3.1.1. Орографик объектларнинг номланишда нисбийлик тамойили
Орографик объектларнинг номланишида намоён бўладиган тамойилларидан бири – нисбийлик тамойилидир. Нисбийлик тамойили бирон-бир орографик объектга тегишли белги-хусусиятни бошқа объектга қиёслаш, таққослаш ва солиштириш асосида унинг белгиларидан бирини танлаб олишда намоён бўлади. Нисбатлаш кўпинча орографик объектининг жойлашган ўрни, ҳажми, шакли, маза-таъми, ранг-туси каби белги-хусусиятларидан келиб чиқадиган тушунчаларга асосланади. Нисбийлик тамойили асосида орографик объектларни номлаш жараёни топонимларнинг бошқа турларида бўлгани каби уч хил муносабатга, яъни белгиловчи объект, номланаётган орографик объектлар ва номловчи муносабатига асосланади.
Орографик объектларни нисбийлик тамойили асосида номлаш жараёнида оронимларда зидлик муносабатлари вужудга келиши мумкин. Оронимлардаги бу зидлик муносабатларини топонимиянинг бошқа турларида бўлгани каби, оппозиция тушунчаси билан ифодаласак, мақсадга мувофиқ бўлади. Оронимларда оппозициянинг юзага келишининг турли омилларини кузатиш мумкин.
Маълумки, бир нарсани иккинчи бир нарсага солиштириш, нисбатлаш ўзига хос қарама-қаршилик тушунчасини юзага келтиради. Борлиқда мавжуд бўлган ҳар қандай белги-хусусият ўзига хос ва ўзига мос қандайдир зидликни юзага келтирадиган жуфтлигига эга бўлади. Апеллиятив сўзлар доирасида бу тушунча антонимликни юзага келтиради. Бу ўринда, биринчи навбатда, апеллятив лексикадаги антонимлик муносабатлари топонимияга ҳам ўтиши мумкинми ёки, умуман, топонимияда ҳам антонимлик муносабати мавжудми деган саволга жавоб топиш лозим бўлади. Бу масалада тилшунослар ва умуман, топонимия илми билан шуғулланадиган олимлар ўртасида баҳс-мунозаралар мавжуд. Жумладан, туркий топонимияда зидлик – оппозиция масалалари ёритилган бир қанча ишлар эълон қилинди. Бу ишларда юқоридаги саволларга жавоб беришда турли ёндашувлар мавжуд. Уларда топонимларнинг нисбийлик тамойили асосида вужудга келишининг муҳим жиҳати бўлган зидланиш муносабатлари ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари
атрофлича талқин этилган. Жумладан, рус тилшуносларидан В. А. Никонов1, А. В. Суперанская2, Г. И. Донидзе3, П. Крепанова4, О.Т.Молчанова5; ўзбек тилшуносларидан З. Дўсимов6, Т. Нафасов7, Н. М. Улуқов8 ишлари фикримизнинг асоси булиб хизмат қилади.
О.Т.Молчанова топонимларда зидланиш муносабатининг ифодаланишини Тоғли-Олтой туркий топонимлари мисолида тадқиқ этган9. Мақолада апеллиятив лексика ва топонимияда бу муносабатларнинг ўзига хос томонлари кўрсатилган. О.Т. Молчанова тилнинг икки сатҳига тегишли зидланиш муносабатларининг ўхшаш ва фарқ қилувчи томонларини тушунтириш ҳамда асослаш учун бу мавзуда ёзилган ишларга мурожаат қилади. Хусусан, у А. П. Корепанованинг мақоласига ўз муносабатини билдириб, қуйидагиларни ёзади: “Жумладан, А.П. Корепанова, дастлаб ўз тезисида10, кейинчалик алоҳида мақоласида11 антонимияни ономастикада лисоний зидланишнинг бир тури ва номланиш тамойилларининг асосларидан бири сифатида қараш мумкин деб ҳисоблайди. Унинг фикрига кўра, антонимия топонимикада бир қанча ўзига хос хусусиятларда намоён бўлади: 1) ном-антонимлар билан объектнинг ўзаро мослигида; 2) уларнинг бир қаторга мансуб бўлишида; 3) унинг қисимлари орасидаги градуаль оппозициянинг мавжуд бўлмаслигида; 4) топоним-антонимларнинг лисоний ва географик муносабатда чегараланган бўлишида; 5) антонимлар бинар оппозициянинг, яъни жуфтликларнинг ўзаро бошқа бир умумий элемент билан мос келишида”1.
Шундан келиб чиқиб, И.А. Воробьева топонимик жуфтликлар ўзларининг асосий топонимик функциялари билан қатнашадиган топонимик
қаторлар деб аталувчи ўз микросистемасини вужудга келтиради деган фикрни илгари суради. У бу фикри билан бинар оппозиция, биринчи навбатда, система ҳосил қилувчи хусусиятга эга деган фикрни ёқловчи тадқиқотчиларни маъқуллайди2. Л.П.Калакуцкая бунга зид бўлган фикрни билдиради: “Ономастикага хос лисоний хусусиятларнинг билвосита тасдиғи ономастиканинг апеллятив лексикага хос бўлган синонимик, антонимик ва бир қанча бошқа муносабатларга тўғри келмаслигида намоён бўлади: море Белое (Оқ денгиз) ва Черное (Қора денгиз) антоним эмас; река Белая (Оқ дарё) ва Беленький фамилиялари сўз ясалиши жиҳатидан ўзаро боғлиқ эмас...”3.
О. Т. Молчанованинг фикрича, антонимлик тушунчасини ономастик бирликка умуман тақаб бўлмайди. Топонимлар ўзларича динотациядан бошқа “маънога” эга бўлолмайди. Топонимларнинг маъноси тўғрисидаги ҳамма мулоҳазалар, натижада, мазмунга, уларга тегишли лексемаларининг семантикасига олиб боради. Бу энди апеллиятив лексика сатҳи ҳисобланади. Верхний Тагил – Нижний Тагил типидаги номларни маъносига кўра зидлаш мунсабатига эга деган фикрга ҳеч ҳам қўшилиб бўлмайди. Улар фақатгина очиқ семантик структурага эга ва шубҳасиз, бинар оппозиция элементи сифатида объектнинг жойлашган ўрнига ишора қилади4.
Оронимияда апеллиятивларнинг маъноси асосида эмас, балки нолисоний фактларга асосланган оппозиция муносабатлари мавжуд. Маълум бир минтақа доирасида бир умумий асосда, қандайдир умумий элементи билан ўзаро боғлиқлик асосида тузилган ва оронимнинг систем характерини аниқ намоён қиладиган икки хил оппозиция: контактли (туташган) ва дистантли (туташмаган) оппозиция мавжуд бўлиши мумкин. Мазкур қонуният ҳам контактли ва ҳам дистантли топоним-оппозитлар учун асосий ҳисобланади. Улар ўртасидаги фарқ – объектлар ўртасидаги нисбийлик характерига боғлиқ бўлади. Объектлар контактли зидлланишда макон жиҳатидан боғлиқликка эга бўлади, дистант ҳолатдаги зидланишда эса бундай боғликлик бўлмайди. Масалан: Каттатарпи – Кичиктарпи (Чр., баландлик), Каттатақир – Кичиктақир (До., баландлик), Тумшуқ – Кичиктумшуқ, Юқоритакча – Пасттакча каби оронимларда шундай хусусиятни кўриш мумкин. Қарама-қаршилик муносабати асосида бирлашган ассоцациянинг иккинчи аъзоси номланишда мавжуд бўлмаслиги мумкин, бу ҳолда биринчи аъзо - ороним билан унинг ўртасидаги зидлик фақат фараз ҳисобланади.
Оронимлар апеллятив лексиканинг антоним жуфтлигини қисман ўз таркибига бирлаштириб, тилда амал қиладиган топонимлар қурилишининг моделидан келиб чиққан ҳолда, ўзининг алоҳида қарама-қарши лексемаларининг маҳсулдорлигини ва такрорланувчанлигини таъминлайди. Контактли ороним-оппозитларнинг тузилиши ороним яратилиши билан чамбарчас боғлиқ, чунки зидлик муносабати таянч ва ясалган оронимлар ўртасидаги оронимдан ўсиб чиққан (оторонимик) моделни яратиш орқали юзага келади.
Оронимик оппозиция ҳудди шу ном ҳосил бўлиш жараёнида намоён бўлади ва бу жараёндан ташқарида унинг барча нозик фарқларини кўрсатиш имконияти бўлмайди. Занжирда яратилган контактли ороним-оппозитлар – оторонимик, яъни оронимдан ўсиб чиққан ясалиш ҳисобланади. Улар икки, уч ва тўрт асосли шаклга эга бўлади. Таянч оронимларнинг ҳам бир, ҳам икки асосли моделини топиш мумкин.
Оронимиядаги оппозиция ҳодисасини апеллятив лексикадаги антонимия билан қиёслаганда, А. П. Корепанова кўрсатганидек, биринчи ҳолатда оралиқ (градуал) элемент мавжуд бўлмайди. Бизнингча, Жанубий Ўзбекистон оронимиясида бундай градуал аъзо билан зидланишни вужудга келтирадиган нарса “ўрта” компонентидан ташқари, таянч ороним ҳисобланади, чунки занжирнинг ўзи иккитадан ортиқ элементдан ташкил
топган бўлади: Юқоритумшуқ → Тумшуқ ← Ўртатумшуқ, Каттанурқай → Нурқай← Кичикнурқай. Агар зидланиш фақат икки элемент доирасида юзага келса, градуаллик, табиийки, мавжуд бўлмайди: Ғурум – Сариғурум, Кўтал – Саркўтал, Қурум – Юқориқурум каби.
Ўтказилган таҳлиллар Жанубий Ўзбекистон оронимиясида объектларнинг қуйидаги белги-хусусиятлари асосида вужудга келган оппозиция мавжудлигини кўрсатди:
Do'stlaringiz bilan baham: |