Тупроқни тайёрлаш. Тупроқни тайёрлаш одатда, уни юмшатиш ва кузги чуқур шудгордан бошланади. Кузги шудгорлаш 2 ярусли плугда 35-40 см чуқурликда амалга оширилса сифатли ҳисобланади. Ҳайдов олдидан ерларга органик минерал ўғитлар солинади.
Тупроқни баҳорги экишга тайёрлаш мақсадида кузда култиватор ёрдамида олдиндан пушта олиш мақсадга мувофиқдир.
Уруғликни тайёрлаш. Картошкадан юқори маҳсулот олишни таъминлашнинг муҳим йўли экиладиган туганакларнинг катта-кичиклиги, шакли ва бошқа белгиларига кўра саралашдир.
Ўзбекистонда экилган йирик туганаклар бир хилда униб чиқади. Улар кучли кўп поялар маҳсулот қилиб, соғлом ва юқори маҳсулот олиш имконини беради. Лекин йирик туганакларни (80-120 г) экиш катта харажатлар талаб қилади. Шунинг учун уни юқори агротехник шароитда ўтқазиш керак. Ўртача агротехник фонди ва унча кўп бўлмаган миқдорда ўғит солишга тўғри келганда ҳам зич экишда ўртача ўлчамдаги (50-60 г) туганаклар экилади.
Турли касалликларга ва заруркунандаларга қарши кураш ҳамда сийракланишининг олдини олиш мақсадида баҳорги, айниқса, ёзги экиладиган картошка туганаклари экиш олдидан зарарсизлантирилади. Бунинг учун 1 т уруғлик материал 3-3,5 кг сувли суспензияда қўлланади ёки ТМДТ препарати пуркалади.
Йирик туганакларни бўлиш фақат экиш олдидан амалга оширилади ва ТМДТ препаратида дезинфектсия қилинади. Туганаклар узунасига қирқилади. Уларни кузда ҳам кесиш мумкин. Фақат бунинг учун қирқилган туганакларда пўкак қатлам маҳсулот бўлиши учун нам ҳавода ва қоронғи ерда юқори ҳароратда (+5-20°С) 12-14 кун сақлаб тўрилади.
Тошкент давлат аграр университети томонидан оддий ва анча арзон усул, яъни қуёш нури яхши тушадиган очиқ майдонларда ёруғлик ўтказувчи қопчаларда плёнкалар остида уруғни экишга тайёрлаш усули таклиф қилинган. Туганаклар экишгача 2-3 ҳафта аввал тўшамага ёки яшикларга 10-15 см қалинликда жойлаштирилади ва устидан плёнка билан беркитилади.
Уруғлик туганакларни экиш олдидан тайёрлашнинг самарали усули ёруғликда тоблаш ва чиниқтириш ҳисобланади. Бунинг учун туганак маҳсулот йиғиштириб олинганда даланинг ўзига 1-2 см қалинликда ёйилади ва 10-12 кун давомида қўёш тиғида туриши таъминланади. Тобланаётганда туганаклар яшил рангга киради. Шундай қилинганда туганаклар яхши сақланади, турли касалликлар ва зараркунандаларга анча чидамли бўлади, тез ўсади ҳамда экилганда маҳсулот тугишга тез киришади.
Баҳорги экиш даврида экиладиган материал 20-25 кун давомида яхши ёруғлик тушадиган жойда +8-12°С ҳароратда ундирилади.
Туганакларни ёзги муддатда экишда экиш олдидан зарурий ишлов бериш усулига ўсимталарни синдириб ташлаш киради. Буиш икки марта ўсимталар 8-12 см га етганда қилинади. Охирги синдириш экишга 1,5-2 ҳафта қолганда амалга оширилади, чунки экилаётган вақтда туганакларда янги ўсимталар пайдо бўлиши керак.
Экиш. Иссиқ кунларнинг узоқ вақт давом этиши Ўзбекистонда картошкадан 2 марта маҳсулот олиш имконини беради. Эртаги картошка далага чиқиш имкони туғилиши биланоқ, яъни февралнинг охири ва мартнинг бошларида экилиши керак. Чунки ёзнинг иссиқ кунлари бошлангаунча туганаклар шаклланиб олиши лозим. Жанубий вилоятларда қиш илиқ келганда республиканинг марказий қисмларида эртаги картошка баъзан қишда ҳaм экилади. Бунда туганакларни совуқ уришдан сақлаш учун улар текис майдонларга 15 см дан кам бўлмаган чуқурликка кетма-кет мулчалаш билан экилади.
Одатдаги туганакларни экиш учун СН-46-1, СКС-4 маркали картошка экадиган машиналар, МТ3-50 ва МТ3-80/83 тракторларига агрегатланадиган САЯ-4 мосламасидан фойдаланилади. 90 см ли қатор ораларига экиш махсус картошка экадиган КСН-90 машинасида амалга оширилади. Ёзги экишда йирик туганаклар 15-16 см, майда ва ўрталари 10-12 см чуқурликда экилади.
Картошка экини учун қатор оралари кенглиги 70 см қилиб қабул қилинган. Қатор ораларини 90 см қилиб картошка етиштиришга қизиқиш ортиб бормоқда. Бу картошкага оширилган тезликда ишлов бериш имконини беради. Қаторларга картошка экиш қалинлиги экиладиган материалнинг ҳажмига, навига ва тупроқнинг унумдорлигига боғлиқ. Йирик туганаклиларни экишда қатордаги уялар оралиғи 20-35 см ни (1 га ерга 41-47 минг туп ўсимлик жойлашиши керак), ўртача туганаклар оралиғи эса 20-25 см ни (1 га ерга 57-71 минг туп) ташкил этади.