УЧИНЧИ ҚИСМ
ШАХСНИНГ ИНДИВИДУАЛ ХУСУСИЯТЛАРИ.
IV БОБ
ТЕМПЕРАМЕНТ ВА ХАРАКТЕР
Темперамент ва характер одамнинг ижтимоий муносабатларида яққол намоён бўладиган индивидуал хусусиятлардир. Кишининг темперамент ва характер хусусиятлари бир-бирига шундай яқиндан боғланиб (тўғрироғи қўшилишиб) кетгандирки, уларнинг қайси бири характер хусусиятларига тааллуқли эканлигини одатда ҳаёт шароитида ажратиш қийин бўлади.
I.ТЕМПЕРАМЕНТ
Темперамент лотинча «темпераментум» деган сўздан олинган бўлиб,унинг маъноси «аралашма» демакдир.
Темперамент ва темперамент типлари ҳақида умумий тушунча
Темперамент деганда биз, одатда, кишининг табиий туғма хусусиятлари билан боғлиқ бўлган индивидуал хусусиятларини тушунамиз.
И.П.Павлов темпераментни қуйидагича таърифлайди. «Ҳар бир айрим кишининг ва шунингдек, ҳар бир айрим ҳайвоннинг ҳам энг умумий характеристикасидир, ҳар бир индивиднинг бутун фаолиятларига муайян қиёфа берадиган нерв системасининг асосий характеристикасидир». (Польное собрание сочинений, III том, 2-китоб, 103-бет).
Темперамент, психологик жиҳатдан олганда, кишидаги ҳиссиётнинг қўзғалишларида ва кишидаги умумий ҳаракатчанликда кўринадиган индивидуал хусусиятдир.
Ҳар қайси кишидаги ҳиссиётнинг қўзғалиш тезлиги, кучи ва барқарорлиги ҳар хил бўлади. Бир хил одамларнинг ҳиссиёти тез, кучли қўзғалади ва барқарор бўлади. Баъзи кишиларда эса бундай қўзғалиш суст, заиф бўлиб, узоққа бормайди. Темпераментнинг бундай хусусиятлари кишидаги ҳиссиётнинг қўзғалишлари билан бирга, организмнинг атрофдаги муҳит таъсирига жавобан кўрсатадиган ихтиёрсиз реакцияларида айниқса яққол кўринади. Бу хусусиятлар ташқи томондан кишининг мимикаларида, пантомимикаларида, ҳар хил беихтиёр иш-ҳаракат ва имо-ишораларида кўриниб туради. Киши ҳиссиётининг бундай қўзғалувчанлик хусусиятлари диққатнинг кучи ва барқарорлигида, ирода сифатларида, ақлий жараёнлар, жумладан, нутқ тезлигида акс этади. Мана шундай ихтиёрсиз фаолликнинг қандай юз беришига қараб, бир хил одамларни «тез», «бетоқат», «серғайрат», «жўшқин» деймиз. Баъзиларини эса «сусткаш», «лапашанг» ва ҳоказолар деб юритамиз. Бу хилдаги индивидуал хусусиятлардан кишининг темпераменти (мижози) таркиб топади.
Айрим темпераментларнинг аломатлари кишининг болалик чоғларида яққол намоён бўлади.
Ҳар бир кишининг ўз темпераменти бўлади. Лекин ҳар қайси одамнинг темпераментларида мана шундай индивидуал тафовутлар бўлиши билан бирга, бу темпераментларнинг умумий, ўхшаш белги ва аломатлари ҳам бўлади. Ҳамма хилма-хил темпераментларни мана шундай умумий белгиларига қараб ажратиш, яъни классификация қилиш мумкин.
Барча темпераментларни қадимдан тўрт типга: 1) холерик, 2) сангвиник, 3) меланхолик ва 4) флегматик темпераментга ажратиш расм бўлган.
Холерик темперамент – ҳиссиётнинг тез ва кучли қўзғалувчанлиги, барқарор бўлиши билан фарқ қилади. Холерик темпераментли кишиларнинг ҳиссиётлари уларнинг имо-ишораларида, мимикаларида, ҳаракатлари ва нутқларида яққол кўриниб туради. Холериклар қизғинлик ва тажангликка мойил бўладилар. Бундай темпераментли кишилар чаққон, умуман ҳаракатчан, серғайрат ва ҳар доим уринувчан бўладилар.
Бу хил темпераментли болалар серғайрат бўладилар. Улар бир ишга тез киришадиган ва бошлаган ишини охирига етказадиган бўладилар. Улар кўпчилик билан жамоа ўйинлар ўтказишни севадилар ва бундай ўйинларни кўпинча ўзлари бошлаб, охиригача актив қатнашадилар. Холерик темпераментли болалар аразчан, сержаҳл ва тажанг бўладилар. Бир нарсадан хафа бўлсалар, бу хафалик уларда узоқ сақланади. Улардаги кайфият анча барқарор ва давомли бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |