Камар индикатори. Камар сўзи орографик термин сифатида қуйидаги тушунчаларни ифодалайди: 1) тоғ ёнбағридаги ғор, ўйиқ жой: Каттакамар, Еркамар, Ақчепканнинг камари; 2) адирлардаги ботиқ, кемтик жой: Сарикамар қишлоғи, Мулла Қаранинг камари. Бошқа туркий тилли ҳудудларда камар (Э. М. Мурзаев, Г. К. Конкашпаев келтиришича) – «қирғоқ, жар, чўққилар қатори» маъноларида қўлланади. Қиёсланг: эронча камаркўҳ – тоғ ёнбағри1. Бу сўз орографик термин сифатида оронимлар ясалишига хизмат қилган: Кўккамар (Бc., тоғ), Қоракамар (тоғлик туманларда кенг тарқалган, камар), Тиллакамар (Бс., тепа), Чийкамар (Қм., адир) ва б.
А.З. Розенфильднинг кўрсатишича, камар сўзи Тожикистон оронимиясида белтоғ маъносида қўлланилади: Сафедкамар - “оқ белтоғ”2. В. И. Савина кемер (камар) – форс адабий тилида «бел, тананинг ўрта қисми» маъносида қўлланишини, орографик термин сифатида эса Эронда, хусусан, Хуросон оронимиясида – тоғнинг бир тури тушунчасини ифодалашини кўрсатади3.
Кулли//кулла индикатори. Келиб чиқишига кўра форс-тожик тилига мансуб бўлган бу сўз орографик характерга эга бўлиб, “бош, тоғнинг юқори қисми, чўққиси” маъноларига эга4. Эроннинг айрим вилоятлари оронимиясида шу сўзнинг бир шакли бўлган келле – “тоғ, чўққи” маъносида қўлланса, Форс, Хузестон, Бахтиёрий ва Луристонда кулле – “тоғ, чўққи” маъноларида қўлланади5. Жанубий Ўзбекистон оронимиясида бу сўздан келиб чиққан Кулли (Чр., баландлик) ороними учрайди. Шунингдек, бу сўздан ҳосил бўлган Куллисой (Кт, Шо, Чр., сой) гидроними ва ундан келиб чиққан Куллисой гидроороними мавжуд.
Кўтал индикатори. Кўтал сўзи орографик атама сифатида “тоғдан ошиб ўтган йўл, пастроқ довон” маъноларини ифодалайди. Кўтал сўзи тарихий ёзма манбаларда, жумладан, «Зафарнома», «Бобурнома» каби асарларда жой номлари таркибида учрайди. Масалан, «Бобурнома»да кўтал термини қатнашган турли ҳудудларга тегишли 30 га яқин жой номлари келтирилган. Мўғул тили орографик (рельефнинг қабариқ шакллари) терминологиясини тадқиқ этган Н.И.Данзанованинг келтиришича, қадим.мўғ. kütel, kötül “тоғдан ўтиш жойи”; мўғ. хөтөл “тепа, тоғча”; пастқам тоғли ошиб ўтиш жойи; бур. хутэл “пастқам тоғли ошиб ўтиш жойи; тепа, пастқам тоғ; калм. көтл, ойр. Синьцз. көтел « қўрғон, тепа; тоғдан ошиб ўтиладиган жой1.
С.Қораевнинг келтиришича кўтал сўзи мўғулча бўлиб, «довон» маъносини ифодалайди. Тадқиқотчи довон термини ҳам мўғулча, лекин улар фарқ қилиб, кўтал пастроқ довон» эканлигини таъкидлайди2. Бу орографик термининг ареали анча кенг бўлиб, у Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон оронимиясида учрайди. Бу орографик термин дастлаб довон термини билан параллел қўлланиб, кейинчалик истеъмолдан чиққан ва ўрнини довон терминига бўшатиб берган. У фақат оронимлар таркибида сақланиб қолган. Жанубий Ўзбекистон оронимиясида Кўтал (Чр, қ-қ – оронимдан келиб чиққан), Сарикўтал (Шс., баландлик), Мерганкўтал, Кўккўтал (Бс.) оронимлари бор.
Кўҳ индикатори. Кўҳ - келиб чиқишига кўра ғарбий эроний тилларга тегишли бўлиб, форс-тожик тилига “тоғ” маъносига эга. А.З.Розенфельднинг кўрсатишича, форс-тожикча «кўҳ» (тоғ) қадимги форс тилидаги «кауфа» сўзининг монофтонгланиши натижасида ҳосил бўлган3. Бу сўз ўз маъно хусусиятига боғлиқ равишда оронимлар ясалишига хизмат қилган. У Жанубий Ўзбекистон оронимиясида кўп учрайди. Жумладан, Кўҳисафид (Бс., тоғ), Кўҳисиёҳ (Шс., шарқидаги тоғ), Кўҳичош (Со., тоғ тизмаси), Кўҳсиё (Қм., яйлов), Кўҳтош (Со., тоғ тизмаси), Нуғайкўк (Бс., адир) аслида – Нуғайкўҳ шаклида бўлган. Шунингдек, оронимлардан келиб чиққан бошқа турдаги топонимлар таркибида ҳам учрайди: Кўҳистон (Шс., қ-қ), Кўчак – аслида кўҳ+ча (Бс., гузар), Кўчакли – аслида кўҳ+чак (Дн., қ-қ) ва б.
Do'stlaringiz bilan baham: |