Сўфизмда руҳий ҳолатлар, психик жараёнлар масалаларининг ишланиши
Сўфизмдаги инсон руҳи ва инсон вужуди ўртасидаги муносабатларни ҳар бир даврнинг фидойилари ўз замоналарига мослаб тушунганлар ва тарғиб қилиб одамлар онгига етказа олганлар.
XIX асрга келиб буюк психолог Зигмунд Фрейд психология фанида ўзининг онгсизлик, онг ости, психоанализ муаммоларини илмий асослаб, бу фанга беқиёс ҳисса қўшган. Фрейд фикрлари инсон хулқининг мотивлари кўламини, инсон фаоллиги манбаларини рўй-рост очиб берганлиги билан қимматлидир. Айни шу ўринда таъкидлаш лозимки, инсон онгига таъсир қилиш, экспериментал психология ва психоанализ билан ўша даврларда сўфийлар шуғулланганлар.
Сўфизмда руҳ, вужуд муносабати қандай талқин қилинган? Сўфийлар ғоясига кўра вужуд руҳнинг қафаси, унинг оёғидаги кишан ҳисобланади, ваҳоланки, руҳ бор нарса экан у ҳар доим, ҳар сонияда озодликка интилувчан бўлади. Қачонки, қафасдан озод бўлса у парвоз қилади, олий ақл билан қўшилиб кетади деган ғояни Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ-ут-тайр”, Алишер Навоийнинг “Лисон-ут-тайр”, Ибн Синонинг “Хай ибн Якзан”, ”Саломон ва ибсол”, ”Қушлар” каби китобларида кўриш мумкин.
Руҳнинг ҳақиқат билан бирлашишга интилиши ғояси инсоният тафаккурида янгилик эмас. “Ердаги ҳаёт руҳ учун берилган жазодир” деб тарғиб қилган Грек фалсафа мактабларидан тортиб, ҳар бир дин, ҳар бир диний - фалсафий йўналиш шу ғояни тарғиб қилиб келган. Сўфийларда бу ғоя янгича талқинини топган. Бу янги мазмун шундан иборатки, ҳаёт фаолиятининг мазмуни учун инсон ўзи жавобгардир, демак, инсон ўз шахсидаги турли иллатлар, ғайриинсоний ҳислатлар учун ўзи масъулиятлидир, ўз хулқини ўзгартириш, ундаги ижобий сифатларни шакллантириш одамнинг ўзига боғлиқ. Бу ғоя биринчи марта исломдаги “Тақдири азал” тушунчасига қарши қўйилган “Ирода эркинлиги” ғояси эди. Мансур Халлож, Насимий, Машраб, Ибн Сино, Аҳмад Яссавий, Жалолиддин Румий, Юсуф Ҳамадоний ва Баҳовуддин Нақшбандлар фалсафасидаги “Ирода эркинлиги ғояси“ инсон ўз хулқи учун жавобгардир деган фикрни тарғиб қилиб инсонга ўз ҳаёти учун катта масъулият юклаган ва шу йўл билан “Зулмат ва зиё”, “Эзгулик ва ёвузлик” ўртасидаги мангу курашга шахсий мазмун берилган.
Сўфийлар тарғиб қилганидек инсон руҳи ўзининг асл ҳолига қайтишга бетўхтов ҳаракат қилади. Лекин унга бу йўлдан боришга “кишан”, ”қафас” халақит беради. Руҳни ҳақиқатга томон йўли тўхтовсиз ўз-ўзини баркамоллаштириб, ўз-ўзини билиш жараёнидан иборат бўлмоғи лозим.
Ҳақиқатга интилган сўфий “ошиқ” бу мушкул йўлда тўртта босқичдан ўтиши керак бўлади. Биринчи босқич – шариат, иккинчи босқич – тариқат, учинчи босқич – маърифат ва тўртинчи босқич – ҳақиқатдир.
Сўфийлар таълимотида шариат босқичи ҳар бир ошиқ учун мажбурий, лекин ҳақиқатга етиш учун етарли эмас, чунки мантиқий билиш нарса ва ҳодисаларнинг белги ва сифатларинигина билишга имкон беради. Бундай билиш чекланган, моҳиятни билиш учун эса иккинчи босқичга ўтиш керак.
Тариқат – етти мақомдан иборат бўлиб ҳозирги замон илмий тили билан айтганда бу босқичда ошиқ психоаналитик услубларни, ўзида ва бошқаларда онг ости соҳасини бошқариш усулларини ўзлаштирган. Тариқат босқичининг ҳар бир мақоми муҳим психологик ҳолат бўлиб, қадамма қадам ошиққа ўз психологик йўналишини фақат ҳақиқатга, абсолютга йўналтириш усулларини ўргата боради.
Биринчи мақом тавба - ошиқ психологик йўналишини бутунлай ўзгартириш усули.
Иккинчи мақом – вара - (эҳтиёткорлик) савоб ва гуноҳни фарқлаш.
Учинчи мақом - зуҳд - (тийилиш) - фикрни ҳақиқатдан чалғитадиган ҳар қандай нарсадан воз кечиш.
Тўртинчи мақом - фақир (қашшоқлик) - биринчидан,дунё лаззатларидан воз кечиш, иккинчидан онг қашшоқлиги, ўзлигидан воз кечиш. Ўз “мен”идан воз кечмаган ошиқ ҳеч қачон ҳақиқатга етолмайди.
Бешинчи мақом – сабр - (тоқат) - нохушлик туғдирадиган ҳар бир нарсани мўминлик билан қабул қилишлик, бировнинг дилини оғритмаслик, бировга ёмонликни раво кўрмасликка ҳаракат қилиш.
Олтинчи мақом – таваккал - эртанги кун учун қайғурмаслик, олам “ҳар онда яратилиб, ҳар онда йўқ қилинади” деган иборага амал қилиш.
Еттинчи мақом – ризо - (мўминлик) - психиканинг шундай ҳолатики, ҳеч қандай ҳаёт зарбаси ёки муваффақият ошиқ фикрини тебрантирмайди. Худди шу ерда иккинчи босқич-тариқат тугаб, учинчи босқич – ҳақиқат бошланади.”Ошиқ” энди “ориф”га айланади ва камолотга эришади.
Сўфизмдаги камолотга эришишнинг уч босқичи билишнинг уч босқичига, биринчиси ишончли билим, иккинчиси тўла ишонч, учинчиси ҳақиқий ишончга мос келади. Ҳар бир босқич жуда катта машаққатлардан иборат, булардан ўтиш учун ошиқ кучли, руҳий зўриқишларга бардош бера олиши керак, фақат ахлоқий ва маънавий пок одамгина бу машаққатларга бардош бера олиши мумкин. Шунинг учун сўфийлар илм билан этика, ақл билан ҳиссиёт, ҳақиқий ҳақиқат билан адолатли ҳақиқат ўртасидаги боғлиқликни шарт қилиб қўйганлар.
Онг остини тадқиқ қилишда инсон эмоционал ҳаётининг асосий сифатидан ҳиссий майлларга суянадиган ҳозирги замон психоаналитикларига ўхшаб, сўфийлар шариатнинг йўлбошчиси ақл бўлса, тариқатда бу йўлбошловчи Муҳаббат бўлади деб ҳисоблаганлар. Шунинг учун сўфийлар ”Олий эзгулик”нинг етти хил кўриниши: Адолат, Меҳрибонлик, Ақл, Ҳақиқат, Моҳият, Ҳаёт, Донишмандликнинг ёнига саккизинчи Муҳаббатни қўшишган. Шу туфайли рамзий маънода сўфий ошиқ, ҳақиқат маҳбуб деб номланган. Сўфийлар сублимация - психофизиологик ҳодисасидан, яъни ҳиссиётни руҳий соҳага кўчириш имкониятидан фойдаланганлар.
Классик ўзбек поэзияси сўфизм ғояларининг бевосита меросхўри ва давомчисидир. Алишер Навоий, Машраб, Бедил, Бобур каби ўзбек поэзияси вакиллари шеърияти, Аҳмад Яссавий ҳикматлари тарки дунёчиликни, мистикани, мутеъликни эмас, самимийликни, эзгу ният орқали эзгулик чақиришни, эзгу ишлар орқали эзгуликка ундашни тасвирлаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |