Латент ҳудудлар – бундай ҳудудларда маълум миқдорда касаллик тарқатувчи каналар, касалликка мойил моллар ва касаллик қўзғатувчилар мавжуд бўлади. Ана шу ҳудудларда одатда моллар касалланади. Ёши катта абориген моллар тейлериоз билан касалланмайди, чунки ёши катта молларнинг ҳар йили каналар билан зарарланиши (реинвазия) эвазига қайта касалланишдан сақланади.
Шундай қилиб, қайси ҳудудда мана шу уч эпизоотик звено касалликни тарқатувчи каналар, касаллик қўзғатувчиларини ташувчи моллар ва касалликка мойил ҳайвонлар мавжуд бўлса, шу ҳудудда касаллик намоён бўлади.
Туркистон ўлкасида, шу жумладан Ўзбекистонда қорамолларнинг тейлериоз касаллигини қўзғатувчиларини (Th. Annulate) тарқатувчи каналар Hyalomma anatolicum H. detnitum, H. scupensi, H. рlumbeum бўлиб, тейлериознинг эпизоотологиясида H. аnatolicum ва H. detnitum каналари асосий аҳамият касб этади.
А.К.Ғафуров(1996) нинг далилларига қараганда Зарафшон водийсининг тоғ олди ҳудудларида мавжуд каналарнинг 46.3 фоизини H. аnatolicum, 34.0 фоизини H. detnitum ташкил қилган бўлса текисликда эса H. аnatolicum 74.4 ва H. detnitum 13.5 фоизини; Жиззах вилояти ҳудудларида (Н.Ж.Тўрабоев, 2001) мавжуд каналарнинг 59 фоизини H. аnatolicum ва 39.0 фоизини H. detnitum, Сурхондарё вилояти ҳудудларида эса (О.Каримов, 2001) мавжуд каналарнинг 62 фоизини H. аnatolicum ва 30 фоизини H. detnitum каналари ташкил қилади.
Касалликларнинг енгил ёки оғир кечишида бир неча омиллар аҳамиятга эга. Касалликнинг кечиши биринчидан, кананинг турига боғлиқ. H. аnatolicum канаси билан чақирилган касаллик нисбатан оғир кечади. Иккинчидан, ҳудуднинг табиий иқлими ва ер муҳитига ҳам боғлиқ. Ўта иссиқ ҳудудларда касаллик оғир кечади ва учинчидан, штаммларнинг вирулентлик хусусиятлари ва ниҳоят, касалликнинг кечиши, молларнинг яшаш ва боқиш шароитларига ҳам боғлиқ.
Қайси ҳудудда касаллик қўзғатувчи каналарнинг бир неча тури тарқалган бўлса, тейлериознинг мавсуми нисбатан узоққа чўзилади.
Шундай қилиб, инвазиянинг манбаи касал ва касаллик қўзғатувчиларини ташувчи (касал бўлиб ўтган) моллар ҳамда касалликни тарқатувчи H. аnatolicum ва H. Detnitum каналари бўлиб ҳисобланади.
Соғлом молга касаллик қўзғатувчиларини ўтказиш каналарнинг бир фазаси орқали метоморфоз жараёнида юзага келади, яъни агарда касал молда кананинг личинкаси қонга тўйса у нимфа босқичига ўтади, агарда нимфа босқичида тўйса, имого босқичига ўтади. Одатда инвазияни кананинг личинка ёки нимфа босқичи ўзига қабул қилади, имаго босқичи эса соғлом молни қонини сўриш жараёнида унга ўтказади.
Hyalomma anatolicum уч хўжайинли кана, унинг урғочиси 6 мингтагача тухум қўяди.кананинг личинка босқичи молларда 4-5 кун давомида, нимфа босқичи 8-10 кун давомида ва имого босқичи 14-16 кун давомида қон сўради. Йил давомида кананинг бир авлоди ривожланади, агарда йил иссиқ келса унинг иккинчи авлоди ҳам ривожланиши мумкин.
Бу кана Республиканинг барча ҳудудларида, айниқса тоғ олди ҳудудларида ва дарёлар ёқасида жойлашган водийларда H. detnitum га нисбатан кўпроқ тарқалган.
H. detnitum – икки эгалик кана. Урғочи каналар 6-7 мингтагача тухум қўяди. Агарда муҳит яхши бўлса, ундан 35-40 кун давомида личинка чиқади. Унинг личинка ва нимфа босқичлари бир даврда 10-12 кун давомида молларда тўйинади. Натижада ундан инвазияни қабул қилади ва шундан 18-19 кун ўтгач биотопларда пўстини ташлаб тўпланади ва имого босқичига ўтади. Кананинг имого босқичи молларда 11-12 кун паразитлик қилиш билан бир вақтда ўз сўлак безларидаги мавжуд тейлерияларни мол организмига ўтказади.
Шундай қилиб, H. аnatolicum ва H. detnitum 2 ва 3 эгалик каналар инвазияни трансфаз усулида ўтказади.
И.Х.Расулов (1985) республикамизнинг Тошкент, Андижон, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида Th. annulate турини ажратиб, уларнинг антигенлик ва иммунобиологик хусусиятларини мукаммал ўрганиш натижасида антигенлик ва иммунобиологик хусусиятлари бир-бирига ўхшаш эканлигини аниқлаган.
Т.Х.Рахимов ва Э.К.Шмунклар (1973,1975) қорамолларнинг тейлериоз касаллигига қарши, малярийга қарши ишлатиладиган препаратларнинг комбинациясидан иборат бўлган АБП (акрихин+бигумаль+плазмоцид), препаратларни қўлланишлари натижасида юқори терапевтик эффект (натижа) олганликлари ҳақида маълумот беришадилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кейинги 26 йил давомида ЎзВИТИ да профессор Т.Х.Рахимов раҳбарлигида қорамолларнинг тейлериоз касаллигини даволаш ва олдини олишга бағишланган катта изланиш ишлари олиб борилди. Чунончи, Н.Шерқулов (1987) малярийга қарши ишлатиладиган қатор препаратларни: делагил, делагилни эритромицин ва сульфанел билан бўлган комбинацияси, хлориддинни азидин билан, бигумаль билан, делагил билан бўлан комбинацияларини даволовчи хусусиятларига бағишланган кенг қўлламдаги синаш ишларини олиб борди. Олиб борилган тадқиқотлар натижасида муаллифнинг делагилни эритромицин ва сульфален билан биргаликда қўллаш, хлородинни азидан билан, хлородинни делагил ёки бигумаллар билан қўллаш борасидаги қўлланмаси чоп этилди, ҳамда бу усуллар учун муаллифлик гувоҳгомаси олинди.
Бундан ташқари муаллиф томонидан кокцидиостатик таъсирга эга стенорол (премикс таркибида галафугинон деган препарат бор) нинг даволовчи хусусияти ўрганди, бироқ унинг самарадорлиги 60 фоиздан ошмади.
Х.П.Нурматов (1989) 9 та препаратларнинг турли хил бирикмаларини самарадорлигини таққослаб баҳолаш орқали ўрганди: АБП препарати, примахин дифосфат, делагил (хлорхин дифосфат), тетрахлорид, тетраолсан химкакцид, монеизин натрий, бисептол ва этоний ҳамда примахин билан делагил, примахин билан тетраолеан, АБП билан тетраоман, делагил билан тетраолеан, примахин билан этоний бирикмалари.
Олиб борилган тадқиқотлар натижасида (асосида) муаллиф барча малярийга қарши препаратлар тейлериоз касаллигида юқори даволовчи таъсирга эга деб ҳисоблайди, бироқ афзалликни примахинга бериш керак, чунки у бошқаларига нисбатан организмдан тезроқ чиқиб кетади. Муаллифнинг тажрибаларида. Этоний ҳам 5 маротаба 20 мг/кг миқдорида қўлланилганида юқори терапевтик натижа беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |