Мактабгача тарбия ёшидаги болаларда идрокнинг ўсиши.
Мактабгача тарбия ёшидаги болаларда катталарнинг раҳбарлиги остида уй-рузғор меҳнатида иштирок қилиш ва ўйин фаолияти туфайли ихтиёрий идрок қобилияти ҳам ўса бошлайди. Ихтиёрий идрок болаларда тафаккур, ирода ва ихтиёрий диққатнинг ўсиши билан бирга таркиб топади.
Мактабгача тарбия ёшидаги болада кузата билиш қобилияти ҳам кўрина бошлайди. Кузата билиш қобилиятининг ўсишига табиат бурчакларида олиб бориладиган ишлар, сайр ва экскурсияга бориб туришлар ёрдам беради. Болалар нарсаларни катталарнинг раҳбарлигида катталар белгилаб берган мақсадга мувофиқ эътибор бериб кузатадилар. Кузата билиш мактабгача тарбия ёшида, асосан, тарбия жараёнида ўсиб боради.
Мактабгача тарбия ёшида фазони идрок қилиш қобилияти анча тараққий қилади. Мактабгача тарбия ёшидаги бола ўйин вақтида, маиший ҳаётда турли-туман нарсалар билан турли иш-ҳаракатлар бажаради. Бола кўп югуради, маълум масофагача югуриб юради. У расм солади, лойдан бирон нарса қилади, тузиш-кўриш билан шуғулланади. Бу ишларнинг ҳаммаси боланинг фазо идрокларининг ўсишига ёрдам беради. Бола икки ўлчамли ва уч ўлчамли (текис ва ҳажмли) нарсаларни ажрата билади. У қанча узоқ масофада турган нарсаларнинг шаклини, катта-кичиклигини, қайсиси узоқ, қайсиси яқинроқ турганини мўлжал билан айта олади.
Мактабгача тарбия ёшида вазиятни идрок қилиш қобилияти ҳам такомиллашади. Шу ёшдаги бола «энди», «кейин», «илгари», «аввал» ҳамда «кеч келиш», «вақтида келиш», «узоқ пойлаш», «тез бўлиш» каби сўзларнинг маъносига тушунадиган бўлади. Демак, бу ёшдаги болалар вақт ҳақида тасаввур ва баъзи тушунчаларга эга бўладилар.
Болаларнинг ўйин фаолияти уларда вақт ҳиссининг ўсишига анчагина ёрдам беради. Ўйин вақтида доимо ўз ҳаракатлари ва ўйинга катнашган шерикларининг ҳаракатларига эътибор беришга, ҳаракатларнинг суръатини, жадаллигини ҳисобга олишга, ўйин (ҳаракат) натижасини кутишга тўғри келади.
Шунингдек, болаларнинг кучига яраша меҳнат қилганда ҳам ҳаракатдаги илдамлик, чаққонлик ёки сусткашликка эътибор бериши зарур бўлиб қолади. Кўпинча катталар ҳам боланинг бирон юмушни жадаллик, чаққонлик билан бажаришини талаб қиладилар. Болалар катта ёшдаги кишиларнинг «тез бўл» деган буйруқларини бажариш учун ҳаракатларини тезлатишга тиришадилар. Болаларнинг ўзлари ҳам бирон нарсани «тезроқ» бажариш учун «жадал» ҳаракат қиладилар.
Болалар боқчасида ва оилада белгиланган қатъий режим болаларда вақт ҳиссини ўстиришга ёрдам беради. Болалар ҳар куни белгиланган бир маҳалда ухлашлари, овқат ейишлари, бир иш ёки ўйин ва ҳоказолар билан машғул бўлишлари лозим бўлади. Олти-етти яшар болалар вақтни соатга қараб била бошлайдилар.
Мактабгача тарбия ёшидаги болаларда анча мураккаб музика асарларини чолғу ва ашулани тинглаш ва тушуна билиш қобилияти ўсади. Болаларбоқчада музика асбобида чалинган маълум бир куйга мослаб юрадилар, чопадилар, рақс қиладилар. Музика оҳангларини ажрата билиш қобилияти ҳам бу ёшда анча улғаяди, шу сабабли, болалар музика ва ашулани ўрганадилар.
Мактабгача тарбия ёшидаги болаларда сурат ва расмларни кўриб тушуниш қобилияти ўса бошлайди. Уч-тўрт яшар болалар расмда тасвир қилинган нарсаларни бирма-бир кўрсатадилар, аммо шу нарсаларни расмда тасвирланган иш-ҳаракатларини ва уни натижаларини ҳамма вақт тўғри идрок қилавермайдилар. Олти-етти яшар болалар мазмуни улар учун тушунарли бўлган сурат ва расмларни кўрганларида уни ҳикоя қилиб бера ва муҳокама қила оладилар, суратда тасвирланган ҳаракат ва воқеаларни ҳам кўриб тушуна ва ажрата биладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |