Бехтерев Владимир Михайлович (1857 – 1927); рус физиологи, невролог, психиатр. 1878 йили Петербург Тиббий хирургия академиясини тугатиб 1884 йили В. Вундт ва Ж.-М. Шаркода стажировка қилган.
1885 йили у Қозон шаҳрида биринчи экспериментал психофизиологик лаборатория ташкил қилди.
1908 йили В. М. Бехтерев Психоневрология институтини ташкил қилди, 1918 йилдан эса мия ва психик фаолиятни ўрганиш институтини бошқара бошлади.
В. М. Бехтерев барча психик жараёнлар рефлектор ҳаракат ва вегетатив реакциялар билан бирга кечади, деб ҳисоблаган. В. М. Бехтерев рефлексологияни психология ва физиологияга боғлиқ бўлмаган фаннинг мустақил соҳаси деб билиб, келажакда рефлексология психологияни ўрнини алмаштириши керак, деб ҳисоблаган. В. М. Бехтерев одам бош ва орқа мияси ўтказувчи йўлларининг кашфиётчиси ҳисобланади.
Ухтомский Алексей Алексеевич (1875 – 1942); рус физиологи, нерв марказлари фаолияти ва хулқни ташкил қилишнинг бош тамойили сифатида доминанта таълимотининг кашфиётчиси.
1923 йили нашр қилинган А. А. Ухтомскийнинг “Доминанта нерв марказларининг ишчи тамойили сифатида” номли китобида доминанта марказий нерв системасида муваққат устунлик қиладиган рефлекс ёки рефлектор хулқ, деб таърифланган. А. А. Ухтомскийнинг фикрича, марказий нерв системасида устунлик қилаётган қўзғолиш ўчоғи бошқа рефлектор аппаратлари ишини ўзгартиради (масалан, ҳимоя рефлексини амалга оширишда бир хил рефлектор ҳаракатлар бажарилиб, бошқа рефлектор ҳаракатларнинг бажарилиши истисно қилинади). Психология нуқтаи назарида доминанта – фаолиятга тайёрликдир. А. А. Ухтомский доминанта ёрдамида одам биринчи марта шахс бўлади, деб ҳисоблаган. Доминантанинг асосий характерли белгилари: 1) доминантага айланган марказда қўзғолишнинг кучайиши; 2) бу марказда қўзғолишнинг ажралиб турувчи белгиси унинг барқарорлиги ҳисобланади; 3) доминант марказдаги қўзғолиш бошқа рефлектор механизмларнинг тормозланиши билан боғлиқ; 4) доминант марказ қўзғалишни кучайтиришга қодир.
Собиқ иттифоқ ҳудудида психологиянинг 1917-йилдан кейинги тараққиёти
20–30- йилларда амалий психологиянинг психотехника йўналиши гуркираб ривожланди. Психотехника ўз таъсири жиҳатидан илмий ҳамжамиятда кенг кўламли жамоатчилик ҳаракатига айланди. Психотехниканинг асосчилари 1903 йилда “психотехника” атамасини қўллашни таклиф қилган немис психологи Вильям Штерн (1871–1938) ва корхоналарни бошқариш, касбий танлов ҳамда касбга йўналтириш муаммолари билан шуғулланган немис-америка психологи Хьюго Мюнстенберг (1863–1916)лар ҳисобланишади. Психотехника ривожланишининг ўзига хос хусусияти шунда бўлдики, бу ҳаракатда психологлар билан бирга физиологлар, гигиеначилар, педагоглар фаол иштирок этишди ва бу ҳаракат кейинчалик НОТ МИТҚ (МИТҚ – меҳнатни илмий ташкил қилиш) ҳаракатига айланди. 1927 йили И. Н. Шпильрейн раислигида бутунроссия психотехника жамияти рўйхатга олинади. 20- йилларда кўплаб психотехника лабораториялари очилади, “Совет психотехникаси”, “Меҳнат психофизиологияси ва психотехника” журналлари нашр қилина бошланади. 30- йилларнинг бошида психотехникани йўқотиш кампанияси бошланиб, психотехника лабораториялари ёпилади, кўплаб олимлар репрессия қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |