Когнитив фаолият – кишининг билим ва тафаккур, борлиқ ва унинг объектив қонуниятларини ўрганиш, англаш, идрок қилиш жараёни.
Когниция – субъектнинг билиш, идрок қилиш, таърифлаш қобилияти.
Концепт (лот.cонcептуал: маъно, мазмун, тушунча) – инсон онгининг руҳий заҳиралари ва ментал бирликларни ҳамда унинг тажрибаси, билимини акс эттирадиган маълумотларни изоҳлаш учун хизмат қилувчи атама; хотира, ментал сўзлар ва мия билан боғлиқ фаол бирлик - инсон руҳиятида акс этган олам манзарасининг концептуал тизими, яъни шахснинг дунё объектларига оид тасаввурлари, ўйлари, тахминлари, билимлари ҳақидаги маълумотлардир. Концепт – лисоний бирликлар (масалан, сўз, гап, матн кабилар) орқали юзага чиқувчи фикрлаш жараёни, ҳодисаси, тафаккур бирлиги бўлиб, бу инсон билиш жараёнининг натижасидир.
Концептлашиш – бу узатилган маълумотни тушуниш, олам ҳақида концептлар кўринишидаги маълум тасаввурларнинг ҳосил бўлишига олиб келадиган предмет ва ҳодисаларни хаёлий жиҳатдан тизимлаш ҳисобланади. Концептлаштириш жараёнлари билишнинг узвий қисмини ташкил этувчи фаолият намунаси ҳисобланади. Улар онгда ёнма-ён кечади, аммо уларнинг мақсад ва натижалари турлича намоён бўлади. Концептлаштириш жараёни инсон томонидан атроф дунёни билиш фаолиятидаги амалий тажриба натижалари ҳисобланган ментал сатҳ мазмуний бирликларини ажратишга қаратилган.
Концептосфера – концепт учун талаб қилинувчи белгиларнинг функциялашиш майдони. Концептосфера – халқнинг билим доираси бўлиб, маълум даражада халқнинг менталитетини белгилайди (воқеликни идрок қилиш ва тушунишнинг хусусиятлари): миллий концептосферани ҳосил қилувчи ментал бирликлар когнитив стереотиплар – воқелик ҳақида мулоҳазалар ҳосил бўлишининг асоси ҳисобланади. Концептосфера ҳар бир халқнинг маданий ва маънавий қиёфасини белгилаб беради. Халқнинг миллий маданияти қай даражада юқори бўлса, илм-фан, санъат ва ижод, адабиёт соҳасидаги ютуқлари кўпайиб, эътиқоди мукаммаллашиб боргани сайин унинг концептосфераси ҳам шунча бойиб боради. Умуман олганда концептосфера – бу халқ ёки алоҳида шахс когнитив онгининг маълумотлар базаси, фикрлар доирасидир. Концепт шаклланишиининг асосий манбаи – кишининг шахсий билиш, шу жумладан – у орқали коммуникатив (мулоқот, ўқиш, билим олиш) фаолияти. Концептосферани психологик, маданий ва лингвокогнитив метод ва усуллар билан ўрганиш мумкин.
Лисоний олам манзараси – лисоний жамоа онгида тарихан шаклланган ва тилда образлар тизими ва инсоннинг ўзини ўраб турган воқелик тўғрисидаги тасаввурлари шаклида ифодаланган, воқеликнинг концептлашиш усули ва тилда намоён бўлиши. Инсонда лисоний олам манзарасининг шаклланиши бевосита идрок қилиш билан боғлиқ. Идрок қилиш кишининг ўзи яшаётган олам тўғрисидаги тасаввурларини бойитади. Б. Уорфнинг фикрича, аввало, қандайдир киши (сўзловчи) ва у маълумот етказаётган қандайдир киши (тингловчи) иштирок этган оламнинг қандайдир объектив манзараси – вазият мавжуд бўлади.
Макроконцепт – лисоний бирликларни қамраб олиш доираси кенг қамровли бўлган концепт.
Do'stlaringiz bilan baham: |