Италияда илк уйгониш даври санъати
Режа:
Италияда илк уйгониш даври санъати
Флоренция санъати
Филиппе Брунеллески. Флоренциядаги Санта Мария дель Фиоре собери. XIV—XV аср.
XV аср ўрталари ва иккинчи ярмида италия санъати
XIV асрнинг охирларидан бошлаб, Флоренция Италиядаги муҳим сиёсий ва маданий марказлардан бирига айлана бошлади ва бутун Италия бадиий маданияти ва саньатининг кенг қўламда қайта янгиланиши ва ривожланишига туртки бўлди.
XV асрда Флоренцияда яшаб ижод этган буюк саньаткорлар Мазаччо, Донателло, Брунеллески ва уларнинг издошлари ўз ижодларида Уйғониш даври саньати тамойилларини намоён этдилар. Бу саньаткорларнинг асарлари гуманизм ғоялари билан суғорилган бўлиб, улар ўз асарлари марказига инсон образини қўйдилар. Илк Уйғониш даври саньаткорлари проторенессанс санъати ютуқларини давом эттирган холда, уни илмий жиҳатдан бойитдилар, реалистик саньатнинг янги қирраларини очдилар. Илк Уйғониш даврида антик саньатга қизиқиш янада ортди. Ҳаётни чуқур ўрганиш асосида асар яратиш тамойиллари эса саньаткорларнинг фикр доирасини янада кенгайтирди. Воқеликни илмий асосда билишга интилиш пайдо бўлди. Бу даврда ўлкан бинолар, ғоят катта гумбазли ва қатор устунли собор, сарой ва ибодатхоналар қурилди. Флоренциялик меьморлар антик меьморлик аньаналари ва ордер тизимидан унумли фойдаландилар ва бу аньаналарни ўрта аср Италия меьморлик техникаси ютуқлари, маҳаллий қурилиш материал ва конструкциялари билан уйғунлаштириб, ренессанс меьморлиги услубини яратдилар. Бу услуб ривожига готика ҳамда Византия меьморлиги услуби ҳам самарали таьсир қилди. Ренессанс меьморлигида девор юзаси текислигининг яхлитлигига эьтибор кучайди, меьморлик композициясининг вертикал ва горизонтал чизиқлар ритми ва мутаносиблигига, хонанинг кенглиги, унинг яхлит ва кўркамлигига аҳамият берила бошланди. Бу даврда .граждан меьморлиги, монастирлар комплекси, ибодатхоналар қурилиши ҳам янгиланди. Шаҳарнинг ижтимоий-маьмурий марказ лоиҳаси ва тузилиши билан боғлиқ бўлган янги типи пайдо бўлди.
Илк Уйғониш даврида ҳайкалтарошлик ўзининг энг гуллаган даврини бошидан кечирди. Бу даврда қатор етук ҳайкалтарошлар ижод этиб, реалистик ҳайкалтарошлик саньати тараққиётига муҳим хисса қўшдилар. Булар ичида Лоренцо Гиберти, Донателло, Яконо делла Кверчи каби ҳайкалтарошлар, айниқса, машҳурдир. Кватрочентога келиб, ҳайкалтарошлик мустақил санъат турига айланди. Агар ўрта аср саньаткори учун бу санъат бевосита меьморлик билан боғлиқ холда, унинг ажралмас компоненти бўлган бўлса, эндиликда ҳайкалтарошлик мустақил санъат сифатида намоён бўлди. Ҳайкалтарошлик диний мистик мазмундан холи бўлиб, бевосита Уйғониш маданиятига хос бўлган хусусият — реал ҳаётга мурожаат эта бошлади. Унинг бош қаҳрамони инсон, унинг хис-туйғу ва орзу-истаклари бўлиб қолди. Бу даврда портрет жанри ҳам ривожланди, очиқ майдонга қўйиш учун мўлжалланган отлиқ ҳайкаллар яратилди. Ҳайкалтарошликда янги материал (керамика, бронза, мармар)ларнинг кенг ишлатилиши ҳам ҳайкалтарошлик саньатидаги қатор ўзгаришларга сабаб бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |