Орқавул индикатори. Орқавул - орографик термин сифатида қирга ўхшаш чўзиқ баландлик тушунчасини ифодалайди. Чироқчи туманининг шимолидаги тоғликлар (Қалқама, Лангар, Уйшун) нутқида орқавул - қирдан баландроқ, ён томони қия бўлиб тушган, устки қисми силлиқ қирра бўлиб ўсиб чиққан чўзиқ, ётиқ баландлик. Деҳқонобод туманининг Қизилча қишлоғи аҳолиси нутқида орқавул – “ошиб ўтиладиган чўзиқ баландлик, довон” маъносида қўлланади. Бу терминдан ясалган оронимлар: Орқавул (Шс., баландлик), Орқавул (Чр., қир).
Ота (туркча - ада) индикатори. Оронимлар ва гидронимлар таркибида индикатор вазифасида келган бу сўз, ҳозирги шаклига кўра, “улуғ, муқаддас” маъноларини касб этиб, мазкур объектларни илоҳийлаштириш тушунчасини ифодалайди. -ота компонентли кўпгина топонимлар ҳам махсус тадқиқ этишни талаб этади. -ота компонентли топонимларнинг ареали кенг, уларни Ўрта Осиё, Афғонистон, Қирғизистоннинг жануби–шарқий томонидаги узоқ жойларда, яъни Хитойнинг Кошғар тоғ тизмаларида – Мустоғ ота йирик чўққиси номида кўриш мумкин. В.А. Никонов -ота компоненти тўғрисидаги баҳсни биргина оронимлар мисолида ҳал этиб бўлмайди деган фикрни илгари сурган эди. Чунки бу сўз бошқа объектлар, айниқса, гидронимлар таркибида ҳам учрайди1. В.А. Никоновнинг кўрсатишича, Н. Попова -ота компонентли гидронимлар культ билан эмас, балки ата «тез оқмоқ» архаик феъли билан боғлиқ, деган гипотезани илгари сурган2.
Биз оронимлар таркибида учрайдиган -ота компонентини “дўнглик, баландлик; сув ичидаги баланд жой, орол” маъносидаги о:та ~ а:да сўзи билан боғлиқ деб ўйлаймиз. Ўзбекистон оронимиясида -ота компонентидан ташкил топган қуйидаги номлар учрайди: Оқота (Кт., чўққи). Шунингдек, Увада (Чр.) топоними таркибида ҳам шу компонент сақланган: Ува+да<Ува + а:да~Ува+о:та. Бу компонентнинг оронимлар таркибида келиши кишиларнинг қадимда тоғ-тошларни илоҳийлаштириши, уларга сиғиниши билан боғлиқ.
Пушта индикатори. Бу сўз форс-тожик тилида пушт(а) “орқа, орқа томон” маъноларини беради. Унинг пушта шакли икки ариқ оралиғидаги кўтарилган ер; тожикча пушта - “тупроқ уюми, баландлик, тепа” маъноларига эга3. Ўзбек шеваларида ариқ ёки экин майдонларининг четидаги марза, тупроқ уйиб қилинган қирғоқ4.Бу сўз “Бобурнома”да тоғ маъносида ҳам қўлланилган: Пуштаи Кўҳак5, Пуштаи Айш (Андижон вилояти, тоғ)6, Қорбуғ пуштаси (Зарафшон тизмасидаги тоғ)7 каби. Жанубий Ўзбекистон топонимиясида бу атамалар қатнашган қуйидаги номлар учрайди: Пушта (Шо., баландлик), Пуштуварак, аслида Пуштирудак (Со., қ-қ).
Do'stlaringiz bilan baham: |