9-Мавзу: Адам Смит
РЕЖА
1. А.Смит ҳаёти ва ижоди.
2. А.Смит ғоялари.
XVIII асрнинг иккинчи ярмида классик иқтисодий мактаб британиялик олимлар А.Смит ва Д.Рикардо асарларида энг юксак чўққига кўтарилди. Бу ҳол тасодифий эмас эди, чунки бу олимлар яшаб ижод этган даврда Англияда чуқур иқтисодий, социал ва сиёсий ўзгаришлар рўй бераётган эди.
Англия жаҳонда энг ривожланган ва саноатлашган давлатга айлана бошлади, иқтисодиётда ва ижтимоий ҳаётда капиталистик муносабатлар хал қилувчи ўринларни эгаллади. Мамлакатда юксак ривожланган қишлоқ хўжалиги ва тез ўсаётган саноат мавжуд эди, фаол ташқи савдо олиб бориларди. Янги жамиятга хос синфий ажралиш яққол бўлиб, ишчилар, соҳибкорлар, ер эгалари - лендлордлар ва фермерлар бор эди.
Капиталнинг дастлабки жамғарилиши натижасида йирик марказлашган мануфактуралар ва капиталистик фермалар тобора муҳим аҳамият касб эта бошлади. Агар XVIII аср бошида мамлакат хали аграр ҳолатда бўлса, саноатнинг иқтисодиётдаги ҳиссаси тобора тез ўсиб борди. Англия индустриал аграр давлатга айланди. Мануфактуралар сони ошди, улардаги ишчилар сони кўпайди, ишчиларнинг аҳволи ниҳоятда оғир бўлиб, қаттиқ эксплуатацияга дучор қилинди.
Аср ўртасида Англия бошқа мамлакатларга нисбатан мануфактурадан фабрикага ўтишга яқин турар эди. Англия саноат инқилоби арафасида эди. Мамлакатнинг саноат маҳсулотлари жаҳон бозорида юқори баҳоланган ва талаб тобора ортган, аммо давлат томонидан киритилган савдо-сотиқдаги протекционизм сиёсати, феодализм давридаги бир қанча тартиб ва чеклашлар, қонунлар давр талабига жавоб бермай қўйди, уларнинг борлиги капитализм ривожига тўсқинлик қилар эди.
Англия саноати эгалари эркин соҳибкорлик фаолиятини кучайтиришни, феодализм қолдиқларини тугатишни талаб қиларди. Шу сабабли соҳибкорлар синфи янги капиталистик ишлаб чиқариш усулини илмий жиҳатдан тўла таҳлил қиладиган иқтисодий таълимотларга муҳтож эди.
Шундай қилиб, XVIII асрнинг иккинчи ярми ва XIX асрнинг биринчи чорагида Буюк Британияда бошқа давлатларга нисбатан иқтисодий ғояларнинг ривожланиши учун ниҳоятда қулай шароитлар юзага келди, бу ғоялар А.Смит ва Д.Рикардо таълимотларида ўз аксини топди.
Бу олимлар ўзларидан аввалги меркантилизм, илк классик мактаб ва физиократизм ғояларини мукаммал ўрганиб, шулар асосида янги иқтисодий мактабнинг шаклланишини ниҳоясига етказдилар. Аслини олганда улар бозор иқтисодиёти асосини яратдилар.
Саноат инқилоби дастлаб енгил саноатда, хусусан, тўқимачилик соҳасида бошланди ва машинасозлик вужудга келиши билан ниҳояланди. Ж.Кей тўқув мокисини, 1733 йилда Ж.Ҳаргривс ўз қизининг номи билан атаган «Женни» механик тўқув дастгоҳини кашф этди. Механик К.Вуд уни 1772 йилда такомиллаштирди, 1783 йилда эса С.Кромптон «мюль-машина»ни яратди, 1785 йилда Э.Картрайт механик тўқув станогини ижод қилди, бу дастгоҳ 40 одамнинг ишини бажарарди. Р.Аркрайднинг тўқув машинаси эса бу соҳанинг унумдорлигини кескин оширди.
Ишлаб чиқаришнинг энергетик базаси кул ва сув оқимидан 1782 йилда Ж.Уатт томонидан ишлаб чиқилган буғ машинаси иҳтиёрига ўтиши муҳим ўзгариш бўлди, бу машина асосида 1805 йилда буғ кэмаси-пароход яратилди, 1811 йилда Ж.Стефенсон паровоз ясади, 1830 йилда эса Манчестер-Ливерпуль темир йўли қурилди.
Металлургия соҳасида 1735 йилда А.Дерби пистакўмир ўрнига тошкўмирдан фойдаланиб, домна печидан нисбатан сифатли ва кўпроқ миқдорда металл олиш йўлини топди. Ж.Уилкинсон ҳамма нарса, кўприк, қувур ва ҳатто пароход ҳам металлдан бўлиши керак, деган ғояни илгари сурди. Темирдан пароход ясалганида унинг сувда сўза олишига хеч ким ишонмади.
Саноат инқилоби иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётда кескин ўзгаришларга олиб келди. 1701-1802 йиллар оралиғида тўқимачилик ривожи туфайли Англияда пахта толасидан фойдаланиш 6000 фоизга ўсди. 1788-1838 йилларда чўян эритиш 68 минг тоннадан 1347 минг тоннагача ошди.
Сиёсий соҳада ҳам муҳим ўзгаришлар рўй берди, демократик, парламентар институтлар юзага кела бошлади. Лекин шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бу инқилобий ўзгаришларни ҳамма ҳам тўла тушуниб етмади. Масалан, А.Смит машина ва фабрикаларни кўргани ҳолда мануфактурани қўллади, Англия келажаги қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ деб ўйлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |