Структура кўрсаткичлари –бу бир қисмнинг бутун қисмга нисбатини характерлайдиган нисбий миқдордир. Улар бирон-бир ходисанинг тузилиши, таркибини аниқлайди: китоб фонди ёки китоб берилишининг билимлар сохаси бўйича тақсимланиши, китобхонларнинг ижтимоий ахволи бўйича гурухлаш, кутубхоналар тармоқларининг шаҳарлар, қишлоқлар бўйича тақсимланиши ва бошқалар. Таққослаш асоси қилиб бутун қисм олинади, Структура кўрсаткичлари қисмни бутун қисмга бўлиш билан хисоб қилинади, одатда у фоизларда ифодаланади, бу қисмни салмоғини кўрсатади.
Интенсивлик (даража) кўрсаткичлари –мазмунига кўра ҳар хил, аммо ўзаро боғланган икки кўрсаткичнинг нисбатини ўлчовчи миқдор нисбатидир. Улар ходисалар интенсивлигини, уларнинг ривожланиш даражасини характерлайди. Масалан, китоб фондларидан фойдаланиш ёки китобхонлик фаоллик даражасини аниқлаш керак. Интенсивлик кўрсаткичи (даража) бу алоқани характерлайдиган икки турли миқдорни қиёслаш йўли билан хисобланади. Бу миқдор баъзан коэффицент деб аталади.
Хилма хил топшириқларни (вазифаларни) нисбий кўрсаткичлар ёрдамида ҳал қилиниши статистикада, режалаштиришда, илмий- тадқикот ишларида уларни кенг қўлланилишига олиб келмоқда.
Ўртача кўрсаткич- бу бир неча ёки кўпгина бир хил ҳажмларнинг умумий ёки йиғма характеристикаси. Масалан, турли оммавий кутубхоналарнинг китоб фондлари миқдори ҳар хил. Агар жами кутубхоналарнинг фондлари жамланиб хисобланса, унда биз улардаги китоб бойлигининг умумлаштирувчи йиғма характеристикасига эга бўламиз. Яъни оммавий кутубхоналарнинг ўртача китоб фонди миқдорини биламиз.
2.Кутубхона статистикасининг бўлимлари: китобхонлар; кутубхона фонди; кутубхона хизмати; кутубхона тармоқлари; кадрлар.
Китобхонларни хисоблаш статистикаси: кутубхонадаги китоблардан неча киши фойдаланади деган саволга жавоб беради. Одатда хисоб бирлиги бўлиб китобхонлар формулярлари хизмат қилади: йил давомида қанча формуляр рўйхатга олинган бўлса, шунча кишига хизмат кўрсатилган. Аммо хисобнинг бундай услуби айнан бир кишининг ўзи бир вақтнинг ўзида абонементдан, ўқув залидан, йирик кутубхоналарда эса хатто бир неча бўлимлардан фойдаланишига олиб келади. Бунинг натижасида умумий формулярлар йиғиндиси кутубхонанинг барча бўлимларидан фойдаланувчиларнинг ҳақиқий сонини ошириб юборади. Шунинг учун кутубхонага аъзо бўлган ҳар бир китобхонга рўйхат карточкаси юритиш ва кутубхонанинг барча бўлимларидан фойдаланиш хуқуқига эга китобхонлик билети жорий қилиш мақсадга мувофиқдир.
Берилган билетларнинг сони неча киши кутубхонага аъзо эканлигини кўрсатади. Ўз навбатида, ҳар бир бўлим унинг хизматидан фойдаланадиган китобхонлар сонини рўйхатга олади. Бу эса йиллик хисоботда, кутубхона китобхонларининг сони ҳамда кутубхона бўлимлари хизмат кўрсатадиган кишиларнинг жами миқдори ҳақида фикр юритиш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |