VIII. ОДАТЛАР.
Меҳнат ва ўқиш жараёнида кўникма ҳамда малакалар билан бирга одатлар ҳам катта ўрин эгаллайди.
Одатлар, худди малакалар сингари, янгидан ҳосил қилинган, мустаҳкамланган ва автоматлаштирилган иш-ҳаракатлардир лекин малака ва одат айнан бир нарса эмас, улар бир-биридан фарқ қилинади.
Маълум шароит таъсири остида вужудга келиб ва мустаҳкамланиб қолган ва бажарилиб туриши кишининг эҳтиёжига айланган амал ҳаракатларни одат деб айтилади.
Бундай ҳаракатларни (одатларни) тўхтатиб қолиш, одатда, тажанглик ва норозилик ҳиссини уйғотади. Масалан, бунга қуйидаги одатларни кўрсатиш мумкин: масалан бир вақтда уйқудан туриш, овқат олдидан қўлни ювиш, ишда асбобларни маълум бир жойга қўйиш ва шунинг кабилар.
Одатланиб қолган ҳаракатлар кўпинча шунчалик мустаҳкам сингиб кетадики, улар кишига табиий бўлиб кўринади. «Одат кишининг иккинчи табиатидир» («ўрганган кўнгил ўртанса қўймас») деган мақол ҳам мана шундан келиб чикқан.
Одатлар ҳам, малакалар сингари, ҳар хил бўлади, масалан, шундай одатлар бўлади: касб ва меҳнат одатлари (ишга ўз вақтида келиш, бошланган ишни охиригача етказиш, ҳар қандай ишни олдиндан ўйлаб, режа билан ишлаш, иш учун зарур бўлган барча нарсаларни маълум бир жойга қўйиш ва бошқалар), гигиена одатлари (бадан ва кийимларнинг тозалигини сақлаш, тишни тозалаб туриш, овқат олдидан қўлларни ювиш ва бошқалар), эстетик одатлар (сочларни яхшилаб тараб, кийимларни озода қилиб юриш, уйни тартибли ва чиройли қилиб тутиш, нутқ маданиятига риоя қилиш ва бошқалар), аҳлоқий одатлар (ростгўй, софдил ва ҳалол бўлиш).
Фақат ижобий одатлар бўлиб қолмай, балки салбий одатлар ҳам бўлиши мумкин. Салбий одатларга мисол қилиб – ишдаги юзакилик ва тартибсизликни, иркитликни, кўпол иборалар, яъни, масалан, хўш каби кераксиз сўзларнинг ишлатилишини, тирноқларни кемириш одатини, шунинг кабиларни кўрсатиш мумкин.
Одатларни ҳосил қилиш жараёни, худди малакаларни ҳосил қилиш жараёни сингари, яъни бир хилдаги ҳаракатларни асосан кўп марталаб такрорлаб бериш орқали содир бўлади. Одат ва малакалар ҳосил бўлиш қонуниятлари бирдир.
Одатларнинг нерв-физиологик асоси кўникма ва малакаларнинг нерв-физиологик асослари билан бирдир.
Одатларнинг аҳамияти. Одатлар, малакалар сингари, одамнинг фаолиятларида катта ўрин эгаллайдилар. Одатлар бизнинг ҳаётимизни ва фаолиятимизни саранжом-саришта ҳамда тартибли қилади. Гигиена малакалари, маиший, меҳнат ва эстетик малакалар шулар жумласидандир. Чунончи, меҳнатнинг рационал режимига риоя қилиш одатлари, санитария-гигиена одатлари, яхши маданий ҳулқ-атвор одатлари меҳнат унумдорлигини оширишнинг муҳим шартларидандир. Салбий характерга эга бўлган одатлар, аксинча бизнинг ҳаётимизни бебош қилади ва интизомсизликка сабаб бўлади.
Одатлар инсон онгининг барча фаолиятини ва хусусан, тафаккур ҳамда диққатини тартибли қилади, бизда ўйлаш одати ва ўйлашнинг одат бўлиб қолган усуллари, диққатли бўлиш одати ва одат бўлиб қолган диққат вужудга келиши мумкин. Жуда кўп одатлар характеримизнинг хислатларига айланиб қолади.
Шунинг учун, ижобий одатларни пайдо қилиш кишини энг кичик ёшдан бошлаб тарбиялашнинг муҳим вазифалардан биридир.
Одатларнинг юзага келиши жуда ёш болалик даврдан бошланади. Одатларнинг даставвал бошлаб юзага келишида болаларнинг катталарга тақлид қилишлари катта роль ўйнайди. Болада одатларнинг юзага келиши кўп жиҳатдан катталарнинг ҳулқ-атворига боғлиқ. Мактабда одатлар ўқитувчи талабларининг таъсири ҳамда ўқитувчи томонидан ўқувчиларнинг қилган ишлари ва ҳулқ-атворларига системали тарзда баҳо бериб бориш орқали юзага келтирилади. Ўқувчиларда ижобий одатлар юзага келтиришда синф жамоаси ҳамда камолот ёшлар ташкилотлари ижтимоий фикрининг таъсири алоҳида аҳамиятга эгадир. Мактабда меҳнат қилишга одатланишни ҳосил қилиш алоҳида муҳим ўринда туриши керак. Ўқувчиларда меҳнат фаолиятига тегишли ижобий одатларни юзага келтириш лозим. Масалан, бажарадиган меҳнат вазифасига жавобгарлик билан қараш, иш жойини тўғри ташкил қилиш, иш асбоблари, материаллар ва машиналарга нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, ҳаракатларни вақт мобайнида рационал (тўғри) тақсимлаш, қилинаётган ишларни системали равишда назорат қилиб бориш, қийинчиликларни енгиш, меҳнат усулларини яхшилаш йўлида ташаббус ва ижодкорлик кўрсатиш ҳамда меҳнат унумдорлигини оширишга интилиш одатлари шулар жумласидандир. Ижобий одатларни ҳосил қилиш билан бирга салбий одатларни йўқотиш юзасидан ҳам иш олиб бориш лозим. Салбий одатларни йўқотиш учун асосан бундай одатларга қарши системали равишда ва муттасил кураш олиб бориш керак. Салбий одатларнинг олдини олиш зарур, агар шароит имкон берган жойда, пайдо бўлган салбий одатларни ижобий одатлар билан алмаштириб юбориш керак.
Мактабда тўғри ҳосил қилинган ва мустаҳкамланган одатлар мактаб тугатилгандан сўнг ҳулқ-атворнинг барқарор шакли бўлиб қолади ва шахснинг анча мустаҳкам хислатига айланади.
Малака ва одатлар кишининг ҳулқ-атвори ва фаолиятининг барча турлари учун зарурдир. Аммо кишининг фаолияти ва ҳулқ-атворини фақат малака ва одатлардан иборат деб бўлмайди. Малака ва одатлар билан бирга, кишининг онгли ижодий фаолияти ҳам юксак даражада ўсиши ва намоён бўлиши лозим. Керакли малака ва одатларни тарбиялаш билан бирга, кишида ўз ҳулқ-атвори ва ўз фаолиятига нисбатан онгли муносабатда бўлишни ҳам ўстирмоқ керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |