Бевосита ва орадан маълум бир вақт ўтказиб эсга тушириш.
Бевосита эслаш ва вақт ўтқазиб эсга тушириш ҳам таниш, ҳам эслаш шаклида бўлмоғи мумкин.
Бевосита эсга тушириш деб материални идрок қилиш кетиданоқ, яъни эсга олиб қолиш билан эсга тушириш ўртасидаги пайтда онгимизда эсга олинадиган материалдан бошқа ҳеч қандай процесс юз бермаганда бўладиган эсга туширишни айтилади.
Эсга олиш жараёнида биз ана шу хил эсга туширишдан, одатда, техник бир усул тариқасида фойдаланамиз. Масалан, шеърни ёд олганимизда биз, одатда, бир неча сатрни ўқигач, китобга қарамасдан такрорлаймиз, яъни бевосита эсга туширамиз. Киши бирор топшириқни тез бажарганда муайян бир қарорга келиб, уни дарров амалга оширганда бевосита эсга тушириш юз берган бўлади.
Бевосита эсга туширишдан иборат бўлган хотира фаолияти баъзан қисқа муддатли ёки оператив хотира тарзида намоён бўлади. Яҳлит-яҳлит парчаларни ана шу усулда бевосита эсга тушириш эсга олиб қолиш жараёнини жадаллаштириши мумкин.
Бир карра кўздан кечирилган ёки эшитилган материалнинг бевосита эсга туширилган миқдорига қараб, хотиранинг кўлами (ҳажми) аниқланади. Материалнинг кўп қисмини бевосита эсга тушира оладиган кишининг хотира кўлами кенг ҳисобланади.
Хотиранинг кўламини, масалан, қуйидагича аниқласа бўлади: синалаётган кишига бир неча сўз ёки рақамлардан иборат материални ўқиб чиқиш ёки эшитиш ва сўнгра бу материални дарров тўла-тўкис ва берилган тартибда эсга тушириш кераклиги ўқтирилади. Синалаётган кишининг материални қанчалик тўла ва тартибини айнан сақлаб эсга тушира олишига қараб, унинг хотира кўлами аниқланади. 6-7 рақамдан ёки сўздан 1-2 тасигина эсга туширилса, хотиранинг кўлами тор ҳисобланади, 5-6 рақамни ёки сўзни эслаб айтилса – хотиранинг кўлами кенг ҳисобланади.
Хотира кўламини машқ қилиш йўли билан ўстириш (кенгайтириш) мумкин. Масалан, артистлар текстлардаги сўз ва ибораларни эсда қолдиришни ҳамиша машқ қиладилар, шу сабабли, уларда сўз ва ибораларни эсда тутиб қолиш хотирасининг кўлами кенгаяди. Ҳисоб-китоб ишларини юритадиган ходимларда сонларни эсда тутиб қолиш хотирасининг кўлами кенгаяди. Ўқувчилар жуда кўп йиллар давомида ўқув материалларини эсда қолдириб борадилар, шунинг учун уларнинг ҳам хотира кўлами кенгайиб боради. Хотира кўламининг кенгайиши ўз навбатида эсда олиб қолишни тезлатишга ёрдам беради.
Вақт ўтказиб эсга тушириш эсда олиб қолинган нарсани орадан бир қанча, баъзан анча кўп вақт ўтказиб эсга туширишдирки, шу орада онгимиздан бошқа жараёнлар (фикр-туйғулар, тасаввур ва шу кабилар) ҳам ўтган бўлади. Масалан, ҳаётимизда бундан бир неча йиллар илгари бўлиб ўтган воқеаларни ана шу тариқа эслаймиз. Ўқувчининг синфда дарсдан берилган саволга жавоб бера туриб, бундан бир неча кун ёки бир неча соат илгари ўрганиб-билиб олганларини хотирлаши ҳам шу жумладандир.
Хотира фаолиятининг асосий хизмати вақт ўтказиб эсга туширишдадир. Хотиранинг қиймати ҳам шундаки, биз хотира туфайли эсда қолган материални маълум муддатдан кейин ҳам эслаш имкониятига эга бўламиз ва бинобарин, тажриба тўплай оламиз ҳамда ҳосил бўлган тажрибани эсимизда узоқ, вақтгача сақлаб тура ва ундан фойдалана оламиз. Хотиранинг шу ҳусусияти туфайли биз билим ва малакалар ҳосил қиламиз ва бу билим ҳамда малакалардан зарур бўлган ҳолда бемалол фойдалана оламиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |