ҲАДИСЛАР
Ислом динида ҳайвонларни ўлдириш, дарахтларни кесиш ва ўсимликларни нобуд қилиш ман қилинади. Бу атроф-муҳитини ҳимоя қилишда кўргазмали очиқ дарснинг дастлабки кўриниши бўлиб хизмат қилади. Имом Бухорий ўзларининг “Жомеъ-ус Саҳиҳ” китобларида ривоят қиладиларки: “Макка мукаррама Ҳарамдир. Ундаги тикан ва наботот узилмайди, ҳайвонлар чўчитилмайди, кўчада тушиб қолган нарсани фақат эгасига олиб борувчи шахс олур” деган ҳадисни келтирганлар. Навбатдаги ҳадисда: “Иброҳим алайҳиссалом Маккани ҳарам қилдилар. Мен Мадинадаги икки тоғ ўртасидаги жойни ҳарам қилдим. Ундаги наботот ва ҳайвонот оламига зарар келтирилмайди” дейилган.
Демак, Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара дунёда (заповедниклар)га айлантирилган десак хато бўлмайди.
Ҳадисларда экологиянинг ҳамма жабҳаларида шахсий гигиена, ўсимлик, ҳайвонот ва тупроқ экологиясига оид кўпдан-кўп кўрсатмалар бор. Юқоридагиларга қўшимча яна намуналар келтирамиз.
Соясида халқ фойдаланиб турган дарахтни кесиб юборган одамни Тангри дўзахга маҳкум этур.
Ўқ отиш машқида жонли нарсани нишон қилиб қўйманглар.
Кимки чумчуқдек қушни сўйишда ҳам ўз раҳмдиллигини кўрсатадиган бўлса, Тангри бундай кишига қиёмат куни ўз меҳрибонлигини кўрсатади.
Дунё ям-яшил ва гўзалдир. Кимки ундан хақли равишда ҳалоллик билан олса, ундан барака топади. Кимки нафс ҳоҳиши билан дунёни муккасидан кетиб эгалласа, қиёмат куни дўзахдан бошқа нарсага эришмайди.
Оллоҳнинг мўъжизаларидан бири Табиат инсоннинг барча ҳаётий эҳтиёжларини таъминлайдиган асосий манбадир. Инсон ва табиат ўртасидаги боғланиш ва мувозанат шу қадар кўз илғамас даражада нозик, омонатким, баъзида ҳатто у ёки бу фалокат оқибатларини тасаввур қилиш ёки олдиндан илғаб олиш мушкул бўлади. Шунинг учун Қуръони Карим ва Ҳадису шарифларда мазкур муаммоларга тегишли кўрсатмалар бугунги ҳаёт тарзимизнинг дастуруламали бўлиши керак.
ХУЛОСА
Экологик таълим ва тарбиянинг асосий вазифаси барча ўқув муассасалари тингловчиларига экологик қонунчилигимизни, биринчи навбатда Конституцияда белгиланган экологик бурчларни ўргатиш ва табиатга ҳурмат руҳини шакллантиришдан иборатдир. Ана шу нуқтаи назардан қараганда ҳозирги кунда экологик-ҳуқуқий таълим ва тарбиянинг аҳамияти муҳимдир. Экологик-ҳуқуқий таълим асосида ўз экологик ҳуқуқларини ва бурчларини яхши билган жамият аъзоларигина ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида экологик онгли равишда меҳнат қилади ва уларнинг яратувчанлик фаолияти анча юқори бўлади.
Экологик-ҳуқуқий тарбияни ташкил қилишда, уни такомиллаштиришда, экологик қонун нормаларини ҳаётга тадбиқ қилишда давлат ва унинг раҳбарлари томонидан ўтказилаётган экологик сиёсат ва тадбирлар ҳам муҳим рол ўйнамоқда. Олий Мажлиснинг бир неча сессияларида таълим масаласи диққат-эътиборда бўлди. Бизнингча, тараққиёт тақдирини, соғлом экологик муҳитни асраб авайлашни, биосферани сақлаб қолишни ҳам маънавий жиҳатдан етук одамларгина ҳал қиладилар. Таълим муассасалрида ўқитилаётган фанларни имкон қадар экологик –ҳуқуқий таълим тарбия билан боғлаб олиб борилиши мақсад қилиб қўйилиши лозим. Таълим муассасаларида олиб борилаётган экологик-ҳуқуқий тарбия самарали, фойдали бўлиши учун қуйидагиларга эътибор бериш зарур деб ўйлаймиз:
экологик таълим, тарбия беришда тарихий меросларимиздан фойдаланиш, уларни ҳозирги замон талабларига боғлаш зарур. Бунда Қуръони Карим, Ҳадис ва бошқа манбалардаги кўрсатмалардан фойдаланиш катта самара бериши мумкин;
буюк аждодларимиз панд-насиҳатларидан, ибратли фикрларидан фойдаланиш ҳам экологик таълим тарбиянинг таъсирини ошириши мумкин;
Конституция ва экологик қонунларнинг эзгу мақсадларини, табиий муҳитни муҳофаза қилиш ғоясини аниқ кўрсата билиш, экологик таълим-тарбиянинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолиши керак. Бунда қонунлардаги миллий қадриятларга ҳурмат, инсонпарварлик, ватанпарварлик, табиатсеварлик, аҳлоқий поклик, маданий меросга ҳурмат, экологик қонунларга нисбатан итоаткорлик, мустақиллик ғояларига садоқат, дин ва қадриятларга ҳурмат тингловчилар онгига , қалбига сингдирилиши шарт;
таълим муассасалари жойлашган ҳудудлардаги экологик муаммолар ва унинг хавфи ҳамда уларнинг олдини олиш чоралари ҳақида, иқтисод, тежамкорлик, исроф, увол, қилмаслик масалаларига объектив ёндошиб, табиат бойликларини асрашга ларни кўз қорачиғидай тутишга ўргатиш лозим;
экологик муаммоларнинг олдини олиш, ҳамда бартараф этиш тадбирлари билан боғлиқ вазиятларни тушунтириш орқали мамлакат, корхона ва ташкилотларнинг, транспортларнинг, биз инсонларнинг табиатга таъсиримиз ҳақида маълумотлар бериш билан бирга, табиат муҳофазаси бўйича ўтказилаётган ҳар бир тадбирларда қатнашиш ва бу борада ўзгалар меҳнатини қадрлашни ўргатиб боришимиз лозим;
экологик ҳуқуқбузарликлар учун албатта, жазо муқаррарлиги қа улар Ўзбекистон Республикасининг бир қатор кодекслари билан тартибга солиниши ҳақида, табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ваколатлари ва унинг тегишли органлари ҳақида маълумотлар бериш мақсадга мувофиқдир;
ўқувчи-ёшларни экологик тарбиясини кучайтириб, такомиллаштириб бориш йўли билан, уларда табиатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ касбларга муҳаббат уйғотиш, экологик муаммоларнинг олдини олиш ва шу соҳада доимий изланувчи кадрлар бўлиб етишишида пойдевор яратиб, олдиндан тайёрлаб бориш ҳам экология борасида олиб борилётган тадбирларимиз таъсирини янада кучайтириши керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг келажаги бўлган ёшларга экологик таълим-тарбияни ҳаётий мисоллар асосида, қўлга киритилаётган экология борасидги ютуқларни исботловчи далиллар асосида бериш ҳар томонлама фойдалидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |