Ихтиёрсиз ва ихтиёрий эсда қолдириш.
Эсда олиб қолиш ихтиёрсиз ва ихтиёрий бўлмоғи мумкин.
Ихтиёрсиз эсда қолдириш олдимизга ҳеч бир қандай мақсад қўймасдан, эсга олинадиган материални олдин белгиламасдан ва маҳсус усуллар қўлланмасдан, беихтиёр эсда қолдиришдир. Масалан, биз, одатда, кўчада тасодифий кўрган кишиларнинг афт-башарасини, тасодифий эшитиб қолган баъзи гап ва куйларни беихтиёр эсимизда (хотирамизда) сақлаб қоламиз. Ҳаётимизда бўлиб ўтган кўп ҳодиса ва воқеаларни ҳам биз ана шундай беихтиёр эсимизда сақлаб қоламиз. Кўпинча беихтиёр идрок қилинган нарса ёки ҳодисалар беихтиёр эсда қолади. ўзининг ранг-баранглиги, овози, ҳаракати билан кўзга жуда яққол кўриниб турадиган, бизда кучли ҳиссиёт уйғотадиган, ўтмишдаги тажрибамизга, мавжуд билимларимизга, бизнинг касб ва фаолиятимизга, биз учун алоҳида аҳамияти бўлган ва бизда қизиқиш-ҳавас туғдирадиган шундай нарса ёки ҳодисалар хотирамизда беихтиёр сақланиб қолади. Кўпинча ихтиёрий атайин идрок қилинган нарса ёки ҳодисалар ҳам беихтиёр эсда қолаверади. Кўп ҳолларда биз биронта суратни кўришни, биронта китобни ўқиб чиқишни, биронта лекцияни эшитишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўямиз, аммо кўрилган, ўқилган, эшитилган нарсаларнинг мазмунини эсда олиб қолиш ниятини ўйлаймиз, лекин, шунга қарамай, ихтиёрий идрок қилинган китоб, сурат, нутқнинг мазмунини беихтиёр эслаб қоламиз.Ихтиёрсиз эсда сақлаб қолиш бизнинг ҳаётимиз ва фаолиятимизда жуда катта ўрин тутади. Айрим ҳолларда биронта ёрқин образлар, сўзлар, айрим кишиларнинг афт-башараси, ўқилган ёки эшитилган жумлалар ихтиёрсиз равишда эсда олиб қолинади ва хотирада узоқ сақланиб туради.
Эсда олиб қолинадиган материал бизнинг эҳтиёж ва манфаатимизга мувофиқ бўлса, бу материал биз учун алоҳида аҳамиятга эга бўлса, эсимизда узоқ сақланиб туради. Ихтиёрсиз эсда олиб қолишда ҳиссиёт айниқса катта роль ўйнайди.Бизда биронта ҳиссиёт туғдирадиган материал ҳиссиётимизга ҳеч бир таъсир қилмайдиган материалга қараганда эсимизда ҳам тезроқ, ҳам мустаҳкамроқ ўрнашиб қолади. Баъзан эса беихтиёр эсда қолдириш ихтиёрий эсда қолдиришдан кўра самаралироқ бўлади.Лекин ҳиссиёт эсда қолдириш жараёнига ёмон таъсир қилмоғи ҳам мумкин. Масалан, эсга олинмоғи лозим бўлган материалга сира алоқаси бўлмаган сабаблар билан туғилган ҳиссиёт ана шундай таъсир қилади. Бундай ҳолларда диққатимиз бўлиниб, уни эсда қолдирилмоғи лозим бўлган материалга етарли даражада тўплай олмай қоламиз, диққатимиз бизнинг туйғу-ҳиссимизга шу топда таъсир этган нарсага чалғиб кетаверади.Бундан таълим-тарбия ишида мана бундай хулоса келиб чиқади. Ўқувчилар ўқиб-билиб олишлари лозим бўлган материалда уларнинг ҳис-туйғуларига таъсир этадиган моментлар мумкин қадар кўпроқ, бўлмоғи керак. Ўқувчиларнинг ҳис-туйруларига таъсир этадиган бундай моментлар ўқув материалининг мазмунида ҳам, у материални баён қилиш усулида ҳам, сезги органлари билан идрок қилинаётган ташқи хусусиятларида (материалнинг дарсликда қандай баён қилинганлиги, ўқитувчининг қизиқтирарли ҳикоя қилиб бериши, дарсликдаги суратлар ва дарсликнинг графика ҳамда бадиий жиҳатдан қандай безалганлигида) ҳам ифодаланиши мумкин. Аммо, шу билан бирга, ўқувчининг диққатини ўқув машғулотларидан чалғитиб юборишга сабабчи бўладиган кучли ҳиссиётларнинг олдини олиш учун мактабда ҳам уйда ҳам тегишли шароит туғдириш керак.
Ихтиёрсиз эсда олиб қолиш ихтиёрий эсда олиб қолиш жараёнидан батамом айрилган бўлмайди: кўпинча ихтиёрий эсда қолдиришда ихтиёрсиз эсда олиб қолиш юз беради ёки эсда олиб қолинадиган материал бирор амалий фаолият таркибига кирган бўлади.
Ихтиёрий эсда қолдириш кўзда тутилган мақсадга мувофиқ, танланган материални онгли равишда куч бериб маҳсус эсда қолдиришдир. Ихтиёрий эсда қолдиришда материални пухта эсда сақлаб қолиш мақсадида биз маҳсус усуллардан фойдаланамиз: диққатимизни тўплаймиз, идрок қилинган материални такрорлаймиз, унинг мазмунини ўқиб олиш учун ҳаракат қиламиз, илгариги тажриба ва билимларимиз билан уни боғлаймиз ва ҳоказо.
Систематик равишда эсда қолдириш ёдлаб олиш, ўрганиб олиш дейилади. Бизнинг ўқув ишларимиз - билимларни ўзлаштириш, тегишли кўникма ва малакалар ҳосил қилиш асосан ихтиёрий эсда қолдириш йўли билан бўлади. Ёдлаб, ўрганиб олиш-тартиб билан эсда қолдириш демакдир.
Ихтиёрий эсда қолдириш англаб-билиб эсда қолдиришдир. Ихтиёрий эсда қолдиришнинг нерв-физиологик асоси биринчи сигнал системаси билан ўзаро муносабатда иккинчи сигнал ҳосил бўладиган боғланишлардир.
Ихтиёрий (иродавий) эсда олиб қолиш энг самарали ва пухта эсда қолдиришдир.
Бунда эсда олиб қолиш мақсадини кўзда тутишнинг эсда олиб қолиш лозим бўлган материални танлашнинг ўзиёқ уни энг самарали йўсинда эсда қолдиришга сабаб бўлади.
Эсда олиб қолишда маълум материални хотирада қолдириш зарур ва керак эканини тушуниш аҳамиятга эгадир.Эсда олиб қолишга жазм қилиш, мақсадни кўзлаш, керак материални танлаш, мотивация (нима мақсад билан эсда қолдириш кераклигини билиш) – буларнинг ҳаммаси тафаккур фаолияти билан боғлиқ бўлади. Шу сабабли ихтиёрий эсда қолдириш асосан маъносига тушуниб, онгли ва бинобарин, энг унумли равишда эсда қолдиришдир.Аммо билим ва кўникмаларни муваффақиятли ўзлаштириш учун жазм қилиш, ҳоҳлаш ва олдиндан муҳокама қилишнинг бир ўзи кифоя қилавермайди. Баъзи вақтларда (масалан, аниқ, илмий таъриф ва ибораларни, янги терминларни, чет тил сўзларни ва шу каби материални) эсда олиб қо лишда каттагина қийинчиликларни енгишга тўғри келади, бу қийинчиликлар ирода ва ғайрат билан енгилади.
Ихтиёрий эсда қолдириш қилинган ишнинг натижасини текшириб бориш билан бирга боради: ўқувчи бирор материални эсда мустаҳкам сақлаб қолиш учун ҳаракат қилар экан, у материалнинг хотирада тўлиқ ва аниқ қолган қолмаганлигини текшириб кўради ва муродига етмагунча ишни давом эттираверади.
Ёдлаб билиб олишда муваффақият қозониш кишининг ирода билан астойдил ишлашига кўп даражада боғлиқ бўлар экан.
Бундан шу хулоса келиб чиқадики, ўқувчилар хотирасини ўстириш уларда иродани ҳам ўстириш билан боғлиқдир.
Ихтиёрсиз эсда олиб қолиш сингари ихтиёрий эсда қолдириш ҳам ассоциатив ва маъно боғланишлари асосида воқе бўлади.
Аммо ихтиёрсиз эсда олиб қолишни ассоциатив эсда қолдириш билан аралаштириш ёки тенг-баравар қилиш ярамайди. Хақиқатан кузатиш ва маҳсус қилинган тажрибалар (А.А.Смирнов, П.И.Зинченко) шуни исбот қилганларки, ассоциатив боғланишлар кўп ҳолларда ихтиёрсиз идрок қилишда, ихтиёрсиз ва ихтиёрий хотирага олиб қолишда ва ҳар хил амалий фаолият вақтида ҳам ҳосил бўлаверадилар. Аммо шу билан бирга кўп хилма-хил ассоциацияларни киши онгида кўзлаган мақсад юзасидан ўзи вужудга келтиради. Масалан, чет тил сўзларини ёд олишга, телефон номерларини эсда олиб қолишга ёрдам берадиган ассоциациялар атайин вужудга келтирилади. Биз бир нарсани ёки берган ваъдамизни эсдан чиқариб юбормаслик учун атайин ассоциация пайдо қиламиз, масалан, дастрўмолнинг бир четини тугун қилиб тутамиз.
Ассоциациялар ҳосил бўлган кўникма ва одатлар ассоциациялар аниқ (комплекси) системасидан иборат бўлиб, бу ассоциациялар онгли равишда ва такрор қилинадиган ҳаракатларнинг мустаҳкамланиши жараёнида воқе бўладилар.
Иккинчи томондан, маъносини тушуниб логик эсда олиб қолиш жараёнини ҳам ихтиёрий эсда қолдириш билан аралаштириб юбориш ёки тенг-баробар қилиш ҳам ярамайди.
Китоб ўқиганда, биров билан суҳбатлашганда биз, одатда, кўпгина ҳар хил фикр, гап, мақол, қисса, байт ва қисқа шеърларни беихтиёр эсда олиб қоламиз. Кўп ҳолларда маъноли гаплар ёндошлик, ўхшашлик ва қарама-қаршилик ассоциациялари асосида хотирамизда боғланадилар.
Ассоциатив ва маъно боғланишлари ҳам ихтиёрий, ҳам ихтиёрсиз эсда олиб қолишда юз беради дейиш мумкин. Бунда ассоциациялар уларнинг нерв физиологик асослари билан бирга дастлабки ва универсал боғланишлардир. «Муваққат нерв боғланишлар, деб ёзади И.П.Павлов ҳайвонот оламида ва бизнинг ўзимизда ҳам бўладиган энг умумий (универсал) физиологик ҳодисадир. Шу билан бирга у психик ҳодиса ҳамдир турли-туман ҳаракат, таассурот ё бўлмаса ҳарфлар, сўзлар ва фикрлар ўртасида пайдо бўладиган боғланишлардирки, бу боғланишларни психологлар ассоциация деб айтадилар».
Ихтиёрий эсда қолдириш жараёнида асосий ўринни иш «қиладиган, ҳукм ва тушунча шаклида ифодаланадиган маъно боғланишлари ҳам ассоциациялар асосида ҳосил бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |