ҳамда фарқли жиҳатлари
Битирув малакавий ишининг курс ишидан катта фарқи (тажриба-синов ишларини ўтказиш имконияти ва зарурати мавжуд бўлса) педагогик тажрибанинг ташкил этилишидадир. Курс ишини бажариш учун талаба таъкидловчи тажриба билан кифояланиши мумкин. Бунинг учун у ўқувчилар билан савол-жавоб (сўровнома, интервью, суҳбат ва бошқаларни) ўтказади.
Битирув малакавий ишида таъкидловчи тажриба иши доим ҳам етарли бўлмайди. Кўпинча шакллантирувчи тажриба ўтказилади. Унинг моҳияти шундаки, ҳодиса ва жараёнлар қатъий назорат қилиш ва бошқариш шароитида ўрганилади. Исталган тажрибанинг асосий тамойили тадқиқ қилинаётган жараёнларнинг ҳар бирида бошқа омиллар ўзгаришсиз қолгани ҳолда биргина омилни ўзгартиришдан иборат.
Тажриба ишининг қуйидаги босқичларини ажратиш мумкин:
Фараз ҳамда асосий мақсад ва вазифаларни белгилаш.
Тажриба дастурини ишлаб чиқиш.
Тадқиқот натижаларини қайд қилиш усулларини ишлаб чиқиш.
Тажрибани ўтказиш.
Натижаларни сифат ва миқдор жиҳатдан таҳлил қилиш.
Натижаларни умумлаштириш, изоҳлаш, хулосаларни ёзиш.
Битирув малакавий ишининг тахминий тузилиши ва бўлимларнинг мазмуни
Битирув малакавий иши қуйидагилардан ташкил топади: кириш – умумий ҳажмнинг 10%; назарий қисм – назарий масалаларни қўйишдан кўзланган мақсад, уларни ўрганишнинг белгиланган даражасидан келиб чиққан ҳолда умумий ҳажмнинг 25-30%; таҳлил қисми – 15-20%; тажриба-синов ишлари ҳақидаги қисм – 30-35%; хулосалар – 5%; адабиётлар рўйхати.
Битирув малакавий ишининг тузилиши, ундаги боблар мутаносиблиги ҳар бир ишнинг мавзуси, объекти, предмети, мақсадига боғлиқ ҳолда алоҳида белгиланади. Битирув малакавий ишининг ҳажми матн, жадваллар, иллюстрация материаллари билан бирга 40-60 саҳифани ташкил этиши лозим.
Кириш қисмида мавзунинг ижтимоий ва педагогик жиҳатдан долзарблиги асосланади, муаммо белгиланади, тадқиқот объекти, предмети, мақсади кўрсатилади, тадқиқотнинг фарази, вазифалари, методологик асоси ёритилади, танланган мавзунинг ишланганлик даражаси аниқланади, тадқиқот олиб бориш методлари, манбалар, дастлабки маълумот қисқача тавсифланади. Кириш қисмининг сўнгги варианти ишнинг бошқа қисмлари тайёр бўлганидан кейин ёзилади.
Битирув малакавий ишининг бош қисмида мавзунинг асосий масалалари бўйича назарий маълумотлар баён этилади, илмий мактаблар муаллифларининг қарашлари таҳлил қилинади ва умумлаштирилади, кўриб чиқилаётган соҳада олиб борилган тадқиқотлар гуруҳлаштирилади, турли методик ёндашувлар баҳоланади. Битирувчининг ўз қарашлари, концепцияси белгиланади, булар асосида таъкидловчи ва шакллантирувчи тажрибага тайёргарлик кўриш учун методик ёндашув танланади. Мазкур қисм мазмунини баён этиш жараёнида муаллиф назарий билимлардан педагогик амалиёт таҳлилига, хусусий ҳодисалар таҳлилидан назарий умумлаштиришга ўтиши зарур.
Таҳлилий қисмда болаларга мактабгача таълим муассасасида, ўқувчиларга мактаб, педагогик коллежда таълим-тарбия беришнинг, уларни ривожлантириш, мактабгача таълимни ташкил этишни бошқаришнинг аҳволи, бунда қўлланаётган методлар ва б. таҳлил қилинади. Тадқиқотнинг методологияси асосида мактабгача ёки ўрта махсус таълимда вужудга келган вазият таҳлил қилинади, ишнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқ танлаб олинган ҳамда шакллантирувчи тажриба-синовни ўтказиш методикасини ва мазмунини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган маълумотлар тадқиқ қилинади ва қайта ишланади.
Тажриба қисми қуйидагиларни ўз ичига олади: болалар ёки ўқувчиларнинг таълим-тарбиясини такомиллаштириш методлари, мазмуни бўйича ишланмалар, ишларни олиб бориш методикаси; қўйилган масала ва вазифаларни ҳал этиш йўллари; олинган натижаларни таълим муассасаларига жорий этиш бўйича методик тавсиялар. Шу мақсадда илмий қарашлар негизида, шахсий тажриба ва педагоглар тажрибасининг таҳлили асосида мазкур таълим муассасасида ўрганилаётган ҳодисанинг динамикаси ва ҳозирги аҳволи ёритилиши керак (аввал аҳвол қандай эди, муайян вақт ичида нима ўзгарди, ниманинг натижасида ютуққа эришилди, миқдор ва сифат ўзгаришлари нималарда намоён бўлди, қандай қийинчиликлар дуч келинди ва улар қандай бартараф этилди ва ҳ.з.).
Хулоса қисмида талабаларнинг тадқиқот ишини олиб боришдаги позициясини кўрсатувчи бажарилган иш натижалари бўйича хулосалар берилади. Шунингдек, таҳлил натижалари, болалар билан, мактабгача таълим-тарбия муассасаларининг жамоаси билан, бўлажак тарбиячилар билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар, ушбу тавсияларни жорий этиш йўллари кўрсатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |