Янги давр. Инсоният тамаддуни тараққиётининг бу босқичида сиёсат ва маънавият соҳаларида уйғунлашув бошланди. Бу жараён XVI асрдан Европа минтақасида бошланиб, бутун дунёда жиддий янгиланишларни вужудга келтира бошлади. Маънавий янгиланишлар кенг омма орасида ривож олиб, оқибатда сиёсий соҳада тавҳидий тафаккур ғалабаси вужудга келди. Сиёсий янгиланишлар билан бир пайтда иқтисодий соҳада ҳам тубдан ўзгариш юз берабошлади. Товар ишлаб чиқариш ниҳоят даражада кенг ривож олиб бутун дунё ягона иқтисодий маконга айланди, жамоа бўлиб фойдаланиладиган иш қуроллари (фабрика, заводлар) вужудга келиши, ёқилғи ёрдамида ҳаракатга келтириладиган иш асбоблари ва дастгоҳларнинг ишлаб чиқаришда кенг қўллана бошланиши билан инсон жамоасининг яшаш ва меҳнат қилиш тарзида катта ўзгаришлар бунёдга келди. Бу даврда дунё тамалдунида Европа минтақаси етакчи ўринга кўтарилиб, Европа халқларининг яшаш тарзи, маданияти, адабиёти бутун жаҳонга ўз таъсирини ўтказа бошлади.
Албатта, XX аср бошларида собиқ Россия империяси ўрнида ва бир миллиарддан ошиқ аҳолига эга бўлган Хитойда ижтимоий мулкнинг тотал ҳукмронлиги ўрнатилиши инсоният тарихига жиддий таъсир ўтказган воқеа бўлди. Марксист тарихчилар шу асосда «энг янги давр» аталмиш тупгунчани киритишга уриндилар. Аммо жаҳон тарихи учун 50 — 60 йил сезиларли катта муддат эмас. «Социалистик система» деб дабдабали ном олган тизим эса узоққа бормай барҳам топиб кетди. Шу сабабли унга таяниб ўйлаб топилган тушунчалар ҳам бугунги кунда ўз аҳамиятини йўқотди.
Албатта, юқорида келтирилган даврлаштириш тарихий жараёнларнинг кўпроқ мазмун—моҳиятига оид бўлиб муддатлар нуқтаи назаридан турли минтақалар ва халқлар тарихида ўзига хос ўзгаришлар кузатилиши табиий. Масалан, Юнонистон шаҳар-давлатлари империялар даврида вужудга келганлиги, ибтидоий жамоа тузуми унсурлари эса баъзи қабила ва элатларда ҳатто XX асргача ҳам сақланиб ҳолганлигини эслаб ўтиш мумкин.
Жаҳон адабиёти бир кунда ва бирданига ҳосил бўладиган ҳодиса эмас. У асли турли минтака адабиётлари ва уларнинг ўзаро таъсири асосида яралади. Янги даврдан бошлаб катта аҳамият касб эта бошлаган миллий адабиётлар масаласига келсак, улар ҳам ўз навбатида асосан муайян минтақа адабиётлари заминида шаклланиб келган ва шу заминга таянган ҳолда аста-секин мустақил қудрат касб этган. Асли том маънодаги миллий адабиётлар ҳақида фақат янги даврда, нари борса, балки Ўрта асрларнинг охирларидан бошлаб гапира бошласак, ўринлидир. Чунки, миллий адабиёт ҳақида тасаввур миллат ҳақидаги тасаввурдан олдин вужудга келмайди. Ҳозирги кунда ҳар бир миллий давлатда ўз адабиётини ўрганиш кучайган ва уни иложи борича энг қадимги даврлардан бошлашга ҳаракат қилинмоқда. Албатта, бу тушунарли, аммо ҳақиқатни олиб қарайдиган бўлсак, қадим Юнон адабиётини фақат ҳозирги Греция халқига тегишли деб, ёки ҳатто ХIV-ХV асрлар Уйғониш даври адабиётини фақат итальянларнинг миллий адабиёти деб қараш ўринли бўладими? Масалан, биз Алишер Навоий ижодини ўзбек адабиётининг энг юксалиш даври сифатида олиб қараймиз, аммо Навоий Ҳиротда яшаганлигидан ташқари, усмонли турклардан тортиб Хитойдаги уйғурларгача Алишер Навоийни бегона санамайди-ку! Алишер Навоийнинг ўзи эса Фирдавсий ва Саноийлардан Ҳофиз ва Жомийгача, Аҳмад Яссавийдан Насимийгача устоз сифатида тан олади, ёдлайди. Хеч қаерда форсий ва туркий тилларда ижод этган шоирларни бир-бирига бегона билиб бир-биридан ажратмайди.
XII аср Хоразм адабиётшуноси Рашидиддин Ватвот "Ҳадойиқ ас-сеҳр фи дақойиқ аш-шеър" рисоласида хар бир шеърий санъатни таърифлар экан, аввал Қуръондан, сўнг араб шоирларидан, ундан кейингина форс шеъриятидан намуналар келтиради.
Демак, то Ўрта асрларнинг охирларигача биз миллий адабиётлар таркибига киритиб ўрганаётган бадиий мерос, асли кўп ҳолларда умумминтака маданияти ва адабиётига мансуб экан. Буерда, албатта, тил масаласи ҳам бор. ХIII-ХIV асрларда Шимолий Ҳиндустон ҳудудида яшаб ижод этган шоир Амир Хусрав Деҳлавий ўзининг "Нуҳ сипеҳр" ("Тўққиз осмон қабатлари") достонида ўша давр воқелигини акс эттириб, турли маҳаллий тиллар билан биргаликда минтақа тиллари ( у “жаҳон тиллари” деб атайди) мавжудлигини таъкидлайди ва ўша давр учун араб, форс, турк тилларини ушбу умумминтақа тиллари сифатида санаб ўтади. Бугунги кунда баъзи умумминтақа тиллари, масалан, лотин тили ўлик тилга айланган, ҳеч бир халқ бугун у тилда гапирмайди. Аммо, масалан, форс ва араб тиллари ҳануз жонли тил сифатида сақланиб қолмоқдалар ва ўнлаб давлатлар аҳолиси араб тилидан, бирнеча давлатларда эса (Эрон, Афғонистон, Тожикистон) форс тилидан расмий ва адабий тил сифатида фойдаланишмоқда7.
Демак, тожикларнинг бой минтақа меросини эркин ўқиб тушунишлари уларнинг омади, бахти деб ҳисоблаш керак. Аммо бу дегани ўзбеклар учун ушбу мерос тамом бегона дегани эмас. Бугунги ўзбек маданияти асосан, араб, форс, турк тилларида яратилган минтақа маданияти заминига таянади ва ушбу мероссиз маданиятимиз илдизлари ҳам жонсизланиб қолади. Адабиёт умумхалқ маданиятининг узвий кисми сифатида ушбу асосий қоидадан ташқари эмас. Фақат буерда тил масаласидаги ўзига хосликларни унутмаслик керак, холос.
Хуллас, бугунги жаҳон адабиёти таркибида Европа минтақа адабиёти, Яқин ва Ўрта Шарқ (мусулмон дунёси) минтақа адабиёти, Узоқ Шарқ минтақа адабиёти, Ҳиндустон яримороли минтақа адабиёти ва бошқаларни (масалан, Марказий ва Жанубий Африка минтақа адабиёти, Сибир халқлари адабиёти, ва ҳоказо) ажратиб кўрсатишимиз мумкин. Албатта, маълум ўринларда бу бўлиниш шартли тус олади ва бир миллат адабиёти баъзан турли минтақага тегишли бўлиб чиқиши мумкин. Масалан, арман ва грузин адабиётлари Ўрта асрлардан асосан Яқин ва Ўрта Шарқ минтақа адабиёти таркибида бўлган. Аммо христиан дини туфайли бу адабиётларнинг Европа минтака адабиёти билан ҳам умумий жиҳатлари мавжуд эди. Албатта, дунёдаги барча минтақа ва миллат адабиётларини мукаммал ўрганиб чиқишга ҳар қанча вақт камлик қилади. Шу сабабли муайян мутахассислик йўналиши учун биринчи навбатда ушбу йўналиш асосий мавзусига мувофиқ келувчи минтақа маданияти кенгроқ таништирилади. Жумладан, шарқшунослик институти филология факультети талабалари биринчи навбатда Шарқ халқлари адабиётини ўрганишга эътибор беришлари табиий. Бунда Ўрта асрлардан бошлаб бевосита араб, форс ва туркий тилларда шаклланган Яқин ва Ўрта Шарқ минтақа адабиётидан ташқари бизнинг минтақа ва миллий адабиётимиз билан бевосита ўзаро таъсирланиб ривожланган ва ниҳоятда қадимий бой анъаналарга эга бўлган Ҳиндустон ва Узок Шарқ минтақа адабиётларига ҳам етарлича эътибор ажратиш лозим бўлади.
Оғзаки ижод ва ёзма адабиёт муносабати.
Халқ орзаки ижоди хамиша ёзма адабиёт учун баракали манбалардан бири бўлиб келган. Эътиборли жиҳати шуки, ёзма адабиётнинг пайдо бўлиши оғзаки ижоднинг таназзулга юз тутишини билдирмайди. Аммо тарихий тараққиёт даврлари нуқтаи назаридан қараганда ёзма адабиёт хали вужудга келмаган даврдаги оғзаки сўз санъатини ёзма адабиёт билан ёнма-ён ривожланиб келаётган халк оғзаки ижодидан фарқлаш керак бўлади. Иккинчидан, яна бир тарихий ҳақиқат бор-ки, жаҳондаги баъзи халқлар ўтроқ маданият, аниқроғи шаҳар маданиятига кечроқ ўтдилар, баъзилар эртароқ. Бунинг турли сабаблари бор, албатта. Бу алоҳида мавзу адабиётни ўрганиш доирасидан ташқари бўлгани учун биз унга тўхталмаймиз. Аммо ёзув маданияти ва унинг кенг ривожида ўтроқлик ҳолати, шаҳар маданиятининг шаклланиши етакчи ўрин тутиши сабабли ёзма адабиёт кўпинча шу билан боғлиқ ривожланган. Биз жаҳон адабиётини ўрганишга киришар эканмиз, кўпроқ шу жиҳатларни ҳисобга олишимизга тўғри келади.
Оғзаки адабиёт кўпроқ синкретик бадиий ижоднинг бир қирраси сифатида мавжуд бўлади. Бахшилар оғзидан ёзиб олинган қўшиқ ёки достон матни аслида ҳаётдаги мавжуд бадиий воқеликнинг бир қиррасинигина акс эттиргани учун мукаммал бўлмайди. Биз бахши ижросини овоз ва тасвирини сақлаган ҳолда, яъни видеомагнитофонга ёзиб олсак, бу бадиий яхлитликни бирмунча тўлиқ сақлаб қолган бўламиз. Афсуски, бундай имкониятлар фақат ўтган аср иккинчи ярмидангина пайдо бўла бошлади. Ёзма адабиёт эса олдиндан, онгли равишда ўқиш учун, матн асосида яратилади. Шу сабабли шоир девони ўз ҳолича яхлит ва мукаммалдир, Ундан бир ғазални ажратиб олиб, уни куйга солиб ижро этган санъаткор янги санъат асари яратган бўлади.
Оғзаки ижоддан ёзма адабиётга ўтиш бошланган илк тарихий даврларни оладиган бўлсак, ҳатто асотирлар (“мифлар” ) ҳам даставвал алоҳида ижод намуналари сифатида вужудга келган эмас. Улар ўз пайдо бўлиш жараёнида турли диний ва бошқа маросимлар ( “ритуал” ) таркибидан аста-секин ажралиб чиққан. Ёки меҳнат қўшиқларини оладиган бўлсак, улар ҳам ўзига яраша маросим таркибида, унинг бошқа узвий қисмларидан ажралмаган ҳолда илк шаклланиш жараёнини бошдан кечирганлар.
Шу сабабли ўнминглаб йиллар давом этган ибтидоий жамоаларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши бир пайтнинг ўзида орзаки ижод намуналарининг ҳам вужудга келиш ва шаклланиш жараёнини ўз ичига олади. Дастлабки мақол ва маталлар, дастлабки мажозий масаллар, дастлабки мадҳия-қасидалар, ва қаҳрамонлик қиссаларининг ёзма матнда акс этиши ўзидан олдин жуда узоқ оғзаки шаклланиш жараёнини бошидан кечирганлигини доим назарда тутишимиз керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |