Кишининг бошқа одамларга ва меҳнатга бўлган муносабатларида ифодаланадиган характер хислатлари.
Кишининг бошқа одамларга бўлган муносабатларида ифодаланадиган характер хислатлари одамнинг ҳатти-ҳаракатлари ва нутқида яққол намоён бўлади.
Кишининг бошқа одамларга бўлган муносабатларида ифодаланадиган ижобий характер хислатлари, аввало, кишининг бошқа одамлар билан нечоғли эл бўлиб кетишидадир. Бу характер хислати кишининг ҳамиша бошқа одамлар билан биргаликда бўлишга, жамоанинг умумий манфаатлари билан нафас олишга, биргаликда қилинадиган ишларда қатнашишга интилувида намоён бўлади. Кишиларга эл бўлиб кетадиган одамлар ҳатто оз бир муддатга бўлса ҳам якка қолган пайтларида ич-ичларидан эзиладилар.
Характер хислати бўлган эл бўлиб кетишнинг, ўз навбатида, ҳар бир кишида баъзи бир хусусиятлари ҳам бўлади. Чунончи, киши нақадар эл бўлиб кетаверадиган бўлмасин, шунга қарамай ҳар бир кишининг бошқа одамларга ижобий муносабати бир хил бўлавермайди ҳар бир одамнинг бошқаларга қараганда ўзига энг яқин кўрган, кўнглига ёққан ошно-оғайниси бўлади. Ҳар бир одамнинг ўз ўртоқлари, дўстлари бўлади. Буни бошқача қилиб айтганда, кимгадир меҳр-муҳаббат қўйиши (садоқат) дейилади.
Одамлар билан муносабат, эл бўлиб кетиш доираси ҳар бир кишида турлича намоён бўлади. Бир хил одамларнинг ўртоқлари, дўстлари кўп бўлади бошқа бировларининг ошно-оғайнилари, дўстлари камроқ бўлади. Одамлар дўстлик муносабатлари ва меҳр-муҳаббатларининг барқарорлиги ёки беқарорлиги жиҳатидан ҳам бир-бирларидан фарқ қиладилар. Бир хил одамлар ўз дўстлик муносабатларида собит қадам, вафодор, меҳр-муҳаббатларидан ҳеч қачон айнимайдиган бўладилар. Бу–характернинг ижобий хислатидир, албатта.
Аммо одамлар билан муносабатида ёки биродарлигида беқарор, субутсиз, айнама кишилар ҳам бўлади, бундай кишиларнинг дўстлик ва меҳр-муҳаббатида тутириқ бўлмайди. Улардаги ёр биродарлик ҳисси баъзан жуда ҳам жўш уриб кетиши, шунингдек, дарров сўниб, йўқолиб кетмоғи ҳам мумкин. Бундай одамлар ҳали бошқа бир киши билан дўстлашиб кетаверади, бунисидан айниб, униси билан дўстлашади.
Одамлар билан муносабатдаги бундай тутуриқсизлик ҳам характер хислатидир, лекин у салбий хислат.
Одамлар билан кенг доирада ва барқарор эл бўлиш хислати, одатда, оптимизмдан иборат ижобий характер хислати билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Бу хислат олам ва ҳаётга беғубор ҳамда қувноқ назария билан қарашда ифодаланади. Характери эътибори билан оптимист одам ҳатто ҳаётида баъзи бир қийинчилик ёки муваффақиятсизликларга дуч келган пайтларда ҳам эртанги кунининг беғубор бўлишлигига қаттиқ ишонади.
Характернинг эътибори билан одамга эл бўлмайдиган, яккаланиб юрувчи кишилар бўлади. Улар шахсиятпараст, худбин бўладилар, бутун ҳаётида фикру-зикри ва ҳатти-ҳаракати фақат ўзининг шахсий манфаатини қондиришга қаратилган бўлади. Бундай одамлар фақат ўз роҳат фароғати, ўз фойдасинигина ўйлайди холос. Бундай шахсиятпараст ва худбин кишилар орасида одамлар билан чиқиша олмайдиган, жиззаки, одамларни ёқтирмайдиган, одамлар ҳам уларни ёқтирмайдиган шахслар бўлади. Бундай кишилар, кўпинча, ўтакетган худбин бўлади улар ҳеч бир нарсада бирор яхши томон кўрмайдилар ва кўришни истамайдилар. Одамларга ишонмайдилар, ўз кучларига ишонмайдилар.
Кишининг одамлар билан эл бўлиб кетиш даражаси бир одамнинг барча ҳатти-ҳаракатида айрим ҳулқ атворларида ва сўзларида намоён бўлади.
Кишининг ҳатти-ҳаракатлари ва сўзларида унинг бошқа одамларга бўлган сифатлари чунончи, самимийлик ҳаққонийлик каби сифатлари намоён бўлади.
Самимий ва ҳаққоний одам деб ҳатти-ҳаракати ва нутқида ҳар доим тўппа тўғрисини, ҳақиқатни айтувчи кишиларни айтамиз. Бундай одамлар қалби пок, ҳамма вақт тўппа-тўғрисини одамнинг бетига дангал айтувчи киши бўладилар.
Ўз сўзи ва ҳатти-ҳаракатларида самимий бўлмаган одамларни, бошқача «иккиюзламачи» «мунофиқ» деб айтадилар. Сўз бошқа-ю, иши бошқа бўлиб қолса, бу жуда ҳам ёмон бир ҳолдир. Бу ҳол мунофиқликка олиб боради.
Киши характерининг бундай салбий хислатлари унинг кўзбўямачилик, алдамчилик, қаллоблик, фирибгарлик сингари ҳатти-ҳаракатларида намоён бўлади. Ҳаёт шуни кўрсатдики бундай ҳатти-ҳаракатларни фақат айрим кишиларга нисбатангина қўлланиб қолмайди, ҳаттоки ўз жамоасига ва ўз давлатига нисбатан ҳам қўллайдиган одамлар учрайди.
Самимият ва ҳаққонийлик киши характерининг энг муҳим хислатларидан биридир. Бу хислатларни ўстириш тарбиянинг муҳим вазифасидир.
Киши характерининг яна бир ижобий хислати гуманизм «инсонпарварлик»дир яъни ҳар бир меҳнаткаш киши билан муносабатда унинг қадр-қимматини зўр эътибор ва сергаклик билан сақлашдир. Характернинг бу хислати кишилар тўғрисида ғамхўрлик кўрсатишда, ҳар бир кишида унинг яхши, ижобий, қимматли томонини топа билишда ифодаланади. Гуманизм меҳрибонликда, зийракликда, кишиларнинг руҳий ҳолатни, дилидаги туйғуларини тушуна билишда уларнинг эҳтиёжларини авайлай билиш ва ёрдам кўрсатишга тайёр тура билишда ифодаланади. Меҳрибон бўлиш – ҳушмуомала бўлиш демакдир.
Кишига эътибор, меҳрибонлик ва ҳушмуомалалик ҳам ҳар бир кишининг ҳатти-ҳаракатида ва сўзида намоён бўлади. Кишининг сўзи нақадар кучли таъсир кўрсатишини биз бундан олдин ҳам сўзлаб ўтган эдик. Кишиларга меҳрибон, эътибор билан қарайдиган одамнинг ширин сўзи улариинг руҳини кўтаради, уларга мадад беради, ғам-ғуссаларини енгиллаштиради, уларга умид бағишлайди дилларини шод қилади.
Инсонпарварлик билан бирга қўшилган ҳаққонийлик юксак ижобий характер хислатидир.
Афсуски, характерида салбий хислатга, яъни инсонпарварликка зид бўлган дағаллик анча ўрин олган кишилар ҳали ҳам учраб туради. Бундай салбий характер хислати ҳам шундай одамларнинг худбинлиги натижасидирки, у одамлар фақат ўзингни бил, ўзгани қўй «мислида» иш кўрадилар ва бошқа кишиларга, ҳатто ўз яқин одамларига ҳам ҳар қадамда фақат ёмонлик соғинишга тайёр турадилар. Бундай одамларнинг ҳатти-ҳаракатида ҳам, гап сўзида одатда ҳар доим заҳархандалик, менсимаслик, дағаллик ва бепарволик сезилиб туради, уларнинг бошқа одамлар билан муносабатдаги ҳатти-ҳаракати кишининг дилини вайрон қилади, кайфиятини бузади, кишида ўз кучига ишонмаслик, маъюслик, умидсизлик туйғуларини уйғотади. Худбин тўнг одам бошқа кишилар билан муносабатларида кўпинча сўзда ҳам, ишда ҳам бераҳм ва адолатсиз бўлади. Бундай одамлар ўзларининг салбий хусусиятларини, одатда, бошқаларга тўнкайдилар. Ҳар қандай, ҳатто читтаккина муваффақиятсизликлари сабабини ўзларидан эмас, балки бошқа кишилардан кўрадилар.
Бундай салбий характер хислатлари ўтмиш қолдиғи бўлиб ҳозирги вақтда барҳам топиб бормоқда. Характернинг бундай салбий хислатлари батамом барҳам топиб кетмоғи учун бизда ҳамма шароитлар яратилгандир. Худбин тўнг кишининг ҳар қандай нолойиқ ҳатти-ҳаракати ҳар бир жамоада дарҳол амалий зарбага учрайди, кенг жамоатчилик бундай нолойиқ ҳатти-ҳаракатни қаттиқ танқид остига олади. Маълумки, жамоатчилик танқидий тарбиялаш ва қайта тарбиялашнинг энг самарали воситасидир.
Киши характерининг меҳнатга бўлган муносабатида ифодаланадиган хислат айни вақтда унинг ирода кучини кўрсатадиган, шунингдек, кишининг бошқа одамларга, энг аввало, ўз жамоасига бўлган муносабатини ифодалайдиган хислат ҳамдир. Ахир, ҳар бир киши бошқа одамлар билан, ўз жамоаси билан фақат кимларгадир ижобий ва кимларгадир салбий муносабатда бўлиши орқалигина боғлиқ бўлиб қолмасдан, балки, асосан, меҳнат фаолиятидаги реал иштироки орқали боғлиқдир.
Киши характерининг ижобий хислати меҳнатни севиш, яъни меҳнатсеварликдир. Бундай характер хислати кишининг бирор ишни шунчаки бажариш эҳтиёжи билан боғлиқ бўлмай, балки уни яхшилаб бажариш эҳтиёжи билан боғлиқдир. Бундай хислат кишининг меҳнат фаолиятидаги ҳалоллиги, саранжом-саришталиги ва интизомлилиги билан боғлиқдир. Кишида бундай характер хислатининг мавжудлиги, меҳнатнинг бу кишида эҳтиёжга айланиб қолганлигидан далолат беради. Меҳнатни севиш, тежаш–эҳтиёт қилиш хислати билан яқиндан боғлиқдир.
Тежаб, эҳтиёт қилиб хўжалик юритадиган давр кишиси жамиятнинг муқаддас ва даҳлсиз асоси бўлган мулкни мустаҳкам сақлайди ва қўриқлайди. Эҳтиёткор одам мол-мулкнинг бузилиб, ёрилиб кетмаслиги учун, шунингдек, ўз буюмларинииг бутунлиги учун ҳам қайғуради. Бу унииг ўз зарур эҳтиёжларини бузиш ҳисобига дунё орттириш эмас, албатта.
Киши характерининг салбий хислати дангасалик, эҳтиёт қилмаслик меҳнатга бепарволик билан қараш, топшириқларни юзаки бажаришликдир. Бунга айрим кишилар онгида бўладиган меҳнатга бойваччаларча менсимай муносабатда бўлиш сингари эскилик қолдиқлари ҳам киради.
Киши характерининг бундай салбий хислатлари кўпинча маънавий жавобгарликни сезмаслик билан боғлиқ бўлади. Ҳалол меҳнат қилиш, жамият бахти-саодати, учун курашиш бизнинг асосий тамойилларимиздан биридир.
Do'stlaringiz bilan baham: |