Абдулла Авлоний (1874-1934). Янги давр ўзбек маданияти, адабиётининг асосчиларидан, болалар адабиёти, ўзбек миллий театри, драматургияси, матбуоти, ўзбек миллий педагогикасининг тамал тошини қўйганлардан бири.
Авлоний асримиз бошларида ўлкамизда авж олган жадидчилик ҳаракатининг фаол иштирокчиси сифатида миллат болаларини саводхон қилиш, улардан етук олимлар, мутахассислар тайёрлаш, Ватанни озод кўриш, фаровон етиш йўлида фидойилик билан меҳнат қилди. Ана шу мақсадда жуда кўп сохаларда фаол иш олиб борди. 1907-йилда ўз уйида «Шухрат» номли газета нашр қилди. У махалласида янги усулдаги мактаб очди. «Усулижадид» мактаблари учун тўрт қисмдан иборат «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар», «Биринчи муаллим», «Иккинчи муаллим», «Мактаб гулистони», «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» каби дарслик ва ўқиш китоблари тузди. Мактаб-маориф ишларига ёрдам кўрсатиш мақсадида хайрия жамияти ташкил қилди. «Нашриёт» ширкати тузиб, Хадрада «Мактаб кутубхонаси» китоб дўконини очди.
Жадидчилик – янгиланиш, янги усул маъносини англатади. У янги замонавий мактаб, матбаа, миллий тараққиёт усуллари, йўллари тарафдорларининг умумий номи.
Жадидчиликнинг асосий ғоя ва мақсадлари: Туркистонни ўрта асрчилик, феодал қолоқлик, хурофатлардан озод қилиш, “Усули қадим” ни инкор этган ҳолда ўлкани, халқни, миллатни замонавий тараққиёт йўлига олиб чиқиш, миллий давлат бунёд этиш, конституцион, парламент ва президент идора усулидаги озод ва фаровон жамият қуриш, туркий тилларга давлат тили мақомини бериш, миллий қўшин тузиш ва бошқалардан иборат.
Туркистонда жадидчилик миллий-озодлик кураши жараёнида юзага келган, ўзбек халқи тарихида янги саҳифани оча бошлаган ижтимоий ҳаракат бўлганлиги билан ажралиб туради. Уларнинг дунёқарашида ватанпарварлик, миллатпарварлик, маърифатпарварлик, тараққийпарварлик каби ғоялар етакчилик қилган. Ўлкани мустамлака зулмидан озод қилишни жадидлар ҳамма нарсадан устун қўйдилар. Жадид зиёлилари эрк, истиқлолга эришиш учун миллий онгни ўстириш зарурлигини пайқадилар. Шу орқали миллий уйғониш ясамоқчи бўлдилар. Буни эса таълим ва тарбияда – маърифатда деб билдилар. Мана шунинг учун ҳам жадидлар янгича таълим ва тарбия тизимини қарор топтириш йўлида ҳормай-толмай ишладилар.
XIX аср охири ва XX аср бошларида бу ҳаракатнинг тарихий аҳамияти ниҳоятда катта бўлган. Бу даврларда жамиятнинг маънавий инқирози чуқурлашган бўлиб, миллий маданиятни кўтармай, умуминсоний қадриятлардан баҳраманд бўлмай маърифат, тарбиявий ишларни кенг йўлга қўйган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тараққиётга имконият яратиб бўлмас эди. Жадидлар, яъни маърифатчилар миллатнинг маънавий камолоти йўлида ўзининг бутун кучи ва истеъдодини сафарбар этишга тайёр бўлган фидойилар эди.
Жадидлар миллатни қолоқлик, хурофот ботқоғидан олиб чиқиш учун ҳаракат қилар эканлар, бунда шариатга қатъий риоя қилиш орқали мактаб ва мадрасаларда таълим бериш тизимини дунёвий илмларни бериш асосида ислоҳ қилиш ғоясини илгари сурганлар ва бу борада ўзлари амалий ҳаракат намунасини кўрсатганлар. Жадидчилик XIX аср охири ва XX аср бошлари миллий уйғониш ва миллий юксалишида катта роль ўйнаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |