Адам Смит (1723-1790) Шотландиянинг Керколди шаҳрида божхона амалдори оиласида дунёга келди. Глазго ва Оксфорд университетларида таълим олди, у ерда фалсафа, адабиёт, тарих фанлари билан бирга физика ва математикани ҳам ўрганди. А.Смит 1748 йилда Эдинбургда оммавий лекциялар ўқий бошлади. Глазго университетининг профессори лавозимига сайланди, кейинчалик ижтимоий фанлар кафедрасини бошқарди. А.Смит 1759 йилда ўқиган лекциялари асосида этиканинг фалсафий муаммоларига бағишланган ўзининг биринчи «Аҳлоқий ҳиссиёт назарияси» китобини яратди. Унинг иқтисодчи бўлишига Глазгодаги ўзига хос сиёсий иқтисод клубидаги иштироки, қисман философ ва иқтисодчи Давид Юм билан дўст бўлганлиги таъсир этди. Аммо у 1764 йилда университетдаги ишини ташлаб, бир инглиз аристократнинг оиласига тарбиячи бўлиб келди (герцог Баклю). Ўз тарбияланувчиси билан Европа бўйлаб саёҳатга чиқди, Швейцарияда Вольтер, Францияда Дидро, физиократлар Ф.Кенэ ва А.Тюрго, Д`Аламбер, Гельвеций, Гольбах ва бошқа таниқли прогрессив олимлар билан учрашди, уларнинг ишлари билан танишди. Бу учрашувлар олимнинг дунёқарашини шакллантиришга катта таъсир қилди.
У 1766 йилда ўз юртига қайтди ва ўзининг бош асари - «Халқлар бойлигининг табиати ва сабаблари тўғрисидаги тадқиқот»ни ёзишга киришди, бу асар 1776 йил мартда Лондонда чоп этилди. Асарда инсоният томонидан илгари яратилган иқтисодий билимлар мужассамлаштирилди ва умумий назарий принциплар асосида нисбатан батартиб иқтисодий фанлар тизимига айланди.
А.Смитнинг бу асари беш китобдан иборат бўлиб, биринчисида қиймат ва қўшимча даромад муаммолари тадқиқ этилди, иккинчисида - капитал жамғарилишининг шаклланиши даврида Европанинг иқтисодий ривожланиши, учинчисида - турли халқларда фаровонлик, капитализм тараққиётининг тарихий шарт-шароитлари, тўртинчисида - меркантилизм ва физиократларнинг таълимотига муносабати, бешинчисида эса давлат молия тизими тадқиқ этилган. Бу ажойиб асар А.Смит тириклигидаги даврда тўрт марта, ўлимидан кейин аср охиригача уч марта такроран нашр этилди. Бу асардаги хулосалар кенг жамоатчиликни фақат Англиядагина эмас, балки чет элларда ҳам қизиқтириб қолди. Россияда бу асарнинг таржимаси биринчи марта 1802-05 йилларда чоп этилди.
Ўсиб бораётган соҳибкорлар учун бу асар айниқса асқотди, феодализм қолдиқларини тугатиш учун қимматли қурол бўлди. Янги капиталистик, яъни бозор иқтисодиётининг классик таълимоти яратилди.
А.Смит томонидан тадқиқ этилган инсоннинг табиати, инсон ва жамият орасидаги муносабат классик мактаб қарашларининг асосини ташкил этади. Бунда «иқтисодий одам» тушунчаси кейинроқ пайдо бўлишига қарамасдан, унинг кашфиётчилари А.Смитга таянганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |