Қалоқ индикатори. Қалоқ - Қашқадарё шевасида тоғли ва дала жойларда тош ё бошқа нарсалар қалаб қилинган қўтон, ҳайвонларни қамаш учун қилинган тўсиқли жой тушунчасини ифодалайди. Шунингдек, тоғ нураши, кўчиши, емирилишидан пайдо бўлган қат-қат тошли, худди қўлда терилгандек кўринадиган тош уюмлари ҳам қалоқ термини билан аталади1. Бу индикатор шу маънолари асосида оронимлар ясалишига хизмат қилади: Чавлиқалоқ (До., яйлов), Қалоқлидара (До., дара ), Қўшқалоқ (До., адир). Бу индикатор иштирокида ясалган оронимлар кейинчалик бошқа турдаги объект номига ўтади: Қалоқлидара (До., қ-қ.). Шунингдек, бу сўз бошқа турдаги объект номинининг аниқловчи компоненти бўлиб келади: Қалоғжилға (До., сой).
Қапчиғай индикатори. Бу сўз орографик характердаги термин бўлиб, у дара, сув оқадиган чуқур сойлик, тоғнинг ёнма-ён узун тизмаси оралиғидаги танг жой каби тушунчаларни ифодалайди. У келиб чиқишига кўра туркий ва мўғул тилларига хос бўлган умумий лексима. Жумладан, мўғулча хавцаг – тор, ингичка, сиқиқ маъноларига эга бўлган сифат туркумидаги сўз. Шу сўз билан ўзакдош бўлган хавцал – дара, танги маъносидаги от туркумидаги сўз; Унинг хавцил шакли – тор дара; хавцгай шакли эса – қоя, тик чўққи маъноларига эга2. Шунингдек, бурят-мўғулча хавсагай – қоя, чўққи, дара, тоғ ёнбағри3; ойрот тилида қипшығай – тез, илдам, чаққон4 каби сўзлар ҳам шунга дахлдор. В.А Казакевич Мўғулистон топонимиясида хавцагай термини мавжуд бўлиб, у “тор дара, танги, сиқиқ жой, тоғлардаги танг жой маъноларининг англатишини аниқлаган5.
У туркий тилларда қапчығай, қапшығай, қапчиғай, қапчағай шаклларида учрайди. Жумладан, қирғизча қавчығай – “тоғ дараси, даралар орасидан ўтган тоғ йўли”; қапчал – “чўққили дара”6; қоя, чўққи, танги7; қозоқча қапшағай ~ қапшығай ~ қапсағай – “тоғларда сув оқадиган чуқур дара, танг жой1; дара2; ёқутча хапчай, хапчан – “танг жой, дара”; хакасча хапчағай – “тез, илдам тезлик билан, шошилинч”3. Бу сўзнинг аппелятив ва ономастик сатҳда ареали анча кенг бўлган. Ҳозирги кунда ўзбек тили ва унинг шеваларида бу сўз қўлланмайди. У, асосан, тоғли ҳудудлар топонимиясида сақланиб қолган. Бу сўз, дастлаб, ўзи англатган тушунчалар билан боғлиқ оронимлар ясаган: Қапчиғай (Қм., дара), Кўрқапчиғай (дара), Оққапчиғай (дара), Қапчиғайболо (Бс., дара) Кейинчалик улар бошқа турдаги жой номларига ҳам ўтган: Қапчиғай (Бс., қ-қ.), Қапчиғайболо (Бс, қ-қ.), Қўшқапчиғай (Бс., сой).
Do'stlaringiz bilan baham: |