III. ХАЁЛ ТУРЛАРИ.
Хаёл ҳар хил турларда намоён бўлади. Тасаввур хаёли, ижодий хаёл, ихтиёрсиз ва ихтиёрий хаёл – хаёл турлари жумласидан бўлиб, улар бир-биридан фарқ қилади.
Тасаввур хаёли ва ижодий хаёл.
Тасаввур хаёли деб, ҳозир ёки ўтмишда аслида мавжуд бўлса ҳам, лекин бизнинг тажрибамизда ҳали учрамаган ва биз идрок қилмаган нарса ва ҳодисалар тўғрисида тасаввур ва образлар яратишдан иборат бўлган хаёл турини айтамиз. Бу нарсаларнинг образлари бошқа кишиларнинг айтиб берган сўзлари асосида, шунингдек, ёзма ва бошқа ҳужжатлар асосида яратилади.
Мана шу ҳамма мисоллардаги тасаввур объектлари ҳозир ёки ўтмишда аслида бўлган бўлсада, лекин биз ўзимиз бевосита идрок қилмаган объектлардир.Тасаввур хаёли жараёнида одам ўзи кўз олдига келтираётган образнинг объекти хақиқатан ҳам муайян жойда бўлганлигини ёки муайян вақтда бўлганлигини англайди. Тасаввур хаёлининг характерли ҳусусияти ҳам мана шудир.
Масалан, архив ҳужжатлари ва тарихий ёдгорлик билан ишлаётган тарихчининг хаёли ҳам шу жумладандир, чунки у тарихда бўлиб ўтган воқеаларни шу материаллар асосида кўз олдига келтиради.
Кимдир – биров маълум бир системага солган, ундаги образларни ҳам яратган тайёр материал асосида бирон бир образ яратаётганда қилинган хаёл ҳам тасаввур хаёли бўлади. Масалан, бадиий асарни ўқиганимизда бадиий суратни кўрганимизда, техника чертёжларини ва схемаларини ўқиганимизда ҳикоя эшитганимизда бизнинг онгимизда шахсларнинг, суратларнинг, табиат манзараларининг, воқеаларнинг образлари пайдо бўлади. Бунда бошқа шахслар яратган тайёр образнинг ўзигина ўзлаштирилади, дейиш мумкин. Бунда муайян бир образни тасаввур қилиш кўп жиҳатдан авторнинг яратган образи қандай усуллар билан бунёд қилинганига боғлиқ бўлади, авторнинг бадиий маҳоратига боғлиқ бўлади, лекин, шу билан бирга, тасаввур қилинаётган образнинг муайян бир даражадаги мазмуни, тўлиқлиги, ёрқинлиги шу образни идрок қилувчи одам хаёлининг қай даражада ўсганлигига ҳам боғлиқ бўлади. Ҳар бир киши ўқиётганида, кўраётганида, эшитаётганида объектга мувофиқ ўз образини яратади. Масалан, Л.Н.Толстойнинг «Анна Каренина» романини ўқиган ҳар бир китобхон Аннанинг, Вронскийнинг, Левиннинг ва бошқаларнинг маълум даражада ўзига (шу китобхонга) хос бўлган образини яратади.
Географик карталарга кўз юритилган вақтда ва географияга доир китобларни ўқиган вақтда ҳам, одамда реал географик объектларнинг– тоғлар, дарёлар, денгизлар, ўрмонлар ва шу кабиларнинг образлари вужудга келади. Чертёжлар ва суратларни кўздан кечираётган кишида ишлаб турган машиналарнинг тегишли образлари вужудга келади.
Ўқитиш жараёнида ўқувчиларда тасаввур хаёли уларнинг, шахсий тажрибаларида учрамаган ёки замон ва макон жиҳатидан уларга узоқ бўлган объектлар тўғрисидаги билимларни ўзлаштиришларида намоён бўлади. Масалан, тарихга, географияга, космографияга ва бошқа шу каби фанларга доир билимлар мана шундай тасаввур хаёли жараёнида ўзлаштирилган билимлардир.
Ижодий хаёл деб, бизнинг тажрибамизда бўлмаган ва воқеликнинг ўзида ҳам учрамаган нарса ва ҳодисалар ҳақида тасаввур ва образлар яратишдан иборат бўлган хаёл турини айтилади.
Одам ўзининг ижодий хаёлида ўзи бирор янги, оргинал нарса яратади. Масалан, ёзувчи ўз асари учун персонажларнинг типик образларини яратаётганида унинг хаёли мана шундай ижодий хаёл бўлади. Ихтирочининг янги машина, янги асбоб проектини яратаётганидаги хаёли мана шундай ижодий хаёлдир. Тадқиқотчининг бирор гипотеза ёки эксперимент режани яратаётганидаги хаёли мана шундай ижодий хаёлдир.
Ижодий хаёлнинг ўзига хос ҳусусиятлари қуйидагилардан иборат бўлади. Аввало яратилаётган образнинг объекти хақиқатда йўқлиги, қандайдир бирон янги нарса яратилаётганлиги англанади. Сўнгра, жамиятнинг ва шу муайян кишининг эҳтиёж ва манфаатлари ўша образни яратишга рағбатлантиради, шу образнинг яратилиши ўша образни яратаётган одамдаги шахсий тасаввурлар ва билимлар бойлигига, шунингдек, ўша одам хаёлининг алоҳида ижодий хислатларига боғлиқ бўлади.
Ижодий хаёл образлари сўзларда ёки моддий объектларда гавдалантирилиши, тасвир қилиниши мумкин.
Ижодий хаёл санъатнинг ҳамма турларида - поэзияда, музикада, тасвирий санъатда (сураткашликда), архитектурада, қишлоқ хўжалигидаги новаторликда, фан ва техника соҳасидаги ихтироларда намоён бўлади. Ижодий хаёл жараёнида одам ўз онгида фақат янги мазмун яратибгина қолмайди, шу билан бирга, объектив оламда янги реал нарсалар ҳам яратади.
Шуни назарда тутиш керакки тасаввур хаёли билан ижодий хаёл ўртасидаги фарқ фақат нисбий фарқдир. Ижодий хаёл жараёнида бўлгани каби, тасаввур хаёли жараёнида ҳам объектларнинг образлари яратилади, янгидан ижод қилинади, Хаёлнинг бу икки тури ҳам аслда ижодий процессдир.
Орзулар ва ширин хаёл суришлар ижодий хаёлнинг алоҳида турларидир.
Орзу – ижодий хаёлнинг тилакдаги келажакка қаратилган фаолиятидир. Орзу қилиш – кўнглимизга ёқадиган истиқбол образларини яратиш демакдир. Чунончи, ёш йигит қандай қилиб келгусида педагог, инженер, токарь, врач, трактор ҳайдовчи, учувчи ва ҳоказо бўлишни орзу қилади. Бошқа бир йигит қандай қилиб келажакда Ватан фахрланадиган катта қаҳрамонлик кўрсатишни орзу қилади.
Ширин хаёл суриш муайян бир нарсага қаратилмаган муайян бир системага эга бўлмаган хаёл жараёнидир. Ширин хаёлга ботган вақтда турли образлар кўз ўнгидан бирин-кетин бетартиб ўта беради. Бу тасаввурлар жараёнини тафаккур тартибга солмайди. Орзуларда бўлгани каби, ширин хаёл суришда ҳам, асосан, ўзимиз хуш кўрган образлар пайдо бўлади. Шу сабабли, кўпинча, ширин хаёл суриш одамга ҳузур баҳш этади.
Ширин хаёлга ботиш, одатда, одам пассив, иродаси бўшашган пайтда, масалан, қаттиқ чарчагандан кейин истироҳат қилаётган вақтда, кўз уйқуга кетаётган ва уйқудан уйғонган вақтда (одам ухлаб бораётган ёки уйқудан уйғонаётган пайтларда) пайдо бўлади. Ширин хаёл суриш нерв системаси бетобланиб ҳолсизланган вақтда, баъзан психик касалликлар вақтида, иситма чиқаётганида, нерв системаси (алкоголь, кокаин, морфий билан) заҳарланган вақтда пайдо бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |