Экологик зиддиятларни хавфсизликка таҳдид эканлиги ва унинг кўринишлари.
Мамлакатимизда демократик давлат, фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар ҳамда глобаллашув даврида юзага келаётган маҳаллий, минтақавий ва глобал экологик муаммолар атроф муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш масалалари соҳасида қонунчиликни янада такомиллаштиришни, янги қонунларни ишлаб чиқишни таққозо этмоқда.
Зеро, қонунчилик механизмини янада такомиллаштириш, ишлаб чиқилаётган қонунларни халқаро амалиёт ва андозаларга мос бўлиши, уларни кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ҳамда қонун ижросини таъминлаш парламентнинг долзарб вазифаларидан бири саналади.
Шундан келиб чиқиб, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан экологик қонунчиликни янада такомиллаштириш, қонунлар нормаларидаги зиддиятларни, “оқ доғ”ларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида соҳага оид қонун ҳужжатлари ва улар билан боғлиқ бошқа қонун хужжатларини ҳар тарафлама хатловдан ўтказилиб таҳлил қилинди. Унинг натижаси ўлароқ, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари томонидан “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги, янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда “Чиқиндилар тўғрисида”ги; “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини тайёрлаш устида иш олиб борилмоқда. Ушбу қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар биринчи навбатда Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий, шу жумладан биологик ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган иқтисодий ва экологик сиёсатни рўёбга чиқариш учун қўшимча ҳуқуқий асослар яратиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш масалаларини қонунчилик жиҳатидан самарали тартибга солишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини оширишга, қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф қилишга, жамоатчилик назорати тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилган.
Экологик муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш нафақат Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши, балки экология ва аҳоли саломатлигини сақлаш билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳам ҳал этишга йўналтирилган50.
Фан-техниканинг жадал ривожланиши, аҳоли сонининг кескин ошиши озиқ-овқат, ёқилғи ва бошқа маҳсулотларни кўпроқ ишлаб чиқаришни тақозо этмоқда.
Ҳозирги даврга келиб, табиий захиралардан фойдаланишнинг кескин кўпайиши, инсониятнинг табиат қонуниятларига бўйсунмаслиги оқибатида экологик муаммоларнинг долзарблиги янада ошиб бормоқда.
Бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг ҳар олтинчиси экологик номақбул ҳудудда яшайди, ҳар ўнинчи катта дарё бир неча ой мобайнида денгизга етиб бормайди.
Экологик хавфсизликнинг энг нозик ва мураккаб қирраларидан бири – тоза ичимлик суви муаммоси дунё аҳолисини жиддий ташвишга солмоқда. Чунки айни пайтда жаҳон аҳолисининг 40 фоизи тоза ичимлик суви етишмайдиган жойларда яшамоқда. Бу ҳолат 2025 йилга бориб янада мураккаблашиб, ҳар ўн одамдан 6 нафари ёки 5,5 миллиард аҳоли тоза ичимлик суви танқис бўлган ҳудудларда яшаш эҳтимоли бор.
Йилига ер юзидан 13 млн. гектар ўрмонзор йўқолиб кетмоқда. 2050 йилга бориб ҳайвонот турларининг 25 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида қолиши мумкин. Биологик турларнинг табиий суръатлардан 100 маротаба тезроқ тугаб битиш хавфи бор. Иқлим географияси ўзгармоқда. Сўнгги 15 йилда ўртача ҳарорат энг юқори кўрсаткичга етди.
Бу муаммолар минтақамиз учун ҳам ўта долзарб. Орол денгизининг қуриши инсоният тарихидаги энг йирик экологик фожиалардан биридир. Сайёрамиздаги қадимий ёпиқ сув ҳавзаларидан бири бўлган Орол денгизи йириклиги жиҳатидан дунёда тўртинчи ўринда турган.
Do'stlaringiz bilan baham: |