Найчалаш босқичини аниқлаш. Биологик хусусиятларига кўра кузги ҳисобланадиган, хусусан, суғориладиган ерларда ўстириладиган ғалла ўсимликларида (буғдой, арпада) кузда ва баҳори ғалла ўсимликларида кўкламда тупланиш вақтида бўғимли бошланғич поя билан бошланғич бошоқ (рўвак) чиқади. Улар баргнинг нови ичкарисида жойлашганлигидан кўринмайди, лекин пояни узунасига кесиб, уларни кўриш мумкин. Баҳорда поя аста-секин бўйига ўсиб боради. Бу ходиса найчалаш деб аталади.
Бошланғич поя кўндаланг йўлларга ўхшаб кетадиган ва бир-бирига жуда тақалиб турадиган бўғимлар кўринишида бўлади. Унинг учидан бошланғич бошоқ чиқади, бу даврда дастлабки поядан узунроқ бўлади. Поянинг ўсиши энг пастки бўғим оралиғининг узун тортишидан бошланади, шу билан бир вақтда бошланғич тўпгул ҳам ривожланиб боради. Биринчи бўғин оралиғидан кейин, пастдан ҳисобланганда иккинчи, кейин учинчи ва ундан кейинги бўғим оралиқлари ривожланади. Тез орада иккинчи бўғим оралиғи биринчи, учинчи ва хоқазо бўғим оралиқларидан тез ривожланиб кетади. Ҳар бир бўғим оралиғи пастки қисмидан ўсиб боради.
Поя шу тариқа ривожланганда бошоқли юқориги бўғим барг нови ичида юқори кўтарилади. Поя одатда гуллаш охирига, яъни дон туғилиш бошига келиб ўсишдан тўхтайди.
Биринчи гуруҳга кирадиган ғалла экинлари поясида 4-7 та бўғим оралиғи бўлса, шоли, маккажўхори, жўхорида анча кўпроқ бўлади. Устки бўғими ер юзидан 5 см чамаси кўтарилганда найчалаш босқичи бошланади. Бу даврда уни барг нови устини пайпаслаб билиш ёки барг найчасини кесиб кўриш мумкин.
Бошланғич поя ва бошоқ тупланиш босқичига, яхшиси найчалаш босқичига кирган ўсимликларда ўрганилади. Бундай ўсимликлар даладан олиб келинади, иссиқхоналарда ёки бетўхтов ёритиб турадиган электр нурида ўстирилади. Бошланғич тўпгул билан пояни кўриш учун поя асосига яқин жойдан узунасига кесилади ва оддий кўз билан, яхшиси лупада, янада яхшиси жуда катталаштириб кўрсатадиган лупа орқали (масалан, бинокль орқали) кўриб чиқилади.
Ғалла ўсимликларини қулоқча ва тилчаларига қараб аниқлаш. Найчалаш босқичида ўсимликнинг барча органлари тез ўсади. Бошоқ (рўвак) чиқарганда поя тўлиқ ривожланган бўлади. Ўсимлик поясида бўғимлар кўндаланг сидирға тўсиқлар бўлади. Поянинг бўғимлар орасидаги қисми бўғим оралиғи деб аталади. Ҳақиқий ғалла ўсимликларида бўғим оралиғининг ичи кўпгинча ковак-бўш, гоҳо юқори томони юмшоқ тўқима билан тўлган бўлади. Маккажўхори билан оқжўхори пояси бошдан охиригача тўла бўлади.
Поянинг ҳар бир бўғимидан барглар чиқади, улар ҳалқасимон йўғонлашма кўринишидаги барг бўғими билан пояга бирикиб туради. Барг одатда чизиқли ёки чизиқли ланцетсимон барг пластинкасидан ҳамда пояни зич ўраб, пишиқ қилиб шикастланишдан сақлайдиган барг новидан иборат бўлади. Барг нови барг пластинкасига ўтадиган жойда юпқа рангсиз парда ҳосил бўлади, у тилча деб аталади. Тилча ёғин-сочин сувининг поя билан барг орасида оқишига тўсқинлик қилади. Барг новининг асосида унинг иккала томонидан майда тўсиқчалар-қулоқчалар жойлашган, улар пояни ўраб олиб, барг новини унда тутиб туради. 3-(расм)
Ғалла ўсимликларининг тилча билан қулоқчаси ҳар хил тузилган бўлади (3-жадвал)
Do'stlaringiz bilan baham: |