ИСФИХ 100 (2.1)
Инвестиция харажатларини фойда билан солиштириш жараёни доимий равишда инвестициялаш амалга ошгунча қадар (инвестицион лойиҳанинг бизнес-режаси ишлаб чиқиш даврида), инвестициялаш даврида (объектни қурилиши даврида) ва инвестициялашдан сўнг (янги объектдан фойдаланиш даврида) давом этади.
2.2. Инвестиция фаолияти йўналишлари ва уларнинг манбалари
Самара ёки даромад келтирадиган мулкий ва интеллектуал боликлар, яъни инвестициялар қуйидаги шаклларда бўлиши мумкин,
пул маблағлари, банклардаги мақсадли жамғармалар, пайлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар;
ҳаракатдаги ва ҳаракатда бўлмаган мулклар (бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, ҳамда бошқа моддий бойликлар);
муалллифлик ҳуқуқи, ноу-хаулардан ташкил топган мулкдорлик ҳуқуқлари ва бошқа интеллектуал бойликлар;
ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқлари ҳамда мулкчилик ҳуқуқлари;
бошқа бойликлар.
Инвестицияларнинг қайд этилган турлари ва шакллари асосида тадбиркорлик, ишбилармонлик ва бошқа давлат томонидан таъқиқланмаган фаолиятларни барча инвесторлар томонидан амалий равишда йўлга қўйиш, маблағлар сарфлаш ва уларни амалиётга тадбиқ этиш чора тадбирларининг йиғиндиси инвестиция фаолиятини англатади.
Бозор иқтисодиётида инвестиция фаолиятини фуқаролар, ҳуқуқий шахслар (корхоналар, фирмалар, акционер жамиятлари ва бошқа турдаги мулк эгалари) ва давлат юритади.
Инвестиция фаолиятини йўлга қўйишда ҳар бир мулк эгаси, биринчи навбатда ўз манфаатини кўзлаб ягона мақсадга, яъни фойда олиш ва самарага эришишни режалаштиради.
Инвестиция фаолиятини ташкил этишда ҳар бир мулк эгаси ишбилармонликни, тадбиркорликни моҳиятини чуқур англаган ҳолда иш юритиши лозим. Инвестиция фаолияти билан шуғулланувчи мулк эгаси тез ўзгарувчан бозор иқтисодиёти ва унинг кўпқиррали муносабатларини ҳар томонлама англай билиши лозим. Инвестиция фаолиятини юритишда иқтисодий ахборотга, маркетинг билимларига эга бўлиши алоҳида аҳамиятга эга. Чунки барқарорлашмаган иқтисодиётда инвестор пул муомаласи, молия кредит ва банклар, солиқ сиёсати моҳиятини чуқур билмай туриб, инвестиция фаолиятини ташкил этиш таваккалчилик билан боғлиқ бўлиб, қисқа давр ичидаги инқирозга учраши мумкин.
Бозор муносабатлари ривожланган етук жамиятда инвестиция фаолияти қуйидаги субъектлар томонидан олиб борилади:
фуқаролар, давлатга қарашли бўлмаган корхоналар, хўжалик ассоциациялари, жамоа ва ўртоқлик хўжаликлари ҳамда жамоа мулкчилиги асосида ташкил этилган диний ташкилотлар, нодавлат корхоналари ва муассасалари томонидан;
давлатни маъмурий ва бошқарув бўлинмалари, ташкилотлари ҳамда давлат корхоналари ва муассасалари томонидан;
чет эл фуқаролари, хусусий фирмалар, ассоциациялар, компаниялар ва ҳуқуқий шахслари ҳамда бошқа давлатлар томонидан;
қўшма корхона кўринишида маҳаллий ва чет эл фуқаролари, ҳуқуқий шахслар ва давлатлар билан ҳамкорликда.
Мулкчиликни турли шаклларини ривожланиши, тадбиркорлик ва ишбилармонликни йўлга қўйилиши, халқаро иқтисодий алоқаларини тараққий этиши, қўшма корхоналарни иқтисодиётни барқарорлаштиришда ролини ортиши инвестиция фаолиятини тўла ташкил этиш учун зарур бўлган имкониятларни яратади.
Мулкчиликнинг турли шаклларини вужудга келиши, ўз навбатида тадбиркорликнинг ривожланиши, чет эл капиталининг кириб келиши, инвестиция фаолиятини ташкил этиш йўналишларини ҳам аниқлаб беради.
Инвестиция фаолияти тўрт асосий йўналишларда бир-бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда, турли хил мулкдорлар томонидан олиб борилади. Инвестиция фаолиятини ташкил этишнинг бу йўналишлари ўз навбатида бир неча тип ва шаклларда амалиётга татбиқ этилади.
Бозор шароитида инвестиция фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантириш жисмоний, ҳуқуқий шахсларни ва давлатни, фойда олиш мақсадида тадбиркорлик, ишбилармонлик ва бошқа фаолиятларини қайтадан тиклашга қаратилган. Бу борадаги асосий мақсад инвестиция фаолиятини ташкил этиб иқтисодиётни инқироздан олиб чиқиш, уни барқарорлаштириш, дунё бозорига кириб бориш, жаҳон хўжалик алоқаларини мустаҳкамлаш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашдир.
Бозор иқтисодиётида инвестиция фаолиятини молиялаштириш инвесторлар томонидан молиявий ресурсларни жалб қилиш йўли билан кредитлар эвазига, муомалага, қонунчиликда белгиланган ҳолда, қимматли қоғозлар ва заёмлар чиқариш ҳисобига олиб борилади. Давлат мулкини хусусийлаштириш туфайли мамлакат миқёсидаги манбалар таркибида маблағларни камайиб бориши кўзатилмоқда. Аксинча, турли мулк эгаларининг маблағлари, янгидан ташкил этилаётган фондларнинг улуши, чет эл инвестицияларининг миқдори ортиб боради. Албатта, бу борада ҳар бир мамлакатнинг инвестиция сиёсати ҳал қилувчи ролни ўйнайди. Инвестиция манбаларини ташкил этишда мамлакат иқтисодиётини барқарорлиги, миллий валюта бирлигини конвертрланиши, ташқи иқтисодий муносабатларнинг ривожланиши, аҳоли эҳтиёжини ишлаб чиқариш ҳисобига қондирилиши ва бошқалар муҳим роль ўйнайди.
Бозор муносабатларини ривожлантириш давлат томонидан олиб бориладиган ички молия сиёсатига чамбарчас боғлиқдир. Молиявий ресурсларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш ҳамда у ёки бу йўналишда сарфлаш ва жамғариш мамлакатда қабул қилинган ва амалиётда фаолият кўрсатаётган тақсимот тизимига боғлиқдир. қонунчиликни ривожланиши, адолатли қонунлар қабул қилиниши ва уларни ҳаётга татбиқ этилиши бозор муносабатларининг ривожлантиришга, тадбиркорлик, ишбилармонликни кенг кўламда тарқалишига қаратилса инвестиция манбалари таркибида давлат маблағлари камайиши ҳисобига бошқа мулкдорлар маблағлари ўсиб боради. Ишлаб чиқариш муносабатларини тўғри йўлга қўйиш ва давлатнинг самарали молия сиёсатини юритиш алоҳида аҳамиятга эгадир. Хорижий капитални кириб келиш даражаси устун даражада мамлакатни олиб бораётган молия сиёсатига боғлиқдир.
Ўтиш иқтисодиётида инвестиция манбаларини мулкчилик шаклларидан қатъий назар қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:
инвесторларни ўз молиявий ресурслари (фойда, амортизация ажратмалари, пул жамғармалари, фуқаролар, ҳуқуқий шахсларни жамғармалари ва бошқа манбалар);
инвесторларни қарзга олган молиявий маблағлари (заём облигациялари, банк кредитлари ва бюджет ажратмалари);
инвесторларни жалб қилган молиявий маблағлари (акциялар ва бошқа қимматли қоғозларни сотишдан тушган маблағлар, фуқаро ва ҳуқуқий шахсларни пайлари ва турли хил бадаллар, ҳамда турли хил мақсаддаги нодавлат фондлар маблағлари);
давлат бюджетининг инвестиция ажратмалари.
Бозор муносабатлари шаклланган шароитда инвестиция фаолиятини молиялаштириш манбалари таркибини 2.2-чизмада кўриш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |