3. Эсга олиб қолишда қўлланиладиган маҳсус методик
усуллар
Материалнинг тез ва пухта эсга олиб қолиниши, кўп даражада, биз эсга олиб қолиш мақсадида фойдаланадиган алоҳида методик усулларга боғлиқ бўлади. Эсга олиб қолинаётган материални идрок қилиш усуллари, такрорлаш ва ҳоказолар шу жумладаги усуллардир.
Эсга олиб қолинаётган материални идрок қилиш усуллари
Тез ва пухта эсда қолдириш энг аввало эсга олинадиган материалнинг қандай идрок қилинишига боғлиқ. Тез, равшан ва расо, аниқ идрок қилинган нарса, одатда, эсда тез ва маҳкам сақланиб қолади. Шунинг учун ҳам идрокнинг сифатини белгиловчи шарт айни вақтда хотиранинг сифатини ҳам, яъни унинг тезлигини ва пухта бўлишини ҳам белгилайди.
Шуниси ҳам муҳимки, материални идрок қилишда қанча кўп сезги органлари иштирок қилса, материал ҳам шунча тез ва пухта эсда қолади. Масалан, ўқувчилар ўқув_ материалини эшитиш органлари воситаси билан идрок қилиб қолмай (фақат ўқитувчининг дарсига, шерикларининг баланд овоз билан ўқишига қулоқ солиш билангина чекланиб қолмай.), балки кўриш органлари воситаси билан (дарсликни ўқиш, ундаги расмларни кўриш, турли кўрсатма қуроллардан фойдаланиш), шунингдек, мускул ҳаракатлари (ёзиб олиш, сўзларни баланд овоз билан айтиш, ўз ичида шивирлаб айтиш) воситаси билан ҳам идрок қилганларида, бу материални яхши ва мустаҳкам эслаб қоладилар.
Материални яхшироқ эсга олиб қолмоқ учун ҳар хил идрок усулларидан фойдаланиш керак. Масалан, чет тилдаги сўз ва гапларни ёдлаб олмоқ учун уларни фақат ўқиш ва оғзаки қайтариш кифоя қилмайди, балки бу сўз ва гаплар бир неча карра кўчириб ёзиши ва ёзилганни овоз билан ўқиш керак, ана шунда материал тезроқ ва пухта эсда қолади. Шеър, илмий таъриф, термин ва шу кабиларни ёдлаб олишда ҳам ана шу усулдан фойдаланиш лозим.
. Ўқитувчи шундай суръат билан гапирмоғи керакки, унинг нутқида ифода қилинган фикр ва қоидалар ўқувчилар учун равшан ва тўла тушунарли бўлсин.
Ўқувчи ҳам китоб текстини шундай суръат билан ўқиши керакки, бундаги ҳар бир сўз ва иборанинг маъноси тўла-тўкис идрок қилинадиган бўлсин. Ўқувчи текстни ўқир экан: «Олдингисини тушуниб олмасдан кейингисига ўтманг» деган қоидага риоя қилишга одатланиши керак.
Такрорлаш:
Бош мия пўстида янги пухта боғланишлар ҳосил бўлмоғи учун таъсиротларнинг бир неча марта такрорланиши шарт. Биронта материал қанча кўп такрорланса, шунча маҳкам эсда қолишини ҳамма билади. Такрорлаш эсда қолдиришнинг пухталигига таъсир қиладиган энг муҳим шартлардан биридир. Аммо такрорлашнинг ҳар қандайи ҳам самарали бўлавермайди. Баъзан такрорлаш ҳеч қандай натижа бермаслиги мумкин.
Такрорлашнинг бир неча турлари бўлиб, уларнинг натижалари ҳам турличадир. Аввало пассив ва актив такрорлаш усулларини фарқ қилиш лозим.
Пассив такрорлаш айни бир материални идрок қилишнинг ўзини такрорлайверишдир. Пассив такрорлаш айни бир нарсани бир неча карра кўздан кечириш, ўқиб чиқиш ёки эшитиш демакдир. Ана шу тариқа такрорлаш (баъзан кўп марта такрорланса ҳам) кўп вақтларда унча катта натижа бермайди.
Актив такрорлаш материални эсга тушириш асосида такрорлашдир. Актив такрорлаш идрок қилинган материални, масалан, ўқилган, эшитилган материални бир неча марта эсга тушириб такрорлаш демакдир. Китобдан кўзни узмасдан такрор-такрор ўқиб ёд олишдан кўра, актив қайтариш энг яхши натижа берадиган усулдир. Шу сабабли, ўқувчи бир-икки марта ўқиб чиқилган материални китобга назар солмасдан оғзаки такрорласа, материал тезроқ ва пухтароқ эсда қолади. Эсга олинаётган материални бошқа бир кишига гапириб бериш мустаҳкам эсда қолдириш учун ҳийла катта амиятга эгадир.
Актив такрорлашнинг самарали бўлишига сабаб шуки, ихтиёрий эсга тушириш жараёни, идрокка, яъни китобнинг текстини ҳадеб ўқий беришга қараганда, активроқ процессдир. Эсга туширишни идрок қилиш билан навбатлаб (яъни бир гал китобга қараб, бир гал ёддан сўзлаб) такрорлаб борилса, маҳкамроқ нерв боғланишлари ҳосил бўлади, диққат тўла сафарбар қилинади, фикрлаш ва нутқ фаолияти активлашади, эсга олинмоғи лозим бўлган материалнинг мазмуни яхшироқ, тушуниб олинади. Ўқилган материални ёддан сўзлаб эсда қолдириш ўз-ўзини текшириб, ғоят пухта ва равшан назорат қилишга имкон беради, бу эса материалнинг тўла-тўкис, тўғри ва пухта эсда қолишига ёрдам беради. Эсда қолдириш жараёнида ўз-ўзини текшириб кўриш (ўз-ўзига назоратлик қилиш) фикрлаш ва нутқ фаолиятини активлаштиради. Эсга олинаёттан материални бошқа бир кишига ёддан сўзлаб берганда алоҳида бир масъулият ҳисси туриладики, бу ўз навбатида, ўқувчиларда эсга олиб қолишнинг фаоллик даражасини оширади ва эсда қолишни самаралироқ қилади.
Сидирғасига такрорлаш билан тақсимлаб такрорлаш. Материални актив усулдами, пассив усулдами, бари бир, ё сидирғасига, яъни орада маълум вақт ўтказмай такрорлаш, ёки тақсимлаб, яъни орада маълум вақт ўтказиб такрорлаш мумкин. Орада маълум вақт ўтказиб такрорлаш, сидирғасига, тўхтовсиз такрорлайверишга қараганда, ҳийла натижа берар экан. Бир талай маҳсус тажрибалар шуни исбот қилдики, орада вақт ўтказиб такрорлаганда материални пухта эсда қолдириш учун такрорлаш анча камроқ талаб қилинар экан.
Масалан, И.И.Волков қилиб кўрган бир тажрибани олайлик. И.И.Волков IV синфлардан бирининг ўқувчиларини икки группага ажратиб, ҳар қайсисига айни бир шеърни ёд олишни топширган. Биринчи группа ўқувчилар шеърни сидирғасига такрорлайвериш усули билан бир йўла ёдлаб олганлар. Иккинчи группа ўқувчилар эса мана шундай тартибда ёд олганлар: биринчи куни шеърни икки карра такрорлаганлар, холос; эртасига яна икки марта ва сўнгра шеърни батамом ёдга олмагунча кунда икки мартадан такрорлаб борганлар. Натижада маълум бўлганки, сидирғасига ёдлаб ўрганиб олмоқ учун шеърни ўрта ҳисоб билан 18 марта такрорлаш зарур бўлган, орада бир сутка вақт ўтказиб такрорлаганда эса шу шеърнинг ўзини эсга олиб қолмоқ учун ўрта ҳисоб билан 7 марта қайтариш кифоя қилган. Шу нарса ҳам аниқланганки, биринчи группадаги ўқувчилар (шеърни сидирғасига ёд олган ўқувчилар) шеърни ёддан айтиб берганларида, иккинчи группа ўқувчиларга (шеърни орада вақт ўтказиб ёд олган ўқувчиларга) қараганда кўпроқ янглишганлар.
Орада вақт ўтказиб такрорлашнинг кўп даража натижали бўлишини профессор М.Н.Шардаковиинг тарих ва географиядан ўқув материалини эсда қолдириш устида қилиб кўрган тажрибалари ҳам тасдиқлайди.
Орада вақт ўтказиб такрорлашнинг яхшироқ натижа беришига сабаб шуки, эсга олиб қолиш бир лаҳзада ўтадиган процесс бўлмай, балки чўзиладиган процессдир, чунки эсда қолдиришнинг нерв-физиологик асоси бўлмиш нерв боғланишлар дарров ҳосил бўлавермайди. Сидирғасига ҳадеб такрорлай берганда, навбатдаги ҳар бир такрорлаш ҳали тамомила етмаган эсда қолдириш жараёнини тўсиб қўяди ва бу билан эсга олиш жараёнини чалкаштириб юборади, бинобарин, хотира фаолиятини ҳам бўшаштиради.
Лекин орада жуда узоқ вақт ўтказиб такрорлаш ҳам маъқул эмас: бундай усулнинг ҳам фойдаси кам. Масалан, профессор Шардаков қилиб кўрган тажриба шундай натижа берган: шеърни орада бир сутка ўтказиб ёд олинганда 4 марта такрорлаш, орада уч кун ўтказиб ёд олинганда 6 марта такрорлаш, орада 6 кун ўтказиб ёд олишда эса 7 марта такрорлаш зарур бўлган.
Эсга олиб қолишда материални тақсим қилиш усулининг ҳам аҳамияти катта: материални яхлит ёки парчаларга бўлиб эсда қолдириш мумкин. Материал тушунарли ва ҳажми кичикроқ бўлса, яҳлит эсга олиб қолиниши маъқул. Материал катта бўлса (масалан, катта бир шеър, достон), уни парчаларга бўлиб, аввал бир парчасини, кейин бошқа парчаларини бирин-кетин ёдлаб олиш керак. Материални тақсим қилганда, унинг ҳар бир парчаси тугал бир маъно беришига, мазмуни тўлиқ бўлишига албатта риоя қилиш керак.
Энг яхшиси, ҳажми катта материални комбинация усули деб айтиладиган усулда ўрганиб-билиб олишдир, бунда аввал материални бошидан охиригача кўриб (ўқиб) чиқиб, унинг мазмунини тушуниб олинади ва сўнгра парчаларга тақсим қилиб, эсда қолдирилади. Бундай усулда эсга олиб қолиш осон бўлади, куч ва вақт камроқ сарф бўлади, материал эсда маҳкам ўрнашиб қолади. Комбинация усулида эсда қолдиришнинг яхши натижа берганлиги М.Н.Шардаков қилиб кўрган маҳсус тажрибалар билан исботланган. Эсда қолдирилмоғи лозим бўлган материални тақсимлашда кишининг тафаккури ва диққати активлашади. Бинобарин, материални тақсимлаш ва режалаштириш жараёнининг ўзиёқ эсга олиб қолишнинг сифатига ижобий таъсир қилади.
Ўқув материалини эсга олиб қолишда ҳар хил ёрдамчи усуллар ҳам катта аҳамиятга эга: ўқитувчининг сўзини ёзиб бориш, китоблардан кўчирмалар олиш, конспект ва таблицалар (масалан, тарихдан хронологик таблицалар) тузиш, шунингдек, турли расмлар чизиш, схемалар, чертёжлар қилиш, тарих ва географиядан хариталар ясаш каби ишлар шу жумладандир. Эсга олиб қолиш жараёнида ўқувчилар шу таблица, схема ва суратларни ўзлари қилсалар, материални ўрганиб билиб олиш айниқса осонлашади. Ўқувчилар билими энг муваффақиятли ўзлаштиришларига эришмоғи мақсадида сўнгги йилларда программалаштирилган ўқитув усули янги педагогик технология, анъанавий ва ноанъанавий усуллардан, техник воситалардан фойдаланиш усулларини таълим-тарбияга татбиқ қилинмоқда. Бу усуллар билан ўқитишда кўпгина ҳолларда кибернетика воситалари, ўргатувчи машиналар, ҳисоб-электрон системалар компьютер ва интернет шу кабилардан фойдаланадилар.
ЭСГА ТУШИРИШ ВА УНИНГ ХИЛЛАРИ
Do'stlaringiz bilan baham: |