Битирув малакавий ишини расмийлаштиришга қўйиладиган талаблар.
Битирув иши техник ва илмий ҳужжатларни компьютерда териш қоидаларига мувофиқ равишда стандарт қоғознинг бир томонига ёзилган бўлиши керак. Расм ва жадваллар умумий талабларга қатъий риоя қилинган ҳолда, яъни расм ости ёзувлари ва расм номи, тартиб рақами, ҳавола, изоҳ, хулосалар билан бирга берилиши ҳамда матнда учрашига кўра тартиб билан жойлашиши керак.
Битирув ишида саҳифалар, жумладан, жадвал ва расмлар ҳам, оддий усулда рақамланади. Саҳифалаш мундарижадан бошланади.
График, жадвал, ҳужжат, ишнинг таҳлилий ва тажриба қисмларини изоҳловчи ҳисоб-китоб кўринишидаги иккинчи даражали материаллар битирув ишининг иловасида берилиши мумкин.
График материал мавжуд талабларга мувофиқ равишда стандарт қоғозда бажарилиши керак.
Битирув ишининг барча қисмлари мавзу ва режага мос равишда ўзаро мантиқий боғлиқликда бўлиши лозим. Иш фойдаланилган адабиётлар рўйхати билан якунланади.
Битирув ишини расмийлаштиришда қуйидаги талабларга жавоб бериш зарур:
матнда ишнинг тузилиши аниқ белгиланади: режага мувофиқ унинг асосий бўлимлари ажратилади, режадаги барча масалалар чуқур ва тўлиқ ёритилади, фикрлар илмий услубда баён этилади;
фойдаланилган адабиётлар рўйхати иловадан олдин берилади;
манбаларга ҳаволалар (манбанинг муаллифи, номи, нашр жойи, йили, саҳифа) варақнинг қуйи қисмида ёки квадрат қавсда кўрсатилади;
битирув ишининг саҳифалари тикилади ва махсус жилдга йиғилади, жилднинг муқоваси иш титул варағининг айнан нусхаси бўлиши лозим.
Тугалланган битирув иши муаллиф ва маслаҳатчи (ёки маслаҳатчилар, агар улар талабанинг ишига раҳбарлик қилган бўлсалар) томонидан имзоланади ҳамда раҳбарга тақдим этилади. Иш раҳбарга давлат аттестацияси бошланишидан уч ҳафта олдин берилгани маъқул.
Ўн кун ичида раҳбар битирув ишига тақриз ёзади. Тақризда ишнинг барча бўлимлари тавсифланади. Унда ижобий жиҳатлар, камчиликлар, муаллифнинг мустақил фикрлаш даражаси, талабада илмий адабиёт билан ишлаш ва тажриба-синов тадқиқотини ташкил этиш кўникмасининг мавжудлиги, олинган натижаларнинг аҳамияти ва асосланганлиги, уларни амалда қўллаш имкониятлари ҳамда битирув ишини ҳимояга тавсия этиш ҳақидаги хулоса акс этиши лозим.
Битирув иши раҳбарнинг тақризи билан бирга кафедра мудирига тақдим этилади. Кафедра мудири битирув ишини ҳимояга тавсия этиш масаласини ҳал этади ва бу ҳақда ишнинг тегишли имзо чекади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 1998 йил 31 декабрь 362-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Олий ўқув юртлари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги Низом”, “Олий ўқув юртлари бакалавр битирув малакавий ишини бажаришга қўйиладиган талаблар”да таъкидланишича, йўналиш (мутахассислик) бўйича якуний фанлараро давлат аттестациясига ва битирув малакавий ишининг ҳимоясига дастурлардан бири бўйича тўлиқ таълим курсини тугатган ва режада кўзда тутилган барча синовлардан ўтган шахслар қўйилади.
Кафедра барча талабларга жавоб берадиган, якунланган диплом ишини тақдим этган талабаларни ҳимояга тавсия этади. Агар ишнинг сифати билан боғлиқ эътирозлар мавжуд бўлса, уни ҳимояга қўйиш масаласи илмий раҳбар иштирокида ўтадиган кафедра мажлисида ҳал этилади.
Битирув малакавий иши белгиланган муддатда тайёр бўлмаган ёки унинг сифати талабга жавоб бермагани учун ҳимояга қўйилмаган ҳолларда талаба тегишли фан бўйича давлат аттестациясини топширишга ҳақли.
Мутасадди кафедра томонидан ҳимояга тавсия этилган битирув малакавий иши факультет декани (ёки у билан келишилган ҳолда кафедра мудири) томонидан тақризга юборилади. Тақризчилар таркиби битирув малакавий ишига раҳбарлик қилган кафедранинг мудири тавсияси бўйича декан томонидан тасдиқланади.
Имкон қадар битирув ишларини ташқи тақризга юбориш лозим. Бунда тақризчилар сифатида малакали мутахассисларни – мактаб, илмий ва таълимий муассаса, таълимни бошқариш идораларининг ходимларини, шунингдек, бошқа олий укув юртларининг профессор-ўқитувчиларини жалб қилиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга битирув малакавий иши бажарилган олий укув юртида фаолият юритувчи, мазкур ишни ҳимояга тайёрлаган (ҳимояни ўтказадиган) кафедра аъзоси бўлмаган профессор-ўқитувчилар ҳам тақризчи бўлишлари мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |