим, агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли ўз қўли билан васиятномани имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан, нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигини сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.
Нотариал тасдиқланган васиятнома васият қилувчи томонидан ёзилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши мумкин.
Хусусан, касалхона, госпиталлар ва бошқа соционар даволаш муассасаларида, қариялар ва ногиронлар уйларида уларнинг директорлари, бош врачлари, уларни даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи врачлари, Ўзбекистон Республикаси байроғи остида сузиб юрган кема капитанлари, экспедиция бошлиқлари, озодликдан маҳрум этиш жойида муассаса бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалар нотариал тасдиқланган васиятномага тенглаштирилади.
Нотариус ёки васиятномани тасдиқловчи бошқа шахс, васиятнома кимнинг фойдасига тузилган ёки кимга нисбатан васият мажбурияти юклатилган бўлса, ўша шахс, унинг эри (хотини), болалари, ота-онаси, неваралари ва чеваралари, шунингдек васият қилувчининг қонун бўйича меросхўрлари, тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар, саводсизлар ва васиятномани ўқий олмайдиган бошқа шахслар, ёлғон гувоҳлик берганлик учун муқаддам судланган шахслар васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаши мумкин эмас.
Васиятномани тасдиқлаган мансабдор шахс васиятноманинг бир нусхасини васият қилувчининг қўлига беради, иккинчи нусхасини эса васият қилувчининг охирги истиқомат жойидаги нотариал идорасида сақлаш учун юборади (топширади).
Васият қилувчи истаган пайтида васиятнома сақланаётган нотариал идорага ариза бериш йўли билан васиятномани ўзгартириши ёки бекор қилиши ёки янги васиятнома тузиш йўли билан ҳам аввалги васиятномани қисман ёки тўлиқ бекор қилиши мумкин.
Васият қилувчининг ёзма топшириғи билан ўзи, нотариус ёки мансабдор шахс томонидан васиятноманинг ҳамма нусхалари устига бекор қилинганлиги ҳақида устхат ёзиб қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |