2.2.-расм. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқига Мурожаатномаси.
Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурияти, фуқароларнинг соҳадаги жиддий камчиликлар мавжудлиги бўйича мурожаатлари ҳамда эътирозларидан келиб чиқди. Бу ҳолат мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатмоқда.
“Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарур”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш мақсади Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида мустаҳкамланди. Жумладан, шахсларга нисбатан қийноқларнинг олдини олиш бўйича институционал механизмларни такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясининг Факультатив протоколига қўшилиш масаласи ижобий ҳал этилмоқда.
Озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазо муддатини ўтаётган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан, пенитенциар муассасалар ходимларини мунтазам ўқитишни ташкил этиш мамлакатимиз олдига қўйилган мақсадлардан бири ҳисобланади.
2021 йилга бағишланган Президент Мурожаатида Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш масаласи кўтарилди. Бунда Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизими йўлга қўйилиши таъкидланди. Бу амалиёт дўнёда кам учрайдиган ва Ўзбекистоннинг ўзига хос ноу-хоуси ҳисобланади. Бундан кейин Олий Мажлис палаталари ҳар йили Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича маърузасини эшитиш амалиёти йўлга қўйиладиган бўлди.
Ҳар қандай давлатнинг иқтисодий ривожланиши инвестицияларни, айниқса, чет эл сармояларини узлуксиз жалб қилишни, бунинг учун керакли ҳуқуқий шарт-шароитларни талаб қилади. Инвестиция фаолиятининг самарали ташкил этилиши унинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланганлик даражасига ҳам боғлиқдир. Шу боис, сўнгги йилларда республикамизда хорижий инвестицияларни устувор лойиҳаларга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, янги институтлар жорий этилмоқда. Бунда инвестицион фаолиятнинг эркинлиги ва тараққиётини таъминлаш мақсадида унинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эгадир. Эндиликда инвесторлар билан бўладиган тадбиркорлик фаолиятига оид низолар ўз хоҳишига кўра, Олий судга мурожаат қилиш йўли билан ҳал этиш механизмлари жорий этилмоқда.
Охирги йилларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш масаласида инсон ҳуқуқ ва эркинликларнинг кафолати сифатида бир қанча енгилликлар жорий этилди. “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуни 2020 йил 13 мартда янги таҳрирда қабул қилинди.
Қонунда қуйидаги янгиликлар киритилди:
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет давлат ҳарбий хизматига, хавфсизлик органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига хизматга кирганлиги фактларини аниқлаш;
хорижда доимий яшаётган ва доимий консуллик ҳисобига турмаган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини аниқлаш;
била туриб ёлғон маълумотларни ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилинганлиги фактини аниқлаш;
чет давлат фуқаролигини ихтиёрий равишда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини аниқлаш;
чет давлатнинг фуқаролигини туғилганлик бўйича ёхуд чет давлат фуқароси бўлган отасининг ёки онасининг фуқаролиги асосида, вояга етмаган ёшида олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини аниқлаш.
“2005 йилгача мамлакатимизга келиб доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини берсак, нима дейсизлар?”
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Хусусан, қонунда янгилик сифатида (6-моддаси) Фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тан олиш тартиби белгиланди. 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу Қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади. Шунингдек, ота-онаси (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари деб тан олинган бола ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиниши асослари кўрсатилди. Бу билан 50 минг нафардан ортиқ шахсларга фуқаролик олиш имконияти яратилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |