Тасаввур ва идрок
Юқорида айтиб ўтилганидек, тасаввур олдин идрок қилинган нарсаларнинг кўз олдимизга келган образларидир. Идрок образлари воқеликда мавжуд нарса ва ҳодисаларнинг образлари бўлганлигидан, тасаввурлар ҳам ҳудди шу нарса ва ҳодисаларни акс эттиради. Аммо идрок билан тасаввур ўртасида каттагина фарқ бор.
Идрок нарса ва ҳодисаларнинг сезги органларига бевосита таъсир қилиши натижасида туғилади.
Хотира тасаввурлари эса илгари сезилган ва идрок қилинган нарсалар асосида, сезги органларимизнинг бевосита фаолиятисиз ҳосил бўлади. Биз илгарилари кўрган (идрок қилган) бир нарсанинг образини кўзимизни юмиб туриб кўз ўнгимизга келтира оламиз. Илгарилари эшитган бир куйни, бирор буюмининг оғир-енгилигини тасаввур қилмоғимиз мумкин.
Тасаввур қилишнинг физиологик асоси шартли рефлексларнинг ҳосил бўлишида бош мия пўстида пайдо бўлган «излар»нинг жонланишидир. Тасаввур биронта туртки таъсири билан туғилади. Масалан, биронта одам ҳақидаги тасаввурнинг туғилиши учун «биринчи туртки бўлиб,– деб ёзади И.М.Сеченов, - мен шу одамни илгари учратганимда ҳосил бўлган жуда кўп таъсиротлар ўртасида шу пайтда қўзғалган биронта ташқи таъсирот хизмат қилади; бу туртки ана шу одамни кўришдан ҳосил бўлиб, излар шаклида сақланиб қолган ҳамма сезгиларни уйғотади..»
Одамда тасаввур туғдирадиган специфик қўзғовчи сўздир. сўз билан тасвирлаш орқали турли тасаввурлар туғилади. Масалан, бизга шахсан таниш бўлган бир кишининг исмини эшитиб қолганимизда унинг образи (тасаввури) дарров кўз олдимизга келади.
Тасаввурлар равшанлик ёки бошқача қилиб айтганда, яққоллик даражаси жиҳатидан идрок образларидан фарқ қилади, тасаввурлар идрок образларидан анча норавшан, хирароқ бўлади.
Тасаввурнинг сифатлари
Тасаввурлар сифат жиҳатдан бир-биридан фарқ қилади, Тасаввурнинг сифати унинг идрок образига нақадар айнан ўхшашлик даражасига боғлиқдир. Тасаввур қанча тўлиқ, равшан ва аниқ, бўлса, у идрок образига шунчалик яқинлашади. Тасаввурнинг сифатлари дейилганда, уларнинг тўлалигини, равшанлигини, аниқлигини ва яққоллигини тушунамиз. Баъзи бир нарса ёки ўтмишдаги бирон воқеа ҳақида тасаввурларимиз айниқса тўла ва равшан бўлади. Демак, бундай тасаввурларнинг мазмуни тасаввур қилинаётган нарсанинг энг кўп сифат ва аломатларини қамраб олган бўлади, Масалан, биронта нарсани хотирамизга туширганимизда: «ҳудди ҳозиргина бўлгандай кўз олдимда турибди», «бояги ашула ҳозир ҳам ҳудди қулоғимга эшитилаётгандек туюлади» деб гапирамиз. Аксинча, ноаниқ, норавшан ва хирароқ тасаввурлар ҳам бўлади. Демак, бундай тасаввурларнинг мазмуни тасаввур қилинадиган нарсанинг фақат баъзи бир ва кўпинча унча муҳим бўлмаган белгиларинигина акс эттиради. Бу хил тасаввурлар кўпинча фақат нарсанинг умумий схемаси шаклида гавдаланади.
Тасаввурнинг сифати турли сабабларга боғлиқдир.
Бу сифатлар, аввалло нерв системасининг аҳволига боғлиқ бўлади. Нерв системаси соғлом ва тетик бўлса, бундай ҳолда туғиладиган тасаввурлар жуда тўлиқ, жуда равшан ва югурик бўлади. Чарчаганда ёки нерв системаси баъзи касалликларига йўлиққан ҳолларда, одатда, тасаввурлар хиралашади. Аммо баъзи бир касалликлар орқасида (ёки нерв системаси заҳарланганда), аксинча, тасаввур ниҳоят яққол бўлади, яъни Голлюцинацияга айланади.
Тасаввурнинг сифатлари яна идрокнинг пухталигига ҳам боғлиқдир: биронта нарсани қанчалик пухта эсга олиб қолинса, тегишли тасаввурлар ҳам шунчалик равшанроқ ва аниқроқ бўлади.
Сўнгра, тасаввурнинг сифати туйғу-ҳисларга, эмоционал ҳолатга боғлиқ бўлади: бу туйғу-ҳислар нечоғли кучли ва чуқур бўлса, тасаввурлар ҳам шунчалик тўла ва яққолроқ бўлади.
Тасаввурнинг сифатига ихтиёрий диққат ҳам катта таъсир кўрсатади: идрок қилинаётган нарса устида диққат қанчалик яхши тўпланган бўлса, кейинчалик бу нарсалар тўлароқ, равшанрок ва расо тасаввур қилинади. Диққат тарқоқ ҳолда бўлса идрок қилинган нарса ярим-ёрти, чала, хира, ноаниқ тасаввур қилинади.
Тасаввур сифатларида одамларнинг индивидуал ҳусусиятлари намоён бўлади, қачондир идрок қилинган худди бир нарса ёки ҳодисани ҳар ким ўзиёқ идрок қилади. Тасаввурнинг шу хил фарқлари одамнинг касбларига, қизиқиш-ҳавасларига, характер ва қобилиятига боғлиқ бўлади. Айрим кишиларда тасаввур образларнинг яққоллиги ва равшанлиги қарийб идрок образлари даражасигача етади. Шу даража равшан яққол тасаввурларини эйдетик образлар деб аталади. Тасаввурлари шу хилдаги одамларни эса эйдетиклар дейилади.
Тасаввур хиллари
Бизда турли-туман тасаввурлар туғилади.
Идрок сингари тасаввурлар ҳам сезги органларига мувофиқ турларга бўлинади. Шу сабабли, тасаввурлар кўриш, эшитиш, ҳид билиш, маза (таъм) билиш, тери сезгиси, температура, мускул-ҳаракат, умумий-органик тасаввурларга бўлинади. Тасаввурларда акс этадиган воқелик соҳаларига қараб ҳам тасаввурлар бир-биридан фарқлади. Масалан, табиат, жамият, техника, фазо, вақт ва шу кабилар тўғрисидаги тасаввурлар шулар каторидаги тасаввурлардир.
Ниҳоят, тасаввурлар яна якка ва умумий тасаввур хилларига бўлинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |