Экотизим-экологияда фаолият кўрсатувчи асосий бирликдир, негаки унга организмлар ҳам, жонсиз муҳит ҳам киради. Улар бир-бирига ўзаро таъсир этадиган ва ерда мавжуд бўлган шаклда ҳаётни қўллаб-қувватлаб турадиган таркибий қисмлардир. Агар биз биомлар ва биосфера даражасида пайдо бўладиган муаммоларни жамиятимиз яхлит ҳал этишни ҳоҳласак, биз авваломбор уюшқоқликнинг экотизимли даражасини ўрганишимиз керак.
Экотизим тўғрисидаги тасаввур гарчи анча илгари пайдо бўлган бўлса ҳам, “экотизим” атамаси биринчи марта 1935 йилда инглиз экологи А.Тенсли томонидан таклиф қилинган. Организмлар ва муҳит (шунингдек, инсон ва табиат) бирлиги ҳақидаги гапларни тарихнинг энг қадимги ёзма ёдгорликларида учратиш мумкин. Аммо бу ҳақидаги аниқ гаплар фақат ўтган асрнинг охирларидагина пайдо бўла бошлади. Шуниси жуда қизиқки, бундай гаплар Америка, европа ва рус экология адабиётларида деярли бир вақтда пайдо бўлади.
Чунончи, немис олими Карл Мёбиус 1877 йилда устрица банкасидаги организмлар туркуми ҳақида ёзади. Машҳур рус олими В.В.Докучаев (1846-1903) ва унинг жуда кўзга кўринган шогирдларидан бири Г.Ф.Морозов (ўрмон экологияси бўйича ихтисослашган) “биоценоз” тўғрисидаги тасаввурга катта эътибор беришган.
Туркумларни ифодалаш учун В.И.Сукачаев биогеоценоз атамасини (“биос”-ҳаёт, “гео”-Ер, “ценоз”-туркум) таклиф қилган (у ҳамма томонидан қабул қилинган). “Биогеоценоз-бу Ер юзасининг маълум масофадаги бир-бирига ўхшаш табиий ҳодисалар (атмосфера, тоғ жинслари, ўсимликлар, ҳайвонот олами ва микрооргнизмлар ҳодисалари) мажмуидир. Бу мажмуи уни ташкил этувчи таркибий қисмлар ўзаро таъсирининг ўзига хос алоҳида хусусиятига ҳамда таркибий қисмлар ўртасида ва ички диалектик бирликда, доимий ҳаракат ва ривожланишдабўлган бошқа табиат ҳодисалари билан модда ва энергия алмашувининг муайян хилига эгадир”.
“Экотизим” ва “биогеоценоз” тушунчалари бир-бирига яқин, аммо улар маънодош сўзлар эмас. А.Тенслининг таърифича, экотизим-бу жонли ва жонсиз таркибий қисмларнинг беўлчов барқарор тизимларидирки, уларда моддалар ва энергиянинг ташқи ва ички алмашиниши рўй беради. Шундай қилиб, микробларибилан томчи сув ҳам, ўрмон ҳам, гулли тувак ҳам; бошқариладиган фазо кемаси ҳам, оқова сувларни тозалаш иншооти ҳам экотизимдир. Улар биогеоценоз таърифига кирмайди, чунки уларга бу таърифнинг кўпгина булгилари хос эмас. Экотизим бир қанча биогеоценозни қамраши мумкин.
Экотизимнинг барча элементлари ҳам биотик, ҳам абиотик омиллар таъсиридадир. Бу жараёнлар муайян муҳит шароитларида рўй беради.
Экологик нуқтаи-назардан муҳит-бу шундай табиий жисмлар ва ҳодисаларки, организм улар билан бевосита ёки бавосита муносабатда бўлади. Организмнинг атроф-муҳити ниҳоятда хилма-хил бўлади. У вақт ва маконда кўпдан-кўп ҳаракатдаги элементлар, ҳодисалар, шарт-шароитлардан ташкил топадики, улар омиллар сифатида кўздан кечирилади.
Экологик омил-бу тирик организмларга, жуда бўлмаса уларнинг алоҳида ривожланиш даврининг бирида бевосита ва бавосита таъсир ўтказишга қодир бўлган исталган муҳит шароитларидир. Ўз навбатида организм махсус мослашиш-мувофиқлашиш орқали экологик омилга таъсир кўрсатади.
Ҳар бир организм боғлиқ бўлган муҳитнинг экологик омиллари иккита туркумга бўлинади: 1) жонсиз (абиотик) табиат омиллари; 2) жонли (биотик) табиат омиллари.
Do'stlaringiz bilan baham: |