Негативлик тамойили. Орографик объектларнинг типик (характерли) бўлмаган белги асосида номланиш қонунияти негативлик (лотинча nigativus - манфий, салбий) тамойили дейилади. Бу номланиш топонимларнинг номланиши учун типик (характерли) бўлган позитивлик тамойилига нисбатан олинган. Бу негативлик мутлоқ бўлмай, нисбийлик характерини намоён қилади.
Маълумки, нисбий негативлик масаласи, дастлаб, В. А. Никонов томонидан аниқ баён қилинган ва назарий жиҳатдан умумлаштирилган2. Кейинги давларда кўпгина тилшунослар томонидан амалга оширилган тадқиқотларда бу томойилнинг топонимлар ҳосил қилиш имкониятлари ҳамда хусусиятларига тегишли мунсабатлар билдирилган. Жумладан, Э. М. Мурзаев3, Ю. А. Карпенко4, З. Дўсимов5, Т. Нафасов6, Н. Улуқов7 ишларида бу тамойил турли топонимик материаллар асосида таҳлил қилинган ва унинг мавжудлиги исботланган.
В.А.Никонов номланишда нисбий негативлик қонунияти мавжудлигини қуйидагича таърифлайди: «Прованс ўз номини ҳали бутун Галлия Рим давлатининг правинцияси бўлмаган даврларда олган ва Римнинг мулки бўлмаган бошқа қисмидан кескин фарқлаб туриши учун фақат Галлиянинг эрта романлаштирилган жануби-шарқий қисми учун “провинция” номи жорий қилинган»8. Агар қиёслаш фақат кичик масштабда, кичик бир ҳудуд миқёсида бораётган бўлса, ҳамма томони ботқоқлик бўлган жойда Болото номи вужудга келмайди, аммо қиёслаш унинг чегарасидан ошиб ўтса, ўша жойда тезда бундай ном вужудга келади. Катта дарёларнинг қирғоқларида Набережная, Рыбное каби номларни учратмайсиз, агар колонизация дарё бўйлаб тарқалган бўлса, - унда ҳар бир аҳоли масканлари “қирғоқбўйи” ва “балиқли” бўлган бўларди. Аммо бундай номлар колонизация йўналишлари дарёга туташган ёки уни кесиб ўтган жойларда вужудга келади. Мана нима учун топонимик негативлик нисбий ҳисобланади»1.
XX аср бошларида Ф. П. Саваренский Тула губернаси ерларини ўргана туриб, географик номлар билан қизиқиб қолган. У бир қарашда жуда ғалати туйилган қуйидаги ҳолатга этибор берган: нинабаргли ўрмонлар орасида Еловка, Сосновка, текис дашликларда (ровных степей) - Степная, Ровняки типидаги номлар учрамайди. Бундай кузатишлар кейинчалик В. А. Никоновга номларнинг нисбий негативлиги қонуниятини шакллантиришга имконият берди. Ҳеч ким берёзали (қайинзорли) ўрмонлар ўртасида Березняки номли жой ёки аҳоли масканини, чексиз тепаликлар орасида яширинган Горки номли қишлоқ борлигини ҳали қайд этмаган. Фақат чўл ёки нинабаргли ўрмон ўртасида, дарахтлари кам бўлган қайинзор (берёза) оролида Березняки қишлоғи, берёзалар орасида ўсган ёлғиз дуб ўсган жойда Сем Дубов (етти дуб) номи берилиши мумкин; марий бўлмаган аҳоли ўртасида марийлар яшайдиган қишлоқ бўлса, унга Черемисское (руслар марийларни қачонлардир шундай атаган) номини олиши мумкин2.
Географик номларнинг нисбий негативлиги тўғрисидаги тезис бир қатор топонимист-тадқиқотчилар томонидан танқидга учради. Улар бу тамойил камдан-кам ҳолатда номланишнинг халқ амалиётидаги кўриниши билан ўз
тасдиғини топади, деб ҳисоблашади. Албатта, номланишда нисбий негативлик тамойили кам учрайди, кўпгина ҳолда позитивлик тамойили намоён бўлади. Жумладан, топонимик материалларни этимология жиҳатидан тадқиқ этишнинг мавжуд ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслигини текшириш заруриятини ҳимоя қилиб, А. К. Матвеев топонимларнинг нисбий негативлик қонунияти бунга тўсиқ бўлади деб ҳисоблайди. У мазкур қонуниятни инкор этиб, қуйидагиларни таъкиблайди: «Кўпгина топонимик номлар юзага келишини бу принцип (нисбий негативлик)га ҳеч қандай алоқаси йўқ. Топонимиканинг ҳақиқати бир мунча мураккаброқ. Қайд этилган принцип нуқтаи назаридан, масалан, Копна (пичан ғарами), Зарод (куртак), Стожок (ғарамча), Старик (кекса киши, чол), Старуха (кампир), Колокольня (қўнғироқхона), Барабан (ноғора), Коврига (думалоқ бўлка нон), Бубен (доира, чилдирма), Боярин (бояр, ер эгаси), Сокол (лочин), Пуп (киндик) каби тоғ ва қояларнинг метафорик номларининг келиб чиқишини тушунтириш мумкин эмас»1 .
Оронимларга хос бўлган нисбий негативлик тамойилини Ю. А. Карпенко қуйидагича тушунтиришга ҳаракат қилади: “Ўнлаб қоялар орасидан фақат биттаси копна (пичан ғарами)га ўхшайди, фақат шу ҳолатдагина у Копна номини олиши мумкин. Бу белги уни бошқа қоялардан ажратиб туради, бошқа қоялар пичан ғарамига ўхшамайди (яна негативлик!). Агар копнага ўхшаш ўнлаб қоялар бўлганда эди, унда уларнинг орасидан биттаси Копна номини олмаган бўларди ёки бу нисбий негативлик принципига тўғри келмасди. Аммо, агар бу ҳолат уни бошқа жойлардан фарқлаб турганда эди, ҳамма жой Копна деб аталиши мумкин эди. Нисбийлик масштаби, шу ҳолатда, ўзгариши мумкин, аммо негативлик принципи, дифференциялаш ўзгармай қолаверарди2.
Номланишда нисбий негативликнинг моҳияти оронимнинг келиб чиқишига асос бўлган сўзнинг қатъий равишда дифференциал (фарқловчи) хусусиятга эга бўлишида намоён бўлади. Аммо бу фарқловчи белги жуда кенг тарқалган бўлиши шарт эмас. Ороним семантикасининг келиб чиқиши мазкур ҳудуд анъаналари учун барқарор бўлган даврий, тарихий, иқтисодий, ижтимоий шароитлар ва бошқалар билан белгиланади. Аҳоли томонидан орографик объектни номлаш учун танлаган белгилари турли-туман бўлиши мумкин. Аммо у ҳамиша бир зарурий шарт талабига жавоб бериши лозим: танланган белги дифференциал, яъни мазкур объектни (номловчи субъект нуқтаи назаридан) ёнма-ён жойлашган бошқа объектлардан фарқлай оладиган характер-хусусиятга эга бўлиши лозим, чунки ороним орографик объектларни ўзаро фарқлаш учун яратилади. Агар белги қанчалик камёб бўлса, унинг дифференциаллаш имконияти шунчалик ошади. Агар белги кам учраса, у фақат мазкур ҳудуддаги объектлардан бирига хос бўлса ва мазкур жой учун бутунлай характерли бўлмаса, у ҳолда, бу хусусият ороним учун ҳаммасидан кўп имконият туғдиради. Чунки белгининг бошқа объектларда учрамаслиги уни бошқалари орасидан осон ажратиб олиш имкониятини оширади. Масалан, ўхшашлик асосида яратилган оронимларда бу хусусият яққол намоён бўлади. Жумладан, Жанубий Ўзбекистон оронимиясига хос бўлган Келинтош, Дастортош, Одамтош, Тумшуқтоғ, Зингирак (чўққи) каби оронимларда шу хусусиятларни кўриш мумкин. Келинтош ороними тошнинг шакли энгашиб турган келинга ўшатилиш асосида яратилган, чунки атрофдаги бошқа тошларда бу белги мавжуд эмас. Дастортош ороними тошнининг дастор (салла)га ўхшатиш асосида яратилган, чунки саллага ўхшашлик белгиси бошқа шундай объектда мавжуд эмас. Зингирак ороними чўққининг шакли зингир+ак (форс-тожикча - зингир “эгар”, -ак қўшимчаси
бу ерда сўзни оронимга хослаган) га ўхшашлик асосида яратилган, чунки атрофда бу шаклдаги бошқа чўққи мавжуд эмас.
Негативлик, шу тарзда, барча турдаги объектларнинг номланиши учун аҳамиятлидир. Унда жой номларининг моҳияти географик объектларни дифференциялаш воситаси сифатида амалда намоён бўлади. Шунинг учун топонимияда негативлик (дифференциялаш)ни инкор этиш – бу, демак, топонимиянинг мавжудлик моҳиятини инкор этишдир1. Бу ерда гап абсалют негативлик устида эмас, балки фақат нисбий негативлик устида кетаётганлигини унутмаслик керак. Орографик объектларни дифференциялаш ҳам тарихий шароит тақозасига кўра юзага келади. У катта объектив мақсадларга мувофиқ бўлган тамойил асосида яратилмайди. Агар текис даштлик жойда бирон бир тепалик ёки баландлик бўлса, уша жойни характерловчи Тепа ёки Қир номларининг келиб чиқишига асос бўлиши мумкин. Агар ўша тепалик ёки баландликнинг устида бирон бир дарахт, масалан, дўлана дарахти ўсган бўлса, жойни Дўланали деб номланишига асос бўлиши мумкин. Демак, шунга ўхшаш атроф учун характерли бўлмаган белги-хусусиятлар нисбий негативлик қонуниятини келтириб чиқаради.
Оронимларда нисбий негативликнинг мавжудлиги уларнинг юзага келишини чегаралаб туради, аммо уларнинг мавжудлигини чегаралаб турмайди. Оронимнинг ясалишига асос бўлган белги ном яратилаётган
вақтда дифференциаллик хусусиятини намоён қилади. Кейинчалик бу белги ё бутунлай барҳам топиши ёки, аксинча, бошқа объектларга тарқалиб кетиши мумкин. Оронимнинг мавжудлиги учун энди бу ҳолатнинг унчалик аҳамияти йўқ. Бу ҳолат оронимнинг дифференциаллаш моҳиятига зид келмайди, фақат уларнинг этимологик мазмунини йўқотиши билан боғлиқ бўлади. Масалан, Шаҳрисабз туманидаги Қизилэмчак чўққисининг номи объектда мавжуд бўлган иккита белги (кўриниш ва ўхшашлик) асосида, яъни чўққининг ранги қизғиш бўлганлиги ва шакли кўкракка ўхшаганлиги асосида яратилган. Кейинчалик бу ном яқинидаги қишлоқ номига ўтган ва қишлоқ Қизилэмчак деб юритилади. Лекин у қишлоқ номи сифатида ҳеч қандай этимологияга мос келмайди. Унинг этимологиясини қишлоқ номидан эмас, балки тоғ номидан қидириш лозим.
Оронимларнинг вужудга келишида орографик объект белгисининг дифференциал маъноси етакчи ҳисобланади. Ороним вужудга келгандан сўнг, бу белгининг мазмуни вақт ўтиши билан унитилади, оронимнинг мавжуд бўлиши учун унинг бошқа (қўшни) оронимлардан ўзининг талаффузи, шакли билан фарқланиши етарли. Шунинг учун айтиш мумкинки, оронимларда амал қилувчи нисбий негативлик (дифференциаллик) йўқолмайди, балки фақат ўз ўрнини ўзгартиради: у этимологик мазмундан ифодаловчи мавқега, яъни номнинг шаклий мазмунига ўтади. Мавжуд оронимлар ўзларининг оронимлашувгача бўлган маъноси билан дифференциялашмайди. Бу ерда фақат улар шаклининг ўзи етарли бўлади. Семантик дифференция қўшимча фарқловчи восита сифатида турли шаклда ўзаро оппозиция ҳосил қилувчи қуйидаги типдаги номларда сақланиши мумкин: Юқоритакча – Пасттакча, Тумшуқ – Юқоритумшуқ, Оқтепа – Қоратепа, Каттатарпи – Кичиктарпи ва б.
Do'stlaringiz bilan baham: |