Экологик маданият – энг муҳим масала
Экологик таълим тизимининг долзарблиги мамлакатимиз табиатини асраш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ушбу ўта жиддий, ҳаётий масалага аҳолининг барча қатлами, айниқса, ёшлар томонидан салмоқли ҳисса қўшилиши зарурлиги билан белгиланади.
Шу муносабат билан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги қарорида белгиланган аниқ мақсад ва вазифаларни ҳамда йўналишларни назарда тутувчи «Ўзбекистон Республикасида экологик таълимни ривожлантириш» концепцияси республикамизда экологик таълим тизимини янада ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этади.
Бу концепциянинг асосий мақсади ўсиб келаётган ёш авлодда экологик билим, онг ва маданиятни шакллантириш ҳамда ривожлантиришдан иборат.
Эътироф этиш жоизки, Президентимизнинг 2017 йил 12 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузаларида ҳам экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, ҳар бир инсонда табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, «...Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур. Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди, бунга ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин», – деб таъкидлаган эди.
Мазкур соҳадаги вазифаларнинг кўлами мамлакатда экологик ҳолатни яхшилаш ва юзага келган муаммоларни яхлит ҳолда ҳал этишда жамиятнинг барча кучларини бирлаштиришга йўналтирилган давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш заруратини қўймоқда.
Президентимиз ташаббуси билан ўтган йил декабрь ойидан Орол денгизининг қуриган майдонининг 363 минг гектарига саксовул уруғини экиш бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги «Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, ушбу ҳудудларда чўл ўсимликларидан ҳимоя ўрмонзорлари барпо қилишни самарали ташкил этиш ҳамда глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизи қуришининг қишлоқ хўжалиги ривожланиши ва аҳолининг ҳаёт фаолиятига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида 2019 йилда амалга ошириладиган тадбирлар учун 100 миллиард сўм ажратилди.
Юқоридаги саъй-ҳаракатлар бу борадаги амалий ишларнинг илк қадамлари саналади.
Дарҳақиқат, экологик муаммолар ижтимоий-ғоявий ва ҳудудий чегара билмайди. Уларнинг олдини олишда ягона самарали йўл, дунё халқлари, барча миллат ва элатлар эътиборини табиат ҳамда жамиятдаги номутаносиблик, унинг кун сайин кескинлашиб бораётганлигига қаратиш лозим.
Хулоса шуки, ота-боболаримиздан мерос ҳисобланмиш она табиатни софлигича келгуси авлодларимизга етказиш нафақат табиатни муҳофаза қилувчи мутахассислар, балки ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарздир51.
Do'stlaringiz bilan baham: |