3. Темпераментнинг ўзгариши
Аммо темперамент ҳақида баён қилинган бу фикрлардан одам темпераментининг барча хусусиятлари албатта нерв системасининг тузилиш хусусиятлари билан қатъий равишда белгиланади ва ўзгармайди, деган хулоса чиқариш ярамайди. Нерв системасининг маълум бир типи фақат шахсда маълум сифатларга мойиллик вужудга келтиради, унга замин ҳозирлайди, холос. Темпераментга хос бўлган хусусиятларни киши ўз иродаси, истаги билан ўзи ўстира олади, бирмунча йўқота ёки ўзгартира олади. Киши темпераменти хусусиятларидаги бундай ўзгаришлар кишининг шахсий истаги билангина вужудга келиб қолмай, балки, кишининг ҳаёт тажрибаси жараёнида, атроф-теваракдаги муҳит таъсири, асосан тарбия таъсири остида ҳам вужудга келади.
Нерв фаолиятининг ўзи қандайдир ўзгармайдиган бир нарса эмаслигини И.П..Павлов такрор-такрор ўқтириб ўтган. У нерв системасининг фаолияти «турмуш берадиган тарбия таъсири билан» ўзгариши мумкин, ва бир шаклга кирган нерв фаолияти» фақат туғма нерв система типи билангина белгиланмасдан, балки организм ҳаётининг бутун тарихи билан ҳам белгиланади деб ҳисоблади.
«Одам билан ҳайвоннинг ҳатти-ҳаракати, дейди И. П, Павлов,–фақат нерв системасининг туғма хусусиятларигагина боғлиқ бўлиб қолмай, балки организмнинг индивидуал ҳаётида унга доим кўрсатилган ва кўрсатилаётган таъсирларга ҳам боғлиқдир, яъни, кенг маънода олганда, доимий тарбия ёки ўргатишга боғлиқдир. Бунинг сабаби шуки, нерв системасининг юқорида кўрсатилган хоссалари билан бир қаторда, унинг энг муҳим хоссаси бўлган энг юксак пластиклиги ҳам тўхтовсиз кор қилиб туради. Демак, агар гап нерв системасининг табиий типи тўғрисида борар экан, у вақтда туғилган кунидан бошлаб мана шу организмга таъсир этган ва ҳозирги вақтда ҳам таъсир этиб турган ҳамма таъсирларни ҳисобга олмоқ керак».(Польное собрание сочинений, III том, 2-китоб, 269-бет).
Кишининг темпераменти ўзича айрим равишда намоён бўлмайди, у кишининг характери таркибига киради.
II. ХАРАКТЕР
1. Характер тўғрисида умумий тушунча
«Характер» юнонча «характир» деган сўздан олинган бўлиб, «қалқиқ чизиқ» маъносини англатади. Бу ерда танга, чақа юзига туширилган бўртма тамға кўзда тутилади.
Характер деганда шахсда муҳит ва тарбия таъсири остида таркиб топган ва унинг иродавий фаоллигида, теварак-атрофдаги оламга (бошқа кишиларга, меҳнатга, буюмларга), ўз-ўзига бўлган муносабатларида намоён бўладиган индивидуал хусусиятларини тушунамиз.
Шахснинг характерига тегишли бўлган хусусиятларни характер хислатлари дейилади. Характер – хислатлари – кишида тасодифий учрайдиган хусусият бўлмай, балки кишининг ҳулкидаги доимий, барқарор хусусиятлар бўлиб, бу хусусиятлар шахснинг ўзигагина хос бўлади.
Ҳар бир одам айрим пайтларда мардлик, салобатлилик, ростгўйлик, софдиллик кўрсатиши мумкин. Лекин кишининг ҳаёти ва фаолиятида айрим пайтлардагина юз берадиган бундай хусусиятлар ҳали унинг барқарор характер хусусиятлари бўла олмайди. Биз киши характерини таърифламоқчи бўлганимизда, бу одам мардлик қилди ёки ростгуйлик, софдиллик кўрсатди демасдан, балки бу одам мард, ростгўй, софдил деб гапирамиз. Бу деган сўз, мардлик, тўғрилик, софдиллик шу одамга хос фазилат, унинг характер хислати деган сўздирки, тегишли пайтда мардлик, ростгуйлик, софдиллик кўрсатишни биз муқаррар равишда бу одамдан кута оламиз. Агар биз бир кишининг характер хусусиятини билсак, бу одамнинг тегишли пайтда қандай ҳатти-ҳаракат кўрсатишни олдиндан тўғри таҳмин қила ёки айта оламиз.
Киши характери таркибига кирадиган айрим хислатлари ижтимоий муносабатларнинг тараққиётига боғлиқ ҳолда, тарихий равишда вужудга келган ва ўзгарган. Синфий жамиятда характернинг ҳам синфий хислатлари таркиб топган. Кишилар характеридаги айни бир хислатнинг ўзи турлича ижтимоий муҳитда турлича баҳоланади: бир ижтимоий синф, бир тарихий давр учун ижобий ҳисобланган характер хусусияти иккинчи бир синф, иккинчи бир ижтимоий давр учун салбий бўлиб қолади.
Ижтимоий муносабатларнинг ўзгариши билан у маълум бир гуруҳга ёҳуд синфларга хос бўлган кўп характер хислатлари қайтадан тарбияланади ёки йўқолиб кетади, шу билан бирга янги характер хислатлари пайдо бўлади.
ХХ асрнинг якуний босқичи умумбашарият ҳаётида буюк ижтимоий ўзгаришлар ва бурилишлар даври бўлиб тарихга кираяпти. Бу ўзгаришларнинг энг улуғи СССР деб аталган коммунистик империянинг барбод бўлиши ва собиқ иттифоқдош республикаларнинг, жумладан, жумҳуриятимизнинг мустақиллик, миллий тикланиш ва демократик йўлига кираётганидир. Бу халқлар инсониятнинг ҳаётида синалган табиий – тарихий тараққиёт йўли – бозор иқтисодиётига ўтяпти, бевосита жаҳон иқтисодий – ижтимоий оқимига қўшиляпти.
Ушбу ўлкан тарихий жараёнлар кишиларнинг руҳиятига, характерига, аҳлок-одобига, ўзаро муносабатларига чуқур ва зиддиятли таъсир кўрсатяпти. Бу таъсирлар халқимизнинг миллий тикланиши ва миллий қадриятларигагина эмас, балки кишиларимизнинг характер хислатларини ҳам ўзгартиришга сабаб бўлмоқда.
Характер ва унинг шаклланиши, намоён бўлиши учун кишиларимизни ўраб олган муҳити, турли фаолиятларга турлича муносабатлар, яшаб турган жамиятимиздаги муносабатлар сабаб бўлади. Бу эса халқимизда янгича характер хислатларининг шаклланишига, асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган саҳийлик, самимийлик, ўзаро ҳамкорлик, бир-бирига ёрдам, иффат, шарм-хаё, камтарлик, меҳмондўстлик каби сифатлар барқарор хусусиятларга айланиб қолмоқда. Бу хусусиятлар яна авлоддан-авлодга ўтади ва мазмун, сифат жиҳатидан ўзгаради ва у кишиларни ўз-ўзига, жамиятга, меҳнатга, нарсалар ва ҳодисаларга бўлган муносабатларда янгича характер хислатларни шакллантиради.
Заҳматкаш халқимизнинг характеридаги иродавий, аҳлоқий ва фаҳм-фаросатга боғлиқ бўлган хислатлар мустақилликни мустаҳкамлашда яна ҳам ривожланди. Характернинг бу сифатлари тероризмга қарши курашда, диний ақидапарастлик, ваҳобизм, ҳезби-таҳрир, наркомания ва шу каби иллатларга қарши курашда яққол намоён бўлди. Қанча бегуноҳ кишиларнинг ястиғи қуриди, лекин халқимиз ўзининг матонати, қатъияти билан ўз характерини намоён қилди.
Ҳозирги кунда лаганбардорлик, ҳушомадгўйлик, такоббурлик, эгаизм, тамойилсизлик каби салбий иллатлар ўрнини ўзаро мурувват, ҳамкорлик, кишиларнинг ҳурмат қилиш, уларга қўлларидан келгунча ёрдамлашиш, меҳр-саҳоват, адолат, савобли ишлар қилиш, халол ва ҳаромни, виждонни ҳис қилиш яхшилик каби ижобий сифатлар шаклланиб бормокда.
Бизда янгича характер хислатлари таркиб топмоқда. Бу кишиларнинг меҳнатига янгича муносабат, жамият манфаатларига содиқлик, меҳр-мурувватли бўлиш, ёрдамга муҳтож кишиларга илтифотли бўлиш каби юксак фазилатлар шаклланмоқда.
Кишиларимизнинг характер хислатлари уларни дунёқараши ва эътиқодлари билан белгиланади ва уларнинг қизиқиш, қобилиятлари билан маҳкам боғлангандир. Дунёқараш ва эътиқодлар Ватанимизга фидокорона муҳаббат, жасорат, меҳнатсеварлик, мардлик, сабот ва ростгўйлик сингари характер хислатларини шакллантиради ва ноҳакликларга нисбатан сезгирлик сингари характер хислатларининг вужудга келиши, кўпроқ кишининг ҳиссиётларида зоҳир бўлади. Киши характерида марказий ўринни ишғол этадиган сифатлар мазкур одамнинг ирода сифатлари ва маънавий қиёфасида ифодаланадиган сифатлардир.
Кишининг характери унинг ўзига хос хислатларининг мажмуидир. Ана шу хислатлар орасида шу кишини жамият аъзоси сифатида характерлаб берувчи хусусиятлар энг муҳим аҳамиятга эгадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |