Туркистонда маърифатпарварлик ҳаракати
Туркистонда маърифатпарварлик ҳаракатининг илдизлари ҳалқимизнинг узоқ тарихий ўтмиши, буюк алломалар ва донишмандлар томонидан яратилган ва жаҳон илм-фани, маданиятига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшилган бой меросимизга бориб тақалади. Бу бебаҳо мероснинг шаклланиши ва ҳозирги кунгача ўз қадр-қимматини йўқотмаган моҳият-мазмунида Амир Темур ва унинг авлодлари даврида яратилган маънавий бойликнинг ўзига яраша ўрни ва салмоғи бор.
Темурийлар даври умуман Шарқ, хусусан Марказий Осиё – илм-фан, маданият, маънавият, адабиёт ва санъат ривожида муҳим босқич, янги тарихий давр, туб бурилишдир. Бу даврдаги маънавий-маърифий ҳаётдаги кўтарилиш ва юксалишнинг манбаи, бошланиши IX-XII асрларга бориб тақалади. XIV асрнинг иккинчи ярми ва ХV асрда Марказий Осиёнинг маданий-маънавий ва маърифий камолоти IX-XII аср маданияти, маънавияти ва маърифати давомидир. Марказий Осиё халқларидан етишиб чиққан буюк тафаккур эгаларининг бутун бир авлоди худди шу даврда шаклланди ва ижод этди. Бутун дунёга номлари машҳур тарихчилар Шарофиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир, Давлатшоҳ Самарқандий олимлар – Улуғбек, Али Қушчи, Қозизода Румий; файсафус шоирлар – Абдурахмон Жомий, Алишер Навоий, Лутфий, Саккокий, Атоий; мусаввирлар - Камолиддин Беҳзод, Қосим Али, Мирак наққош ва бошқалар шулар жумласидандир. Уларнинг ҳаммаси ўша давр ва ўзларигача бўлган инсоният маънавияти, маърифати ва маданияти ютуғининг барча соҳаларини мукаммал билиб ва ўзлаштириб олган, ўзлари танлаган соҳаларнинг ҳали ҳеч ким томонидан забт этилмаган чўққиларини эгаллаган улуғ сиймолар, қомусий илм, ақл эгалари бўлганлар.
Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари ижодида юксак босқичга кўтарилган мусаввирлик санъати Шарқ уйғониш даврининг ютуқларидан биридир. Беҳзод ўзининг такрорланмас ижоди, гўзал миниатюра санъати ва ажойиб маҳорати билан нафақат Шарқда, балки бутун дуёда ҳам ўчмас из қолдирди, “Иккинчи Моний”, “Шарқ Рафаэли” деган номлар билан юксак даражада эъзозланди.
Темурийлар даври илм-фан, маданият, маърифат ривожи Мирзо Улуғбек (1394-1449) нинг номи билан чамбарчас боғланиб кетган. У давлат арбоби, фан, маърифат ҳомийси, буюк олим ва мунажжим эди.
У ўзи бунёд эттирган расадхона ва илм-маърифат марказига турли соҳаларда иш олиб борувчи 100 дан ортиқ илм аҳлларини тўплаб, кенг жабҳада илмий кузатиш ишларини олиб борган. Булар Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчи, Мавлоно Аҳмад, Муҳаммад Ҳавофий, Абул Али Биржондий, Мирим Чалабий, Муиниддин Коший каби замонанинг забардаст олимлари бўлишган.
Темурийлар даври маънавияти,ва маърифати ривожи ўзларининг ҳаёти ва фаолиятини инсоннинг бахт - саодати, халқлар осойишталиги, ободонлик ишлари, илм-фан, адабиёт ва санъат ривожига бағишлаган буюк мутафаккир Мир Алишер Навоий (1441-1501)нинг номи билан чамбарчас боғлиқдир.
Ўзбек халқининг буюк фарзанди, мутафаккир, давлат арбоби, ўзбек адабиёти ва тилининг асосчиси Алишер Навоий Ўрта Осиёнинг маънавий ва маърифий фикр тараққиётида алоҳида ўрин тутади. У адабиёт, санъатнинг турли соҳаларига оид қирқдан ортиқ асар яратди. “Чор девон”, “Ҳамса”, “Махбуб-ул-Қулуб”, “Мухокаматул-луғатайн”, “Мажолис-ун-нафоис”, “Лисон-ут-тайр” ва бошқалар шулар жумласидандир.
XIX асрда Туркистонда бошланган жадидчилик ҳаракати тарихий ўтмишимизда яратилган бой маънавий-маърифий мерос анъаналарини давом эттириб, халқнинг барча қатламларини маърифат орқали маънавиятини юксалтириш, шу йўл билан тараққиётнинг юқори поғоналарига олиб чиқишга интилиш ҳаракати бўлди.
Жадидчилик аслида маърифатпарварлик ҳаракатининг кўринишидир. Маърифатнинг луғавий маъноси билиш, таниш, билим, демакдир. Бошқача айтганда маърифат билмоқ, кишиларнинг онг билимини маданиятини оширишга қаратилган таълим - тарбия жараёнидир. Маърифат сўзининг кўпликдаги маъноси маорифдир. Маърифат атама сифатида - табиат, жамиат ва инсон моҳияти ҳақидаги турли-туман билимлар, маълумотлар мажмуасини билдиради. Маърифатли дегани-билимли, муайян соҳада маълумоти бор, демакдир.
Туркистон маърифатчилик мактаби бой ўтмиш ва улкан меросга эга. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли, Абдулқодир Шакурий, Ашурали Зоҳирий, Саидрасул Саидазизий, Исҳоқхон Ибрат ва Аҳмад Донишлар XIX аср охирларида фаолият бошлаб, мамлакатни, халқни миллий зулм ва қолоқликдан ҳалос этишнинг ягона йўли маърифатда деб билдилар. Бу фидойи зотлар мустабид тузум ва жаҳолатга, маънавий қуллик ва зулм зўравонликка қарши бор кучлари билан кураш олиб бордилар. Бу маърифатпарвар боболаримиз дунё кезиб, дунё халқларининг илму урфони, маданияти билан танишиб, мустамлака ўлкани, унинг кишанларини илм чироғи билангина озодлик сари бошламоқ, парчаламоқ мумкин эканини чуқур ҳис этидлар. Шу сабабли ҳам энг аввало юртимизда мактаб-маориф ишларини ривожлантиришда ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатдан азму шижоат намунасини кўрсатдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |